Халқаро хабарлар
Туркия Исроилга қарши БМТ судига берилган даъвога қўшилди
Анқара Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлар туфайли Исроилга қарши Жанубий Африка Республикаси томонидан БМТ халқаро судига берилган даъво аризасига қўшилди. Бу ҳақда Туркия Буюк миллат мажлиси (парламенти) маълумот тарқатди.
Шу тариқа Туркия Ғазо секторида ХАМАС гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) қарши ҳарбий амалиёт манзарасида Исроилни жавобгарликка тортишни талаб қилиб чиққан еттинчи мамлакатга айланди. Исроиллик расмийлар Ғазодаги ҳарбий амалиёт ХАМАСчиларнинг ўтган йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумига жавоб ўлароқ бошланганини айтиб келишади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ғазодаги воқеаларни бир неча бор “фаластинликлар қатлиоми” деб атаган. Исроил бу айбловларнинг барчасини рад этган.
Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) Исроилга қарши даъво аризасини Ҳаагадаги БМТ халқаро судига 2023 йилнинг декабрь ойида киритган. Май ойи охирида халқаро суд Исроилга Ғазо секторининг Миср билан чегарасида жойлашган Рафаҳ шаҳридаги жанговар амалиётни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берган. Бундан ташқари, суд геноцидга оид маълумотларни тергов қилиш учун халқаро инспекторлар гуруҳини Ғазога киритишга чақирган.
Туркиядан ташқари ЖАРнинг даъво аризасига Никарагуа, Колумбия, Ливия, Мексика, Испания ва Фаластин мухторияти қўшилган.
БМТ халқаро судининг қарорлари бажарилиши мажбурий бўлиб ҳисобланмайди, бироқ улар халқаро ҳуқуқ жиҳатидан ўз вазнига эга бўлиб, Исроилга нисбатан бошқа мамлакатлар дастаги сусайишига сабаб бўлиши мумкин.
Кун янгиликлари
Қирғизистонда Интернет ва ОАВдаги туҳмат учун $230 жарима тайинланиши мумкин
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга тузатишларни имзолади. Ҳужжатда Интернет ва оммавий ахборот воситаларида туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик ҳам назарда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, туҳмат ва ҳақоратда айбдор деб топилган жисмоний шахслар 20 минг сўм (тақрибан 230 АҚШ доллари), юридик шахслар эса 65 минг сўм (қарийб 750 доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Қонунда бу каби ҳуқуқбузарликлар бўйича баённомаларни ИИВ ходимлари тузиши, кейин эса уларни судга ошириши кўзда тутилган.
Мазкур қонун лойиҳаси Қирғизистон парламенти томонидан 2024 йил декабрида кўпчилик овоз билан маъқулланган, айни пайтда депутатлардан тўрт нафари унга қарши чиқишган. Лойиҳа ташаббускори Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги бўлган.
Қирғизистон омбудсмени Жамила Жаманбаева “сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинлигига риоя қилинишини таъминлаш” зарурлигини билдириб, расмийларни бу тузатишларни қайтариб олишга чақирган.
Президент Садир Жапаров мазкур қонун лойиҳаси юзасидан изоҳ бераркан, “Қирғизистонда сўз эркинлиги аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор ва келажакда ҳам бўлади”, дея урғулаган.
“Ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумот тарқатманг, исбот-далилсиз бировга туҳмат қилманг, кимнингдир обрў-эътиборига дахл қилманг. Сиз мамлакат бўйлаб истаган жойингизда, шу жумладан расмийларга қаратилган танқид ёки талабларингизни билдиришингиз мумкин, бироқ буларни далиллар билан айтишингиз лозим”, деган мамлакат президенти.
Италияда DeepSeek нейротармоғига нисбатан текширув бошланди
Италиянинг Шахсий маълумотлар ҳимояси кафолати ташкилоти Хитойнинг DeepSeek нейротармоғини ишлаб чиқарган ширкатдан италиялик мижозларга тегишли маълумотларни қайта ишламасликни талаб қилди. Бу эса, агар мамлакатдаги алоқа операторлари ва интернет-провайдерларга тегишли топшириқ берилса, Италияда мазкур хизмат блокировга қилиниши мумкинлигини англатади.
Регулятор хизмат ишлаб чиқарувчиларига Европа қонунчилигига риоя қилиш талабномаси билан мурожаат қилганини билдирди. Хитой ширкатлари бунга жавобан Европада иш олиб бормаётганлари ва Европа қонунларига бўйсуниш мажбурияти йўқлигини қайд этишган. Регулятор бу жавобни қониқарли эмас деб топиб, эҳтимолий қонун бузилиши юзасидан текширув бошлаган.
Ташкилот талабномаси ортидан DeepSeek ўз иловасини Италия онлайн дўконларидан ўчириб ташлаган, бироқ сайт орқали ишлашда давом этмоқда, деб ёзган Il Sole 24 Ore газетаси. Ўчириб ташланишидан олдин нейротармоқ мамлакатда энг кўп юклаб олинаётган иловага айланган эди.
Европа Иттифоқида амалда бўлган Маълумотларни ҳимоялаш бўйича умумий регламентда, агар IT-ширкатлар ЕИ аҳолиси маълумотларини қабул қилаётган бўлсалар, ҳужжат юрисдикцияси бутун дунёдаги ширкатларга тегишли бўлиши кўзда тутилган. Регламент талаблари бажарилмагани учун ширкатларга 20 миллион еврогача ёки йиллик айланмасининг 4 фоизидан бошлаган миқдорда жарима солиниши мумкин.
Хитойнинг DeepSeek стартапи тақдим этган сўнгги сунъий интеллект моделлари ҳақида Озодлик аввалроқ мақола эълон қилганди. Бепул юклаб олиниши мумкин бўлган DeepSeek иловаси OpenAI маҳсулоти бўлган ChatGPTга муқобил бўлиб, нақафат IT дунёси, балки жаҳон молия бозорида ҳам талотумга сабаб бўлган эди.
Мирзиёев Трампга ҳамдардлик мактуби йўллади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтондаги аэропорт яқинида рўй берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсон қурбон бўлгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампга таъзия мактуби юборган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Америка халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этди”, дейилган хабарномада.
Рональд Рейган номидаги аэропорт яқинида 29 январь куни содир бўлган авиаҳалокат натижасида қурбон бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 67 кишига етган.
Чоршанба оқшомида Bombardier CRJ-700 йўловчи учоғи инаётган пайтда Sikorski H-60 ҳарбий вертолёти билан тўқнашиб кетгани ортидан Потомак дарёсига қулаб, ғарқ бўлганди.
30 январь куни президент Трамп авиаҳалокат муносабати билан Оқ уйдан америкаликларга мурожаат қилган.
“Мен сизларга мамлакатимиз учун оғриқли соатларда мурожаат қиляпман”, деган Дональд Трамп ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этди.
У фожиа оқибатида ҳеч ким тирик қолмаганини маълум қилиб, авиаҳалокат сабабларини аниқлаш учун барча зарур чоралар кўрилажагини билдрган. Бунга оид текширув Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси, Транспортдаги хавфсизлик бўйича миллий кенгаш ва Пентагон томонидан олиб борилади.
Юртдошларини фожиа атрофида миллий бирлашувга чақирган Трамп салафлари фаолиятини танқид қилди. У аввалги президентлар даврида қабул қилинган инклюзивлик дастурлари туфайли Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (ФАБ) етарли даражада малакага эга бўлмаган ходимларни ишга қабул қилганини билдирди.
“Мен хавфсизликни биринчи ўринга қўяман. Обама, Байден ва демократлар биринчи ўринга сиёсатни қўйишади”, деган у.
Трамп АҚШ Корчалонлик авиацияси миллий ассоциацияси собиқ раҳбари бўлган 78 ёшли Крис Рочелауни ФАБ раҳбари в.б. этиб тайинлаганини эълон қилди. Бошқарманинг олдинги раҳбари Майк Уитакер Трамп президент этиб сайлангани ортидан истеъфога кетган. Бундан аввал Трампнинг сайловолди кампаниясидаги энг асосий иттифоқчиларидан бири бўлган миллиардер Илон Маск Уитакерни ишдан бўшашга чақирган эди.
Швецияда Қуръон ёққан ироқлик қочқин отиб кетилди
Швецияда 28 январь куни ироқлик қочқин Салван Момика отиб кетилди. У Қуръони каримни намойишкорона ёқилиши тадбирини уюштирган шахс сифатида танилган эди.
38 ёшли Момика ўзига қарши суд ҳукми чиқишига бор-йўғи бир неча соат қолганда Седерталье шаҳрида ўлдириб кетилган. Бу ҳақда Швециянинг SVT телевидениеси хабар қилди.
Мазкур иш бўйича Момикадан ташқари яна бир киши судланиши лозим эди. Суд ҳукмининг эълон қилиниши бошқа кунга қолдирилган, иккинчи айбланувчи эса Х ижтимоий тармоғида: “Кейинги қурбон менман”, деб ёзган.
Полиция Момика ўлими бўйича тергов ишларини олиб бормоқда (расмий хабарларда унинг исми айтилаётгани йўқ). Швеция нашрлари ироқлик қочқин чоршанба оқшомида ўз уйида TikTok ижтимоий тармоғида стрим олиб бораётган пайтда отиб кетилгани ҳақида ёзишмоқда. Мазкур жиноятни ким содир этган бўлиши мумкинлиги юзасидан ҳозирча ҳеч қандай тахмин олға сурилаётгани йўқ.
Салван Момика аввалроқ Швециядан бошпана олган. У ўзини атеист деб атар ва аксилисломий кескин баёнотлар билан чиқишлар қилиб турарди. 2023 йилда у бир неча марта Қуръон ёқиш акциясини ўтказган, бу ҳолат қатор мусулмон ўлкаларида қоралашларга ва радикал исломчилар томонидан террор хуружи таҳдидларига сабаб бўлган. Туркия бу акцияларни мисол келтирган ҳолда, Швециянинг НАТОга киришига розилик бериш жараёнига тўсқинлик қилиб келган.
Швеция расмийлари 2023 йилда Момика бошпана олиш чоғида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этганлигини билдиришиб, уни депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилишган, бироқ Ироқда унга қийноқ ва ғайриинсоний муомала таҳдид солиши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда депортация қарори амалга оширилган эмас.
Италияда бош вазир Мелонига қарши тергов бошланди
Рим прокуратураси Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан қидирилаётган ливиялик дала қўмондонининг бадарға қилинишига оид иш бўйича Италия бош вазири Жоржа Мелони ва икки вазирга қарши тергов бошлади. Euronews хабарига кўра, тергов бошланганини Мелонининг ўзи эълон қилган.
Италия бош вазири Усома ал-Масрий номи билан танилган Усома Анжиемага ёрдам кўрсатганликда айбланмоқда.
Мелонига кўра, тергов адлия вазири Карло Нордио ва ички ишлар вазири Маттео Пьянтедозига ҳам қарши олиб борилмоқда.
Айблов юзасидан изоҳ бераркан, Мелони: “Кеча тўғри бўлган нарса бугун ҳам тўғри бўлиб қолмоқда. Мени шантаж қилиб ва қўрқитиб бўлмайди”, дея билдирган.
Жоржа Мелони ҳукумати ал-Масрий Халқаро жиноят суди ордерига кўра Туринда ҳибсга олинганидан кейин озод қилиб юборилганидан кейин мухолифат, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда ХЖС томонидан танқидга учраган.
Жанубий Судандаги авиаҳалокат оқибатида 20 киши нобуд бўлди
Жанубий Суданда йўловчи учоғи қулаши оқибатида 20 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, учоқ нефтчиларни олиб кетаётган бўлган ва мамлакат шимолидаги нефть конидан пойтахт Жубу томонга парвоз қилганидан кўп ўтмай қулаб тушган.
Кон Хитой ва Жанубий Судан давлат ширкатлари томонидан қазилмоқда. Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар Хитой фуқароси ва бир ҳиндистонлик бор.
Учоқ бортида йўловчи ва учувчилар дохил 21 киши бўлган. Улардан фақат бир киши тирик қолган, унинг ҳам жароҳати оғир экани айтилмоқда. Авиаҳалокат сабаблари ҳозирча маълум эмас.
АҚШ: Вашингтон яқинида йўловчи учоғи ҳалокатга учради
Йигирма тўққизинчи январь оқшомида АҚШ пойтахти яқинида ҳарбий вертолёт билан тўқнашиб кетган American Airlines авиаширкатига қарашли маҳаллий йўловчи учоғи ҳалокатга учради.
Дастлабки маълумотларга кўра, Канзасдаги Уичито шаҳридан Вашингтонга парвоз қилаётган учоқ бортида 60 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган.
Bombardier CRJ700 учоғининг Sikorski H-60 ҳарбий вертолёти билан тўқнашуви Рональд Рейган номидаги аэропортга яқин жойда содир бўлган. Йўловчи учоғи Потомак дарёсига қулаган.
Авиаҳалокат қурбонлари ҳақида аниқ маълумот ҳозирча йўқ. Ҳозиргача 18 кишининг жасади сувдан олиб чиқилгани айтилмоқда. “Тез ёрдам” машиналари Потомак соҳилига тизилган.
CNN телеканалининг ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган манбаси иддаосича, қутқарувчилар ҳали сувдан биронта ҳам тирик одамни олиб чиқишга муваффақ бўлишган эмас. Манбага кўра, учоқ дарёга қулаганидан кейин иккига бўлиниб кетган, вертолёт ҳам ундан узоқ бўлмаган жойга қулаган.
Ҳодиса ортидан Рейган номидаги аэропортда учоқларнинг учиш-қўниши бекор қилинган.
АҚШ президенти Дональд Трамп ўзига “Рейган Миллий аэропортида содир бўлган мудҳиш ҳодиса ҳақида” хабар берилганини маълум қилган.
Транспортдаги хавфсизлик бўйича миллий кенгаш нохуш ҳодиса ҳақида қўшимча маълумот йиғаётганини билдирган.
Бу Қўшма Штатларда 2009 йилдан буён инсонлар ўлимига олиб келган илк авиаҳалокат бўлиб ҳисобланади.
Аҳмад аш-Шараа Суриянинг янги президенти деб эълон қилинди
Суриялик исёнчилар лидери Аҳмад аш-Шараа “ўтиш даври ҳукумати” амалда бўлган пайтда мамлакатнинг янгги президенти ўлароқ эълон қилинди. Бу ҳақда “Ал-Арабия” телеканали ва Яқин Шарқдаги бошқа оммавий ахборот воситалари хабар қилишди.
Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан ҳам танилган Аҳмад аш-Шараа 2024 йил ноябрь ойи охири – декабрь ойи бошларида Башар Асад диктатурасига қарши қуролли исёнга етакчилик қилган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган) исломий гуруҳи раҳбари бўлиб ҳисобланади. Ўша пайтда Башар Асад ҳукумати ағдарилган, Асаднинг ўзи Москвага қочган ва аш-Шараа феълан мамлакат янги раҳбариятининг етакчисига айланган эди.
Асад мамлакатдан қочганидан кейин аш-Шараа уни қулатишда иштирок этган қуролланган гуруҳларнинг барчаси тарқатиб юборилиши лозимлиги, унда қатнашган шахслар эса давлат тузилмаларида жой эгаллаши кераклигини билдирган. Шунингдек, аввалги армия ва хавфсизлик хизмати ҳам тарқатиб юборилган. Суриянинг 2012 йилда қабул қилинган конституцияси бекор қилинган. Янги қонунчилик ўтиш ҳукумати томонидан яратилиши керак.
Аш-Шараа “ўтиш даври”дан сўнг Суриянинг доимий ҳукумати сайловлар натижасида шакллантирилиши лозимлигини билдирган, бироқ “ўтиш даври” қанча давом этиши мумкинлигига аниқлик киритган эмас.
БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен ўтган йилнинг декабрь ойида Дамашққа бориб, у ерда мамлакатнинг янги раҳбарияти билан учрашган. Ўшанда у: “Янги Суриянинг бошланишини кўришга умид бор”, дея некбинона тахмин айтганди.
Путинга шикоят қилган қирғизистонлик муҳожир Россиядан чиқариб юборилади
Свердловск вилоятида суд Қирғизистон фуқаросини беш йил мобайнида Россияга киришни тақиқлаш билан мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарди. 32 ёшли қирғизистонлик Аваз Абдуллаев аввалроқ Россия президенти сайтига шикоят йўллаган эди.
ЕАН ахборот агентлигининг Урал қочқинлар ассоциацияси президенти Людмила Лукашевадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, қирғизистонлик Россия президентининг мигрантлар бадарға қилинишига 2025 йил 30 апрелигача мораторий жорий этилиши тўғрисидаги фармонига мувофиқ ўзидан ариза қабул қилишдан бош тортилгани дохил бир неча ариза билан мурожаат қилган.
Бундан ташқари, Абдуллаев Владимир Путиндан ўзини вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан озод қилишни сўраган, чунки, унга кўра, “бу ерда мавжуд шароит узоқ муддатли ҳибсда сақлаш умум меъёрларига мувофиқ эмас”.
Қирғизистон фуқароси Первоуральскдаги Хорижлик фуқароларни вақтинча сақлаш марказида (ХФВСМ) нолегал сифатида ушлаб турилган. Унинг ўзи нолегал эмаслигини ва қонунга зид равишда қўлга олишганини таъкидлаяпти. Абдуллаев унинг номида квартира борлигини ва у ўша ерда қайд қилинганини айтмоқда.
Лукашева қирғизистонликнинг камерасига киришиб, ундан “юмшоқ оҳангда шикоят ва аризаси йўқлиги ҳақида ёзиб беришни сўрашган”ини айтган. ЕАН Абдуллаевнинг бу тилхати нусхасини ёйинлаган, у ерда қирғизистонлик ўзларини “яхши боқишаётгани, сайрга олиб чиқишаётгани, посилкаларни беришаётгани”ни қайд этган, бироқ шу билан бирга у: “ХФВСМ ходимларига миннатдорлик изҳори ўлароқ тозалаш жиҳозлари: ҳожатхона чўткалари, супургилар, хокандозлар, тозалаш воситалари, кир ювиш учун пластмасса тоғоралар берилишини сўрайман”, деб ёзган.
Бу орада Свердлов вилояти бўйича ИИВ матбуот хизмати бошлиғи Валерий Горелих агентликка суд Абдуллаевни Россия ҳудудидан чиқариб юборишдан ташқари унга 2000 рубль миқдорида жарима ҳам тайин қилгани, чунки қирғизистонлик билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ва у гўё дактилоскопиядан ўтмаган.
Путин томонидан имзоланган фармонга мувофиқ, Россияда қонуний асоссиз юрган хорижликлар мамлакатни 2025 йил 30 апрелигача тарк этишлари лозим. Мамлакатда қолишни истаган мигрантлар мазкур санагача легаллашуви керак.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 январидан Россияда хорижлик фуқароларни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича янги махсус тартиб ишга тушган, бу тартиб полицияга мигрантларни бадарға қилиш бўйича қарор қабул қилиш имкониятини беради. Авваллари бундай ваколатга фақат судлар ва Россия Чегара хизмати эга бўлган, холос.
Германияда ИДни молиялаганликда гумонланган россиялик ҳибс этилди
Германияда “Ислом давлати” (ИД) террор ташкилотига аъзолик, уни молиялаштириш бўйича тармоққа дахлдорлик ҳамда Ташқи савдо тўғрисидаги қонунни бузганликда гумонланган Россия фуқароси Зелимхан Д. ҳибсга олинган. Бу ҳақда Озодлик радиосига Германия Федерал прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.
Гумонланувчини ҳибсга олиш бўйича ГФР бош прокурори талабнома киритган.
Ҳибсга олишга оид буйруқда россиялик шахс 2022 йил августида аввалроқ унинг шериклари томонидан ташкил этилган жиноий бирлашмага қўшилгани айтилган. Уларнинг мақсади Германия ва Европанинг бошқа давлатларида “Ислом давлати”ни молиялаштириш учун маблағ йиғиш бўлган.
Ижтимоий тармоқлар орқали йиғилган пуллар, иддаога кўра, гуруҳ аъзоларининг курьерлари воситасида хорижга йўлланган. Мазкур маблағлардан жиҳодчилар ва “Ислом давлати”нинг курд лагерларида сақланаётган аёл аъзоларини дастаклаш учун фойдаланилган.
Тергов тахминига кўра, Зелимхан Д. асосан Берлин ҳудудида хайрия маблағларини йиғиш ишини уюштирган ва ўртадаги кассани ўз тасарруфида тутган. Унинг ёрдами билан жами 60 минг евродан зиёд маблағ йиғишга муваффақ бўлинган.
Оқ уй давлат хизматчиларига ўз ихтиёри билан ишдан бўшашни таклиф қилмоқда
Дональд Трамп маъмурияти 28 январь куни давлат муассасаларида штатларни қисқартирмоқчи экани тўғрисида қарийб икки миллион давлат хизматчисига огоҳлантирув хати йўллаган ҳамда манфаатдорларга саккиз ой мобайнида ойлик маош ва бошқа имтиёзларни сақлаб қолган ҳолда ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш имкониятини тақдим этган.
Электрон почта орқали йўлланган хатда давлат муассасаларнинг аксариятида штатлар қисқариши эҳтимоли катталиги, масофадан туриб ишлаганлардан офисдаги ўз иш жойларига қайтиш талаб қилиниши, штатларни қисқартириш ёки ишдан бўшатиш жараёнини осонлаштириш учун эса хизматчилардан катта қисмининг мақоми ўзгартирилиши айтилган.
Расмийлар ҳисоб-китобига кўра, бу таклифдан давлат хизматчиларининг 5 фоиздан 10 фоизгачаси фойдаланиши мумкин, бу эса 100 миллиард долларгача маблағ тежалиши учун имкон яратади. Бу таклиф миллий хавфсизлик билан боғлиқ тузилмалар ходимлари ва ҳарбийларга дахлдор эмас.
The New York Times газетаси Оқ уйнинг бу ғайриодатий қадамини федерал бюрократияга “қарши рўпарадан қилинган ҳужум”, деб атаган. Вазирликлар сонининг муҳтамал камайиши дохил давлат хизматлари штатларининг қисқариши Дональд Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди.
Давлат хизматчиларини бирлаштирувчи касаба уюшмаси раҳбари Трамп маъмуриятининг бу ташаббусини қаттиқ танқид қилиб чиқди. У мазкур қадамни “федерал ҳукуматни тозалаш” деб атаб, у нормал фаолият юритаётган ҳукумат хизматларига боғлиқ бўлган америкаликлар учун салбий оқибатларга эга бўлишидан огоҳлантирган.
Таҳлилчилар қайдича, Дональд Трамп маъмурияти бу ишни амалга оширишда тўсқинликларга дуч келиши мумкинлиги, чунки федерал қонунларда ишдан бўшатилган ходимларга Оқ уй таклиф қилаётганидан кўра камроқ тўлов белгиланган. Айни пайтда ҳукумат штатларни қисқартириш ва давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш имкониятини сезиларли даражада чекловчи коллектив меҳнат шартномаларини эътиборга олишига тўғри келади.
Сербия бош вазири норозилик манзарасида истеъфога чиқди
Сербия бош вазири Милош Вучевич талабалар норозилиги манзарасида истеъфога кетди. Бу ҳақда у 28 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.
“Бугун эрталаб мен президент билан узоқ суҳбатлашдим, у менинг қароримни, келтирган далилларимни қабул қилди”, дея маълум қилган Вучевич.
Сербияда икки ойдан буён давом этаётган оммавий норозиликларни у “хориждан лойиҳалаштирилган” акциялар деб атаган.
“Худдики қандайдир кўринмас қўл янги можарони яратиб, жамиятда тарангликни ҳосил қилди”, деган Вучевич.
Сербияда кўп минг кишилик норозиликлар Нови-Сад шаҳридаги темирйўл вокзалида бетон айвон қулаши ортидан бошланган. Ўшанда 15 киши қурбон бўлганди.
Мухолифат фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари дастаклаётган талабалар вокзалнинг сифатсиз таъмирланишига коррупция олиб келган деб ҳисоблаб, содир бўлган фожиада расмийларни айбламоқда. Даставвал норозилар содир бўлган воқеанинг шаффофлик билан тергов қилинишини талаб қилишган, бироқ расмийлар уларга қулоқ солмаганларидан кейин сиёсий талабларни олға сура бошлашган. Улар орасида парламентга муддатидан илгари сайловларни ҳозирлайдиган ўтиш даври ҳукуматини тузиш каби талаб ҳам бор.
27 январь куни Сербия президенти Александр Вучич Милош Вучевич ҳамда парламент спикери Аной Брнабич билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида намойишчилар билан мулоқотга чақирган. У норозилик чиқишларида ҳибсга олинганларни афв этишга тайёрлигини билдирган ҳамда талабалар ва профессорларга ҳужум қилганларга қарши жиноят ишлари очилганини маълум қилган. Вучич вокзал реконструкцияси бўйича ҳужжатлар очиқланганини ҳам қайд этган. Аввалроқ у норозиларни мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида “хориждаги кучлар” билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаган эди.
Сурияда йил бошидан буён 92 та қотиллик ҳодисаси қайд этилди
Сурияда жорий йил бошидан бери мамлакат собиқ президенти Башар Асад режими тарафдорларидан ўч олиш кампанияси доирасида 91 та қотиллик ҳодисаси қайд этилган. Бу ҳақда қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари кенгаши (SOHR) маълумот тарқатди.
Ҳуқуқбонларга кўра, Асад режими қулаганидан кейин унинг жами 190 нафар тарафдори ўлдирилган, уларнинг беш нафари аёллардир. Асад тарафдорлари энг кўп Хомс, Хама ва Латакия вилоятларида ўлдирилган.
SOHR маълумотларига кўра, ҳужумчиларнинг айримлари Асад режимини қулатган Ҳарбий амалиётлар бошқармасига алоқадорлигини айтишган. Жиноятлар сиёсий ва диний сабабларга кўра содир этилмоқда, бу эса хавфсизлик талаблари ўта бузилаётганидан дарак беради. Шунингдек, SOHR вакиллари мазкур қотилликлар “сурияликлар ўртасидаги ихтилофларни кучайтираётгани” ва айбдорларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши зарурлигини кўрсатаётгани урғулашган.
AFP агентлигининг аниқлик киритишича, ўлдирилганларнинг аксарияти Асад ҳукуматининг собиқ мулозимларидир.
Сурияда фуқаролар уруши 2011 йилдан буён давом этиб келмоқда. Президент Асадга мухолиф бўлган гуруҳларнинг кутилмаган ҳужуми 2024 йил ноябрида бошланган. Орасида радикал исломчилар ҳам, мўътадил мусулмонлар ҳам бўлган бу гуруҳлар Ҳалаб, Хама ва Хомсни қарийб жангсиз эгаллашган.
Саккизинчи декабрга ўтар кечаси Сурия мухолифати вакиллари Дамашққа кириб, Асад режими қулатилганини эълон қилишган. Асаднинг ўзи ҳозир Москвада – Россия президенти Владимир Путин унга ва оиласига бошпана берган.
Польшада Освенцим қурбонларини хотирлаш маросими ўтказилди
Польшада бир миллиондан зиёд одам ўлдирилган Освенцим нацистлар лагери озод қилинганининг 80 йиллигига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Қурбонларнинг аксарияти яҳудийлар бўлган бу лагерь 1945 йил 27 январида Қизил армия томонидан озод қилинган эди.
Маросимда 50 дан зиёд давлат раҳбарлари ва юқори лавозимли мулозимлар иштирок этишган. Улар орасида Польша президенти Анжей Дуда, Германия президенти Франц-Вальтер Штайнмайер, ГФР канцлери Олаф Шольц, Франция президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия қироли Карл III, Испания қироли Филипп VI, Нидерландия қироли Виллем-Александр, Украина президенти Владимир Зеленскийлар бор.
Украинага нисбатан давом этаётган босқинчилик уруши туфайли Россия вакиллари маросимга таклиф қилинмаган. Россия президенти Владимир Путин йиғилганларга телеграмма йўллаб, унда совет аскарлари қаҳрамонлиги тўғрисидаги тарихий хотира сақланиши муҳимлигини урғулаган. Путинга кўра, Россия “одамларнинг этник, лисоний, маънавий ўзига хослиги ҳуқуқини ҳимоя қилиш, антисемитизм, русофобия ва бошқа ирқий мафкуралар ёйилишига йўл қўймаслик учун қўлидан келган барча ишни қилади”.
Польшадаги маросим меҳмонлари орасида лагернинг 50 дан зиёд собиқ тутқуни ҳам иштирок этган.
Лагерь Польшанинг ишғол этилган қисмида Германия томонидан 1940 йилда қурилган бўлиб, у ерда асир поляклар сайланган. Орадан икки йил ўтгач, унинг ёнида яҳудийлар учун концлагерь ташкил этилган. Польша ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида немислар қўйган Аушвиц номи билан аталадиган Освенцимда яҳудийлар, совет асирлари, поляклар, лўлилар ва бошқа миллат вакиллари ўлдирилган.
PAP агентлиги лагердаги газ камерасидан сўнгги бор 1944 йилнинг ноябрь ойида фойдаланилганини эслатган. Совет қўшинлари ҳужуми кучайгани ортидан Германия лагер тутқунларини Рейх ҳудуди ичига кўчира бошлаган. 1944 йил охирига бориб, немислар ҳужжатларни ёқиб, содир этилган жиноятлар далилларини йўқ қилишга уринишган. Совет қўшинлари кириб келган пайтда лагерда 500 бола дохил етти минг киши сақланаётган бўлган.
ЕИнинг айрим мамлакатларида Coca-Cola ичимлигида хлорат моддаси аниқланди
Coca-Cola ширкати Европанинг айрим мамлакатларида таркибида ортиқча хлорат кимёвий моддаси аниқланган ўз ичимликлари савдо тармоқларидан қайтариб олинишини эълон қилди. Бу ҳақда Би-би-сининг рус хизмати хабар қилди.
Ширкат Бельгия, Люксембург ва Ҳолландиядаги пештахталардан ўз маҳсулотини қайтариб олади. Британияга ўтган йил охирида бу партиядан беш номдаги маҳсулот етказиб берилган эди. Ишлаб чиқарувчи ширкат барча маҳсулотлар сотиб битирилганини билдирган.
Хлорат, жумладан сувни қайта ишлаш учун хлор асосидаги дезинфекция воситаларидан фойдаланилганда юзага келиши мумкин. Coca-Cola ширкати вакили Би-би-сига берган интервьюсида мустақил таҳлилга таянган ҳолда “истеъмолчилар учун хатар жуда кам”лигини қайд этган.
Coca-Cola Буюк Британиядаги истеъмолчилардан ҳеч қанақа шикоят келиб тушмаганини ва бу борада мамлакат расмийлари билан ҳамкорлик қилишни давом эттиришини маълум қилди, дейилган Би-би-си мақоласида.
AFP агентлиги Coca-Cola ширкатининг исми ошкор қилинмаган вакили сўзларига таянган ҳолда хлорат даражасини ошиб кетгани ширкатнинг Гент шаҳридаги (Бельгия) корхонасида текширув ўтказилган пайтда аниқлангани ҳақида ёзган. Бу ерда ҳали сотилмаган маҳсулотлар пештахталардан олиб қўйилган.