Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:11

“Бурнигача қарзга ботган”. “Ўзбекистон темир йўллари”да реструктуризация


Ўзбекистонда темир йўллар тизими президентнинг садоқатли мулозими Очилбой Раматов (ўртада) назоратида экани айтилади.
Ўзбекистонда темир йўллар тизими президентнинг садоқатли мулозими Очилбой Раматов (ўртада) назоратида экани айтилади.

Қарзга ботган “Ўзбекистон темир йўллари”да реструктуризация - компания еттита ширкатга бўлинмоқда.

Компаниянинг жами қарзи қанчалиги очиқланмади, бироқ қарзларни тўлаш муддати яна 5 йилга узайтирилди ва 150 миллион долларлик янги кредит ажратилмоқда.

Қарздан қутулиш учун компаниянинг айрим биноларини сотувга қўйиш, ишчи-ходимлар сонини қисқартириш кетяпти.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 25 сентябрида темир йўл тизимидаги камчиликларни кескин танқид қилди ва орадан икки ҳафта ўтиб ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилишга оид янги қарорни имзолади.

Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги йўловчи поездларда чипта нархлари оширилишини эълон қилди.

“Темир йўллари” бурнигача қарзга ботган”

Озодлик “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясида ишловчи бир нечта манба билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, компания сўнгги йилларда олинган кредитларни қайтара олмай “фалажланиб” қолгач, тизимни ислоҳ қилишга қарор қилинган.

“Сўнгги йилларда олинган кредитларнинг сонини бошлиқларнинг ўзи ҳам аниқ билмаса керак. Тошкентдаги метро қурилиши, Қамчиқ довони қурилиши каби йирик лойиҳалар учун жуда катта миқдорда қарз олинди. Кейин ўнлаб кичик лойиҳалар учун ҳам турли миқдордаги кредитлар олинган. Электровозларнинг ҳаммасини кредитга оляпмиз. Зарур жиҳозлар, эҳтиёт қисмлари ҳам кредитга олиняпти. Сўнгги бир йилда ишчиларнинг ойликлари ҳам фақат кредит ҳисобидан бериб келинди. Олинган кредитларни қайтариш фурсати келганда ҳамма бошини ушлаб қоляпти. “Темир йўллари” бурнигача қарзга ботган. Битта қарор билан вазиятни ўнглаш амримаҳол”, деди “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясида ишловчи манба исмини очиқламаслик шарти билан.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг қарзлари масаласи билан боғлиқ

муаммо расман тан олинган бўлса-да, муаммо тафсилотлари очиқланмади.

Президент қарорига кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари бўйича асосий қарзини тўлаш муддати фоиз ставкалари ўзгармаган ҳолда беш йилга узайтирилди. Ҳукумат бу қарзларнинг аслида қанчалигини эълон қилмади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2014 йилда “Қамчиқ” довони орқали ўтадиган йўл қурилиши учун “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига 280 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратгани хабар қилинган эди.

2017 йилда эса ушбу жамғарма томонидан Тошкент шаҳрида Юнусобод метро линияси қурилиши учун 140 миллион доллар ажратилгани маълум. Бироқ компаниянинг жамғармадан умумий қарзи миқдори номаълум.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг халқаро кредитлари миқдори ҳам маълум эмас. Очиқ маълумотларга кўра, биргина “Қамчиқ” довонидаги йўл қурилиши учун Хитойнинг “Эксимбанк”и томонидан 350 миллион долларлик кредит ажратилган.

Бир йил аввал “Ўзбекистон темир йўллари” 34та электропоезд ва 100та вагонни немис банки кредити ҳисобидан харид қилаётгани хабар қилинган эди. Кредитнинг аниқ суммаси маълум эмас.

Тўрт йил аввал эса Осиё тараққиёт банки “Ўзбекистон темир йўллари”га 16та юк ташувчи ва 8та йўловчи ташувчи электровозлар сотиб олиши учун 170 миллион доллар кредит ажратган эди.

2017 йили эса Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги темир йўлларнинг 145 километрини электрлаштириш лойиҳасига 80 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган эди.

Бу рақамлар “Ўзбекистон темир йўллари” олган хорижий кредитларнинг бир қисмигина. Компания олган хорижий кредитларнинг умумий миқдори очиқлангани йўқ.

Озодлик 12 октябр куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг мулозимлари билан боғланиб, компания қарзлари борасида сўради. Бироқ мулозимлар “телефон орқали маълумот берилмаслиги”ни айтиш билан кифояланди.

2022 йил якунларига кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” 1,17 трлн сўм зарар кўрган.

“Коррупция Темир йўлларнинг бошига етди”

“Ўзбекистон темир йўллари” компаниясида ишловчи манба компаниядаги муаммоларни тизимда авж олган коррупция билан боғлади:

“Олинган кредитларнинг ҳаммаси ҳам ўз ўрнида фойдаланилмади. Баъзи бошлиқларимиз қўша-қўша машиналик, данғиллама уйлик бўлишди. Уларга “обнал” схемаси жуда яхши иш берди. Масалан, метро қурилиши учун материал олиш деб расмийлаштириб, пулини чўнтакка уришди. ДХХ қаттиқ текширди. Лекин бир-иккита одамларнинг бўйнига қўйиб, “наҳангларимиз” вазиятдан чиқиб кетишди. Коррупция тизимни еб битирди. Энди ейдиган нарсанинг ўзи қолмагач, коррупция тизимнинг бошига етгач, ислоҳот қиладиган бўлишяпти. Бундан бирор фойда бўлишига кўзим етмайди”.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ олган кредитларнинг миқдори маълум эмас
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ олган кредитларнинг миқдори маълум эмас

Ушбу компанияда ишловчи яна бир манба тизимдаги коррупциявий схемалардан бирини шундай тасвирлади:

“Бошлиқлар одатда фирма очиб, ўзининг бирор одамига расмийлаштиради. Масалан, тепловозларни таъмирлайдиган фирма очади. Тепловоз 3000 долларга таъмирланган бўлса, ҳужжатда уни 30 000 доллар деб расмийлаштиради”.

Манбалар тилга олган ушбу схема ўтган йили ДХХ ўтказган текширувлар орқали ҳам аниқланган. Тошкент шаҳар Миробод туман суди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг бир қанча мулозимини давлат мулкини талон-торож қилиш, бажарилмаган ишни қоғозда “бажарилди” деб расмийлаштириб, мўмай даромад орттирганликда айблаб, узоқ йилларга қамади.

Жумладан, 2021 йилнинг 24 мартида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармаси бошлиғига ўринбосар этиб тайинланган Рашид Сайдуллаев 11 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Поезд чипталари қимматлади

Темир йўл тизимидаги ислоҳотлар хабари билан бир вақтда Транспорт вазирлиги аҳолини темирйўл чипталари нархлари қимматлашини маълум қилди.

Вазирликка кўра, жорий йилнинг 20 октябридан маҳаллий йўналишлардаги

Afrosiyob поезди чипталари қимматлайди
Afrosiyob поезди чипталари қимматлайди

йўловчи поездлари чипта нархлари 50 фоизга, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари чипталари тўлиқ нархининг 100 фоизга оширилишини маълум қилди.

“Хоразмга бориб келиш 2,5 миллион сўмга тушяпти. Бу 250 доллар дегани! Бунча пулга, дейлик, Мадриддан Истанбулга бориш-келиш чиптасини олса бўлади. Инсоф ҳам керак-да! “Ўзбекистон темир йўллари” монопол корхона сифатида тарифни кўтаради. Фойдаланувчи ҳам ўзи, харид қилувчи ҳам ўзи, хизмат кўрсатувчи ҳам ўзи! Бунақа амалиёт дунёда йўқ!

Менимча, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тариф қўмитаси бўлиши керак. Яъни тарифлар билан монопол компания эмас, мустақил тузилма шуғулланиши лозим. Қолаверса, нарх-навони оширишда ойлик маош, истеъмол саватига қараш шарт”, дейди тошкентлик суҳбатдош.

“Ёппасига ишдан бўшатиш бошланди”

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖда ислоҳотлар эълон қилиниши билан ишчи-ходимлар сонини қисқартириш бошланган. Бу ҳақда Озодликка ушбу компанияда 15 йилдан бери ишлаб келаётган ходим маълум қилди:

“Оммавий қисқартириш бошланди. Ҳамма қўрқиб қолган. Ўзим ҳам бирор логистик фирмага ўтиб кетишни режалаяпман. Битта станцияни ёпиб, унинг ишини қўшни станцияга ўтказиб юборяпти. Жуда кўпчиликни ўз ҳисобидан дам олишга чиқаришяпти. Ишчиларга ойлик тўлашга пул йўқ. Компания балансидаги жуда кўп бинони сотиш режаланмоқда. Ходимларни қўшни бўлимдаги биноларга ўтказяпти ёки “без содержания” отпуск бериб юборяпти”.

“Ўзбекистон темир йўллари” тизимида 25 йилдан бери ишлаётган ишчи ҳам қисқартишлардан норози:

“Охирги вақтларда бизларга нисбатан ноҳақлик бўляпти. Ойлик вақтида берилмаяпти. Ишхонамизда ярмидан кўп ходим қисқаришга тушиб, бошқа ишхоналарга жўнатилди ёки бўшатилди”.

Озодликка йил давомида темирйўлчилардан ишдан бўшатишдан норозилик билдирилган кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

Ўзбекистон темир йўллари”нинг Озодлик боғланган мулозими ишдан бўшатишлар бўйича саволларни ҳам жавобсиз қолдирди.

Сут соғиб, картошка эккан темирйўлчилар

Таҳлилчилар темир йўл тизимидаги инқирозни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг ўз соҳасига тегишли бўлмаган ишлар билан шуғулланиб келгани билан ҳам боғламоқда.

“Охирги 7 йилдаги реалликларга қаралса, Ўзбекистон темир йўллари картошка, кўприк, футбол, метро ва яна ўнлаб ўзига хос бўлмаган самарасиз ишлар билан машғул бўлган бўлиши мумкин. Лекин темир йўллари биланмас, юк ташиш ё йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан эмас”, дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Kun.uz нашри журналистлари “Ўзбекистон темир йўллари”нинг улушлари бўлган ширкатларни санаган. Улар орасида кўприк ва метро қуришдан ташқари сут берадиган қорамолларни кўпайтириш, плита, печка ишлаб чиқариш ва хатто радиоэшиттириш билан шуғулланадиган фирмалар ҳам бор.

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг улушлари бўлган ширкатлар:

  • “Кўприкқурилиш” унитар корхонаси
  • “Эйвалек махсус темир бетон” МЧЖ
  • “Шарғун кўмир” АЖ
  • “Термопроже” МЧЖ (плита, печка ва печка горелкалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади)
  • “Giraffe crane” МЧЖ (Фаолият тури - радиоэшиттириш)
  • “Янги замон бино” МЧЖ
  • “Темирйўл обод” МЧЖ
  • “UZXCMG” МЧЖ (Фаолият йўналиши – тоғ-кон саноати ва ерости конлари учун техника ишлаб чиқариш)
  • “Гулобод мева” МЧЖ (йирик шохли қорамолларнинг сут берадиган зотларини кўпайтириш билан шуғулланади)
  • “Наврўз боғи” МЧЖ
  • “Локомотив” футбол клуби
  • “Локомотив истироҳат боғи” МЧЖ
  • “Сардоба мева-сабзавот логистика маркази” МЧЖ
  • “Угaм-Чотқол давлат биосфера резервати” унитар корхонаси

Темир йўл тизими ислоҳ қилиниши эълон қилингач, "Ўзбекистон темир йўллари"нинг носоҳавий активларда иштироки қатъий тақиқланиши маълум қилинди. Бу ҳабар bakiroo Телеграм каналида истеҳзо билан қаршиланди:

“Темир йўллари“Локомотив” ПФК ва ароқ заводига ҳам эгалик қилган. Яна шунингдек, Ўзбекистон темир йўллари ўзининг шўъбалари орқали меҳмонхоналар, санаториялар, шифохоналар ва ҳатто қўриқхоналарга эгалик қилади. Яъни давлат ичидаги давлат. Энди шу давлат ичидаги ёпиқ давлат ҳар ишга қодир, сеҳргар, универсал Раматов бошчилигида кичрайишига, очилишига, ислоҳ қилинишига, тижорий компанияга айланишига ишониш керак бўлмоқда”.

Мирзиёев "Темир йўллар"ни тубдан ислоҳ қилмоқчи

“Ўзбекистон темир йўллари” компаниясида 2,5 ой аввал амалга оширилган кадрлар реструктуризацияси ҳам иш бермагач, президент Мирзиёев соҳани тубдан ислоҳ қилиш борасида қарор қабул қилди.

Мирзиёевнинг 10 октябрдаги қарорига асосан, “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси жорий йил охиригача бир неча ширкатга бўлиб ташланади.

Жумладан, янги тузилаётган “Темирйўлкарго” ширкати юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мультимодал “эшикдан эшиккача” ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини бошқариш билан шуғулланади.

Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 январидан поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилади ва тизимни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилади.

Саноатни ривожлантириш жамғармасидан юк ва йўловчи вагонлари ишлаб чиқариш учун 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги янги кредит ажратилмоқда.

12 октябрь куни Ўзбекистон Чехиянинг Škoda ширкатидан 30 та электропоезд сотиб олиш бўйича шартнома имзолагани маълум бўлди. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов буни “инқилобий келишув” деб атаган. Škodaнинг 320 миллион евролик ушбу лойиҳасини чех банклари молияламоқда.

4 октябрда Москвада “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Россия темир йўллари” билан имзолаган меморандумда икки ўртадаги ҳамкорликни ривожлантириш кўзланган.

Ўтган ойда эса Германиянинг Rhenus Group ширкати билан Ўзбекистон темирйўлчилари имзолаган шартномага кўра, Андижон ва Самарқандда янги терминалларни ишга тушириш режаланган.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Очилбой Раматов (ўнгдан биринчи)
Президент Шавкат Мирзиёев ва Очилбой Раматов (ўнгдан биринчи)

Президент Мирзиëевнинг садоқатли мулозимларидан саналадиган Очилбой Раматов темир йўллар тизимига “бош назоратчи” ҳисобланади. “Ўзбекистон темир йўллари”ни 19 йил бошқарган Очилбой Раматов ҳозирда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида транспорт соҳасига масъул саналади. Шунингдек, Раматов “Ўзбекистон темир йўллари” кенгаши таркибида ҳануз бор.

“Темирйўл қураман, кўприк соламан, деб беармон қарз олинган. Мулозимлар кўпини “откат” қилиб чўнтагига урган. Айниқса, Хитойдан қарзлар жуда кўп. Нега темир йўл ширкати ўзи олган қарзларни сиз-у бизнинг гарданимизга юклаяпти? Нега бировлар чет элга ташиб кетган пулларни биз қоплашимиз керак? Нега қарзларни унинг “ҳузурини кўрганлар” ёпмайди? Очилбой Раматов тўласа бўлмайдими?!”, дейди темир йўл тизимига алоқадор ширкат мулозими.

Раматов- Озодликнинг “Мирзиëев сири: Тоғлар бағрига яширилган қароргоҳ ва сув омбори” номли суриштируви қаҳрамонларидан саналади.

Бу суриштирувда Шавкат Мирзиëев президентликка келиши билан Очилбой Раматов бошчилигидаги “Ўзбекистон темир йўллари” Оҳангарон тоғларида махсус дам олиш қароргоҳи ва сув омбори қургани, бу лойиҳанинг йиллардан бери жамоатчиликдан сир тутиб келингани ва унинг иқтисодий аҳволи оғирлашиб бораëтган Ўзбекистон бюджетига юзлаб миллион долларга тушгани айтилган.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG