Халқаро хабарлар
Туркманистонда болаларни пахта теримига жалб қилиш тақиқланди
Туркманистонда 18 ёшгача бўлган фуқароларнинг пахта теримида иштирок этишини тақиқловчи қонун кучга кирди.
Туркманистондаги ҳукумат онлайн нашрлари хабарига кўра, мамлакат Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қарори асосида ўсмирлар учун тақиқланган касблар рўйхатига яна икки касб – “Пахта теримчиси” ва “Пахтакор” қўшилган.
Хабарда янги қарор Туркманистон Адлия вазирлигида қайддан ўтгани, унинг ижроси устидан назорат эса меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг ўринбосари зиммасига юклатилгани айтилган.
Дунёда пахта етиштирувчи ўнта йирик мамлакатдан бири бўлган Туркманистон ҳукумати пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдалангани учун кўп йиллардан буён халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан танқид қилиб келинади.
АҚШ Давлат департаменти томонидан ёйинланган одам савдоси бўйича 2024 йилги ҳисоботнинг “Туркманистон” бўлимида туркман ҳукумати ҳар йили катталар ва болаларни пахта теримига жалб қилиш ҳамда аҳолини ижтимоий тадбирлар ва бошқа фаолият турларида иштирок этишга мажбурлаш орқали мажбурий меҳнат амалиётини давом эттираётгани қайд этилган.
Кун янгиликлари
“Толибон” Афғонистонида судланган шахс стадионда қатл этилди
Афғонистоннинг Пактия вилоятидаги Гардез шаҳри стадионида 13 ноябрь куни аввалроқ қотиллик айблови билан судланган шахс қатл этилди. Озодлик афғон хизматининг стадиондаги қатлга гувоҳ бўлган France Presse агентлиги мухбири сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, қатлни томоша қилиш учун минглаб маҳаллий турғун тўпланган. Судланган шахс кўксига учта ўқ отиш билан ўлдирилган. Қайд этилишича, ўқлар судланган шахс томонидан ўлдирилган кишининг оила аъзоси томонидан отилган.
Афғонистонда ҳокимият тепасида бўлган “Толибон” радикал ҳаракати назоратидаги Олий суд судланган шахс ўз қурбонини отиб ўлдиргани учун, шариат талабларига мувофиқ, унга ҳам айнан шундай жазо берилганини билдирган. Суд ҳукми “Толибон” лидери мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода томонидан тасдиқланган. Қатл маросимида толиблар шакллантирган ҳукуматнинг ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний иштирок этган.
2021 йилда ҳокимият тепасига қайтган толиблар анъанавий ислом шариати талабларига риоя қилаётганлик иддаоси билан мамлакатда қатор кескин меъёрларни жорий қилишган. Бу кескин чоралар айниқса аёллар ҳуқуқларини чеклашда намоён бўлмоқда. Шунингдек, “Толибон” Афғонистоннинг катта қисмини биринчи марта назорат қилган 1996-2001 йилларда кенг қўлланилмиш омма кўз олдидаги қатл амалиёти ҳам тикланган. Бироқ ҳозирда қатллар сони анча камайган – уч йил ичида қатл билан боғлиқ олтита ҳолат тўғрисида маълум, холос. Бу қатлларнинг ҳар бири халқаро ҳамжамият танқидига сабаб бўлган.
Трамп: Маск давлат бюрократиясини қисқартириш билан шуғулланади
Тадбиркорлар Илон Маск ва Вивек Рамасвами шишиб кетган давлат аппаратини қисқартириш ва қайта ташкил этиш мақсадида тузилажак янги муваққат тузилмага етакчилик қилишади. Бу ҳақда АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 12 ноябрь куни маълум қилди.
Дональд Трампга кўра, икки тадбиркор давлат хизматларида “радикал ўзгаришлар” ташаббуси билан чиқиши керак бўлган “Ҳукумат самарадорлиги бўйича бошқарма”га масъул этиб тайинланган.
“Бюрократияси камроқ бўлган янада самаралироқ ҳукумат Мустақиллик декларациясининг 250 йиллигига америкаликлар учун ажойиб совға бўлади”, дейилган Дональд Трампнинг баёнотида.
Янги бошқарманинг мақсади, Трамп қайдича, “давлат бюрократияси демонтажи, ҳаддан зиёд регуляцияни камайтириш, самараси бўлмаган харажатларни камайтириш ва федерал хизматларни қайта ташкил этиш”дан иборатдир. Бошқарма 2026 йил июлига бориб ўз фаолиятини тугатиши лозим.
SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси Илон Маск ҳамда Roivant Sciences фармацевтика ширкати таъсисчиси Вивек Рамасвани давлат харажатларини қисқартириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг бошқарувчилик ролини камайтиришга оид чақириқлари билан танилишган.
Маск сайланган президентга давлат бюджетини 2 триллион долларга қисқартиришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. Тадбиркор бу ишни қай йўл билан амалга оширмоқчи экани номаълум. Айни пайтда иқтисодчилар Трампнинг солиқларни қисқартиришга оид ваъдаси давлат қарзи кескин ошиб кетишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар.
Сайланган президентнинг баёнотида янги тузилмага оид ҳеч қанақа тафсилот йўқ, у ерда бошқарма “ҳукуматдан ташқарида” фаолият олиб боришига оид жумла бор, холос.
НАТО раҳбари Россиянинг Шимолий Корея, Эрон ва Хитой билан алоқалари билан боғлиқ таҳдидлардан баҳс этди
Россиянинг Хитой, Шимолий Корея ва Эрон билан тобора ривожланиб бораётган алоқалари Европа, Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва Шимолий Америкага таҳдид солмоқда, дея билдирди НАТО бош котиби Марк Рютте 12 ноябрь куни.
Франция президенти Эммануэль Макрон билан музокаралар олдидан Парижда чиқиш қилган Рютте трансатлантика бирдамлиги ва Украинани бундан буён ҳам дастаклаш муҳимлигини урғулади.
Россия билан Хитой ўртасидаги алоқалар ҳақида гапирар экан, НАТО раҳбари Пекин Россия иқтисодиётини, унинг мудофаа саноатини қўллаётгани ва халқаро майдонда унинг овозини кучайтираётганини қайд этди.
“Биз Украинани шунчаки жанг майдонида дастаклашдан кўра кўпроқ иш қилишимиз керак. Биз Украинага зиддият траекториясини ўзгартириш учун зарур бўлган ёрдам тақдим этиш орқали Путин ва унинг авторитар таҳдидлари учун баҳони оширишимиз лозим”, дея иқтибос келтирган Рютте сўзларидан “Америка овози”.
Ўз навбатида, Эммануэль Макрон Украинага қанча керак бўлса, шунча ёрдам берилишини талаб қилишда давом этишини таъкидлаган. Франция президенти буни Украина учун тинчлик музокараларига ягона йўл, деб атаган.
“Шуни очиқ баён қилишни истардимки, вақти келганда Украина бўйича украиналикларсиз ва Европа бўйича европаликларсиз ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди”, дея қайд этган Макрон.
Reuters агентлиги НАТО раҳбари Марк Рюттенинг трансатлантика алоқалари аҳамияти ҳақидаги сўзлари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга қаратилганига оид тахминни илгари сурган. Трампнинг яқинда бўлиб ўтган президент сайловидаги ғалабаси Вашингтон томонидан Украинанинг бундан буён дастакланиши юзасидан Киев ва Европанинг бошқа пойтахтларида турли хавотирларни юзага келтирган.
Россияда мигрантларнинг рус тилини билмайдиган фарзандларини мактабга қабул қилиш тақиқланиши мумкин
Россия Давлат думаси ҳукуматга мигрантлар фарзандларининг рус тилини билиши тасдиқланмасидан туриб уларни мактабга қабул қилишни тақиқлаш таклифини ўз ичига олган қарор лойиҳасини ҳозирламоқда. Бу ҳақда Давлат думаси раиси Вячеслав Володин маълум қилган.
Шунингдек, мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишда уларнинг Россия ҳудудида қонуний юрганини текшириш таклиф этилмоқда. Депутатлар Давлат думасига бунга оид ҳам қонун лойиҳасини киритишади. Қарор лойиҳасини депутатлар 20 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда кўриб чиқишни режалашмоқда.
Агар мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилиш рад этилса, депутатлар уларнинг мажбурий таълим олишини қандай таъминлашади – бу масалага Володин ойдинлик киритган эмас. Россия қонунчилиги ва халқаро меъёрларга мувофиқ, давлат мактаб ёшидаги барча болаларга мажбурий таълим тақдим этиши шарт.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин рус тилини билмайдиган ёки кам биладиган мигрантларнинг болалари билан ишлаш алгоритмини яратиш ҳақида топшириқ берган эди. Шунингдек, у рус тили ва Россия халқлари тилларини дастаклаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш кенгашига меҳнат мигрантларига нисбатан рус тили малакаси бўйича талаблар даражасини аниқлаш ва белгилаб қўйишни топширган эди.
The Telegraph: Путин Курск вилоятини Трамп инаугурациясигача қайтариб олмоқчи
Россия президенти Владимир Путин Курск вилоятининг украиналик ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган ҳудудларини Дональд Трампнинг 2025 йил 20 январига белгиланган инаугурациясига қадар қайтариб олишга умид қилмоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар қилди.
Нашр танишиб чиққан Британия ҳарбий разведкаси баҳосига мувофиқ, яқин кунлар ичида Россия Украина позицияларига қарши дрон ҳужумларини кучайтириши мумкин.
Шунингдек, 12 минг чоғли шимолий кореялик ҳарбийлар Курск вилоятидаги жанговар ҳаракатларга жалб қилиниши кутилмоқда. The New York Times маълумотига кўра, Курск вилоятига ҳужум ҳозирлиги доирасида россиялик ҳарбийлар Шимолий Кореядан келган ҳарбийлар дохил 50 минг аскарлик гуруҳ тўплашган.
Украиналик таҳлилчилар фикрича, Кремль Курск вилоятига ҳужумдан Украинанинг Суми вилоятининг шимоли-шарқий қисмида илгарилаш учун ҳам фойдаланишни режалаётган бўлиши мумкин.
The Telegraph қайдича, Россия шу пайтгача украиналик ҳарбийлар томонидан август ойидаги амалиёт эгаллаб олинган ҳудудларнинг тақрибан ярмини қайтариб олишга муваффақ бўлган.
Аввалроқ The Washington Post газетаси АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўтган ҳафтада Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилгани, мулоқот чоғида у Путинни Украинадаги уруш эскалациясига йўл қўймасликка чақиргани ҳақида хабар қилган эди. Кремль бундай сўзлашув бўлиб ўтганини рад этмоқда.
Сайловолди кампанияси чоғида Трамп, президентлик лавозимига сайланган тақдирда, Украинадаги урушни бир кун ичида якунлашга имкон берадиган йўлни топишини бир неча марта таъкидлаган эди. Айни пайтда республикачилар номзоди бўлган сиёсатчи қанақа конкрет қадамлар қўймоқчи эканига аниқлик киритган эмасди.
Польшадан бадарға қилинган тожик фаоли 23 йилга қамалди
Тожикистонда Польшадан депортация қилинган мухолифат фаоли Фаррух Икромов 23 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.
Қароргоҳи Польшада бўлган Тожикистондаги сиёсий тутқунларни қутқариш бўйича фуқаролик қўмитаси раҳбари Абдусаттор Бобоев ўтган ҳафтада Икромов Душанбедаги тергов изоляторидан қамоқхонага ўтказилганини билдирди.
Бу маълумотни Озодликка Европада яшовчи тожикистонлик фаол Саидисҳоқ Бобоев тасдиқлаган. Унга кўра, “Тожикистондаги қамоқхонадан яқинда озод қилинган киши” Икромовни тергов ҳибсхонасидан қамоқхонага этап қилинаётган пайтга кўрганини айтган. Фаррух Икромов ўз қариндошларига ўзининг 23 йилга қамалганини айтиб қўйишни сўраган.
Озодликнинг тожик хизмати Икромовнинг яқинлари Тожикистон хорижида яшашини ва суд қарори ҳақида ҳеч нарса билмасликларини қайд этган.
Икромовга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳақида расмий маълумот тарқатилган эмас.
36 ёшли Икромов Европада хотини ва икки фарзанди билан яшаб келаётган эди. У жорий йил апрелида Польшадан депортация қилинган. Аввалроқ Польша расмийлари унинг бошпана беришга оид илтимосини рад этишган, шу туфайли у Германияга чиқиб кетган, у ердан Икромов яна Польшага қайтарилган ва ноқонуний мигрантлар лагерида тутиб турилган.
Тожик мухолифати вакиллари Икромов 2023 йил сентябрида Германияда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ташрифи муносабати билан ўтказилган норозилик акциялари иштирокчилари ичида бўлганини айтишмоқда.
Тожикистонлик диссидентлар аввалроқ Европа мамлакатлари сиёсий таъқиблар туфайли мамлакатларини тарк этганлар учун ишончли бошпана бўлмай қолганини иддао қилишган эди. Бундай хулосага улар Австрия, Германия, Литва ва бошқа мамлакатлардан ўз сафдошларини депортация қилиш ҳолатлари кўпайгани ортидан келишган. Халқаро ташкилотлар ЕИ мамлакатларининг бу каби хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилишган.
Ўтган ҳафтада Германия 40 ёшли мухолифат фаоли Дилмурод Эргашевни Тожикистонга депортация қилган эди. Депортация олдидан у “Эмомали Раҳмон режими томонидан муқаррар жазо”дан чўчиб, ўзини ўлдиришга уринган.
Қароргоҳи Венада бўлган Freedom for Eurasia ташкилоти раҳбари Лейла Назгул Сейитбек Озодликка Эргашев ишини кўриб чиқиш ва уни Тожикистондан қайтаришга кўмаклашиш илтимоси билан Европа инсон ҳуқуқлари судига талабнома йўлланганини айтган.
Тбилисида “Биз - Европамиз!” шиори остида акция бўлиб ўтди
Грузия пойтахтида 11 ноябрь куни “Биз - Европамиз!” шиори остида норозилик акцияси бўлиб ўтди. Ўтган парламент сайловини сохталаштирилган деб ҳисоблаган намойишчилар мамлакатда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишди.
Парламент биноси қаршисидаги Руставели шоҳкўчасида бир неча минг киши тўпланди. Йиғилганлар қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини ҳамда “Грузия ЕИ учун овоз беради”, “Бидзинага санкциялар!” ва бошқа шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб олишган эди.
Акцияга Германия, Финляндия, Швеция, Франция, Литва, Латвия, Эстония ва Польша парламентларининг ташқи алоқалар бўйича қўмиталари раислари ҳам етиб келишган. Душанба куни эрталаб Грузия парламенти Шалва Папуашвили ЕИ мамлакатларидан келган депутатларнинг сафарини “нохолис” деб баҳолаб, улар билан учрашишдан бош тортган, дея қайд этган Paper Kartuli нашри.
Германия Бундестагининг хорижий ишлар қўмитаси раҳбари Михаэль Рот Грузия парламенти олдида йиғилганларга мурожаат қиларкан, Тбилисини “Европанинг ҳақиқий пойтахти” деб атаган.
“Биз душман эмасмиз, биз дўстмиз!” деган Рот ўзининг Тбилисига сафари мамлакат ички ишларига аралашиш бўлиб ҳисобланмаслигини урғулади.
Тбилисида 11 ноябрь оқшомида швециялик фаол Грета Тунберг ҳам яна бир норозилик акцияси ўтказган. У душанба куни Бокуда очилган БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 29-сессиясини танқид қилган. Тунберг мазкур тадбир ташкилотчилари бўлган Озарбайжон расмийларини экология ҳақида ғамхўрлик ниқоби остида жамоатчилик эътиборини долзарброқ бўлган бошқа ижтимоий муаммолардан чалғитаётганликда айблаган.
“Бу норозилик тадбири нима учун Бокуда ўтмаяпти?” деган саволга швециялик фаол атайлаб учоқда парвоз қилмаслигини, ҳозир эса Озарбайжонга фақат ҳаво йўли орқали етиб бориш мумкинлигини айтган (мамлакатнинг қуруқликдаги чегаралари пандемия чекловлари туфайли аввалгидек ёпиқ қолмоқда). Ўз акциясини ўтказар экан, Тунберг парламент олдидаги норозиларга қўшилган.
Грузияда парламент сайлови 26 октябрь куни бўлиб ўтган. Расмий маълумотларга кўра, унда 53,9 фоиз овоз билан “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ғалаба қозонган. Беш фоизли тўсиқдан мухолифатнинг яна тўртта партияси ўтган. Уларнинг ҳаммаси сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини билдириб, сайлов натижаларини тан олишдан бош тортишган. Мухолифат партиялари вакиллари депутатлик мандатини қабул қилишдан бош тортишиб, янгитдан сайлов ўтказилишини талаб қилишмоқда.
Кремль Путин ва Трамп ўртасида телефон мулоқоти бўлганини рад этди
Кремль вакиллари АҚШдаги сайлов натижалари бўйича Владимир Путин билан Дональд Трамп ўртасида ҳеч қанақа телефон мулоқоти ўтказилмаганини билдиришди. The Washington Post газетасининг Путин ва Трамп 7 ноябрь куни қўнғироқлашиб, Украинадаги уруш мавзусини муҳокама қилганига оид хабари “ғирт уйдирма”, дея билдирди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 11 ноябрь кунги брифингда.
“Ҳеч қанақа суҳбат бўлгани йўқ. Бу ҳозирда ҳатто анча ҳурматли нашрларда ҳам айрим пайтларда чоп этилаётган хабарлар сифатига яққол далилдир. Бу ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Бу ғирт уйдирма, бу шунчаки ёлғон ахборот”, деди Песков.
Журналистларнинг “Россия президенти АҚШнинг сайланган президенти билан бирор-бир мулоқотни режалаяптими?” деган саволига Песков: “ҳозирча аниқ бир режа йўқ”, дея жавоб берган.
Аввалроқ The Washington Post нашри АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп пайшанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашган, улар Украинадаги уруш мавзусини муҳокама қилишгани ҳақида хабар қилган эди.
Газета мақоласида Трамп Путинни бундан буёнги эскалацияга йўл қўймаслик чораларини кўришга чақиргани ҳамда унга “Вашингтон Европада сезиларли даражада ҳарбий ҳозирликка эга” эканини эслатгани айтилган.
Сайловолди кампанияси чоғида Трамп, президентлик лавозимига сайланган тақдирда, Украинадаги урушни бир кун ичида якунлашга имкон берадиган йўлни топишини бир неча марта таъкидлаган эди. Айни пайтда республикачилар номзоди бўлган сиёсатчи қанақа конкрет қадамлар қўймоқчи эканига аниқлик киритган эмасди.
Владимир Путин 7 ноябрь куни Валдай форумидаги матбуот анжуманида Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига сайлангани билан ошкора табриклаган эди. У Трампни жасоратли одам деб атаган.
Ўшанда Путин “Агар Трамп сизга инаугурациягача қўнғироқ қиладиган бўлса, АҚШнинг сайланган президенти билан гаплашишга тайёрмисиз?” деган саволга “ҳа” дея жавоб берган ва ҳатто Трампга ўзи қўнғироқ қилишга ҳам тайёр эканини билдирган эди.
Амстердамда Фаластин тарафдори бўлган намойишчилар ушланди
Амстердамда 10 ноябрь куни расмий тақиқларга қарамасдан шаҳар марказий майдонида йиғилишга қарор қилган юздан зиёд Фаластин тарафдори қўлга олинди. Мазкур тақиқ исроиллик футбол ишқибозларига ҳужумлар ортидан жорий этилганди.
Якшанба куни юзлаб намойишчи “Фаластинга озодлик” ва “Амстердам геноцидга “йўқ” дейди” деган шиорларни ҳайқириб, Амстердам марказига чиққан. Бу Исроилнинг Ғазо секторида Фаластиннинг ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) билан кураши доирасидаги ҳарбий ҳаракатларига қарши галдаги чиқиш эди. Исроил геноцидга оид айбловларни рад этиб келади.
Маҳаллий суд шаҳар кенгашининг кўча акцияларига вақтинча тақиқини дастаклаганидан кейин полициячилар марказий майдонга йиғилганларни тарқалишга чақирган, айни пайтда улар ичида юздан зиёд одам қўлга олинган.
Намойишларга тақиқ “Маккаби” (Тель-Авив) ва “Аякс” (Амстердам) футбол клублари ўртасида пайшанба куни бўлиб ўтган ўйиндан сўнг исроиллик футбол ишқибозларига нисбатан зўравонлик туфайли 8 ноябрь куни киритилган эди. Ҳужумчиларнинг айримлари қўлларида Фаластин байроқларини кўтариб олишган ҳамда араб ва турк тилларида “Фаластинга озодлик” шиорини қичқириб боришган. Мазкур ҳужумлар натижасида камида беш киши касалхонага тушган. Бу ҳужумларни Нидерландия расмийлари ҳамда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу дохил қатор лидерлар антисемитча деб қоралашган. Ўшанда 60 дан зиёд одам ушланган эди.
Исроил расмийлари 10 ноябрь куни ўз юртдошларини яқин ҳафта ичида исроилликлар иштирокида хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган маданий ва спорт тадбирларига бормасликка чақиришган. Нетаняҳу офиси баёнотида Фаластин тарафдори бўлган гуруҳлар Нидерландия, Буюк Британия, Франция, Белгия ва бошқа қатор мамлакатларда исроилликларга зарар етказмоқчи экани айтилган. Аввалроқ Исроил ўз фуқароларини Амстердамдан эвакуация қилиш учун рейслар ташкил қилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, икки мингга яқин исроиллик ватанига олиб чиқиб кетилган.
Франция президенти Эммануэль Макрон офиси давлат раҳбари Франция ва Исроил терма жамоалари ўйини бўлиб ўтадиган 14 ноябрь куни Париждаги “Стад де Франс” стадионида футбол ишқибозлари билан бирга бўлишини эълон қилган. Макроннинг бу қарори “Амстердамдаги ўйиндан кейинги йўл қўйиб бўлмас антисемитизм ҳодисалари ортидан биродарлик ва бирдамлик муждаси”ни йўллашга қаратилган, дейилган Франция президенти офиси баёнотида.
Исроил 2023 йил октябрида ҲАМАС гуруҳи мамлакат жанубига ҳужум уюштиргани ортидан Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаган эди. ҲАМАС ҳужумлари чоғида 1200 нафар исроиллик ҳалок бўлиб, 250 дан зиёд одам гаровга олингани айтилади. ҲАМАС назоратида бўлган Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил қўшинларининг сектордаги ҳужумлари натижасида 43 минг нафар фаластинлик ўлдирилганини билдирган. Бу маълумотлар бошқа манбалар томонидан тасдиқланган эмас.
NYT: Курск яқинида Россия ва КХДРнинг 50 минг аскари ҳужумга ҳозирланмоқда
Курск вилоятига ҳужумга тайёргарлик доирасида россиялик ҳарбийлар Украина Қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни қайтариб олиш мақсадида Шимолий Корея армияси хизматчилари дохил саноғи 50 минг аскарга етган гуруҳ тўплаган. Бу ҳақда 10 ноябрь куни The New York Times нашри америкалик ва украиналик расмийлардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
АҚШдаги янги маълумотларга мувофиқ, Россия ўз кучларини Украина шарқидан, яъни Москва учун асосий йўналишдан аскарларини олиб чиқмайдиган қилиб жойлаштирган. Бундан ташқари, россиялик расмийлар бир пайтнинг ўзида бир неча йўналиш бўйлаб босим ўтказишга умид қилишмоқда, дейилган нашр мақоласида.
Украиналик расмийлар Курск вилоятида КХДР кучлари иштирокидаги Россиянинг йирик ҳужуми яқин кунлар ичида кутилаётганини қайд этишган.
Ҳозирги пайтда шимолий кореяликлар россиялик ҳарбийлар билан биргаликда Курск ғарбида ўтказилаётган машқларда иштирок этишмоқда. АҚШ раҳбарияти маълумотига кўра, Пхенян Курск вилоятида Россия армиясини дастаклаш учун 10 минг нафаргача аскар йўллаган. АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари қайдича, КХДРдан бўлган ҳарбий хизматчилар россияликлар кийим-бошини кийган ва Москва томонидан қуроллантирилган, бироқ улар ўзларининг алоҳида бўлинмаларида жанг қилишлари эҳтимоли катта. Шунингдек, мақолада Пентагон вакиллари сўзларига таянган ҳолда, Россия шимолий кореяликларга артиллериядан ўт очиш, пиёдаларнинг асосий тактикаси ҳамда ўта муҳим бўлган траншеяларни тозалаш ишини ўргатишмоқда. Мазкур ҳозирлик Шимолий Корея кучларининг йўқ деганда бир қисми Украинанинг мустаҳкам мудофаа позицияларига юзма-юз ҳужумда иштирок этишини кўзда тутади.
Таҳлилчилар КХДРдан бўлган ҳарбийлар енгил пиёда қўшинлари ўлароқ (зирҳли техникасиз) жанг қилишини тахмин қилишмоқда. Шу ўринда мақолада Украинанинг тўпга тутиш билан биргаликда дрон ҳужумларида акс этган ҳозирги тактикаси Россиянинг ҳимояланмаган позицияларига катта шикаст етказаётгани қайд этилган.
Ғарбдаги ва Украинадаги расмийлар Курск вилоятига Шимолий Корея қўшинларининг келишини Украина босқини бошланганидан буён ўтган икки ярим йилдан кўпроқ муддат ичидаги “жиддий эскалация” эканини айтишмоқда.
Ўтган ҳордиқ кунлари август ойида Россиянинг Курск вилояти ҳудудларининг бир қисмини ўз назорати остига олган Украина кучлари билан уларни бу ҳудудлардан сиқиб чиқаришга уринаётган Россия қўшинлари ўртасида янги жанглар бўлиб ўтгани ҳақида хабарлар келиб тушди. Россиялик ҳарбий блогерлар Сужа тумани шимолида оғир жанглар бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилишмоқда. Украина кучлари Бош штаби Россия қўшинлари Украина Қуролли кучлари позицияларига 23 маротаба ҳужум уюштиришгани ҳақида маълумот тарқатди.
Россия президенти Владимир Путин 9 ноябрь куни Россия ва КХДР ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорликка оид шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Шартнома жорий йил июнида Путиннинг Шимолий Кореяга ташрифи чоғида имзоланган эди. Ҳужжат матнига мувофиқ, томонлардан бирига қуролли ҳужум қилинган тақдирда, иккинчи томон унга зудлик билан ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Айни пайтда Москва ва Пхенян Шимолий Кореядан бўлган ҳарбийлар Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиши мумкинлигига оид маълумотни изоҳсиз қолдиришган.
НАТО вакиллари Россия билан КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг кенгайишини қатъий қоралаб чиқишган. Альянс баёнотида Шимолий Корея қўшинларининг Россияга йўлланиши хавфли эскалация ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясининг бузилиши экани айтилган.
The Washington Post: Трамп ва Путин телефон орқали мулоқот қилди
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўтган ҳафтанинг пайшанба (7 ноябрь) куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашган. Улар Украинадаги уруш мавзусини муҳокама қилишган, дея хабар қилди 10 ноябрь куни The Washington Post нашри хабардор манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда.
Мақолада Трамп Путинни бундан буёнги эскалацияга йўл қўймаслик чораларини кўришга чақиргани ҳамда унга “Вашингтон Европада сезиларли даражада ҳарбий ҳозирликка эга” эканини эслатгани қайд этилган.
Мазкур мулоқотдан бир кун аввал – 6 ноябрь Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан суҳбатлашган ва ОАВ маълумотига кўра, Киевни дастаклашини айтган, дея қайд этилган Reuters хабарида.
Сайловолди кампанияси чоғида Трамп, президентлик лавозимига сайланган тақдирда, Украинадаги урушни бир кун ичида якунлашга имкон берадиган йўлни топишини бир неча марта таъкидлаган эди. Айни пайтда республикачилар номзоди бўлган сиёсатчи қанақа конкрет қадамлар қўймоқчи эканига аниқлик киритган эмасди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков якшанба куни “Москва. Кремль. Путин” дастури муаллифи ва бошловчиси Павел Зарубинга Трамп ўзининг сайлов кампанияси чоғида “ҳеч бўлмаганда тинчлик ҳақида гапиргани”ни урғулаган.
“У Россияни стратегик мағлубиятга учратиш истаги ҳақида гапираётгани йўқ ва бу унинг амалдаги маъмуриятдан ижобий фарқини кўрсатмоқда”, дея иқтибос келтирган Песков сўзларидан “Интерфакс” агентлиги.
Владимир Путин 7 ноябрь куни Валдай форумидаги матбуот анжуманида Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига сайлангани билан ошкора табриклаган эди. У Трампни жасоратли одам деб атаб, унга қўнғироқ қилишга қарши эмаслигини айтган. Бунгача Путин Трампнинг сайловда ғалаба қозонгани ҳақида сўзлаган эмас.
Ундан аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин АҚШнинг сайланган президентини табриклашни истаб-истамаслигини билмаслигини айтган эди.
“Келинг, бу ерда гап барибир бизнинг давлатимизга қарши урушга бевосита ёки билвосита жалб қилинмиш дўст бўлмаган мамлакат ҳақида кетаётганини унутмайлик”, дея қайд этганди Песков.
Амстердамда исроиллик футбол ишқибозлари ҳужумга учради
Евролигада ўйнаётган Исроилнинг “Маккаби Тель-Авив” ва Нидерландиянинг “Аякс” клублари ўртасидаги футбол ўйинидан кейин Амстердамда исроиллик футбол ишқибозларига ниқоб тақиб олган кишилар ҳужум қилишди. Ҳужумчиларнинг айримлари Фаластин байроқларини кўтариб олишган бўлиб, улар Фаластинни ёқловчи шиорларни қичқириб айтишган. Ҳужумчилар исроилликлар яшаётган меҳмонхонага ҳам бостириб киришга уринишган. Бу ҳақда The Times of Israel нашри хабар қилди.
“Едиот Ахронот” нашрининг ёзишича, ўйин олдидан Исроил клуби ишқибозлари кўчага осилган Фаластин байроғини ечиб олишган. Ўйиндан сўнг исроилликлар шаҳарнинг бир неча жойида ҳужумга учрашган. Жабрланувчилар калтаклангани ва пичоқдан яралангани айтилмоқда.
Исроил Ички ишлар вазирлиги Нидерландия расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, ҳодича чоғида 10 киши жароҳат олгани, яна икки киши ҳужумдан сўнг бедарак йўқолганини маълум қилган.
Нидерландия полицияси вакиллари шаҳар марказидаги муштлашувлар тўғрисида ўзларида бир неча хабар келиб тушганини маълум қилишган. Полициячилар маълумотига кўра, тартибсизликлар ортидан 57 киши қўлга олинган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу исроиллик фуқароларни мамлакатга қайтариш учун зудлик билан Нидерландияга иккита учоқ йўллаш ҳақида топшириқ берган. Нетаняҳу Нидерландия расмийларидан Исроил фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш учун тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан “тез ва қатъий чоралар” кўришни талаб қилган. Исроил ТИВ эса Амстердамда юрган исроилликларни меҳмонхонани тарк этмасликка чақирган.
Исроилнинг БМТдаги элчиси Дэнни Данон Х ижтимоий тармоғида ҳужум кадрларини ёйинлаган.
“Бу биз курашаётган радикал террорчилик тарафдорларининг ҳақиқий башарасидир”, деб ёзган у.
Нидерландия парламентидаги ўнгчи “Эркинлик партияси” лидери Герт Вилдерс Амстердам кўчаларида содир бўлган воқеани ёппасига “ур-калтак” деб атаган.
“Биз Европанинг Ғазосига айландик. Фаластин байроқларини тутган мусулмонлар яҳудийларни овламоқда. Расмийлар Исроил фуқароларини ҳимоя қилолмаганлари учун жавобгарликка тортилади”, дея билдирган у.
Трамп: Ноқонуний мигрантларга қарши кураш – устувор йўналиш
АҚШдаги президент сайловида ғалаба қозонган республикачи Дональд Трамп сайловдан кейинги илк интервьюсида лавозимга киришганидан кейинги ўзининг устувор йўналишларидан бири чегарани мустаҳкамлаш бўлишини билдирди. NBC News телеканалининг ноқонуний мигрантларни ёппасига депортация қилиш бўйича сайловолди ваъдасига оид саволга Трамп ўз маъмуриятида буни амалга оширишдан бошқа чора йўқлигини қайд этган.
Демократлар номзоди ва амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис устидан ғалабасини Трамп мамлакатга “соғлом фикр киритилиши” учун мандат деб атаган.
Аввалроқ Трамп иттифоқчилари ва хусусий бизнес вакиллари миграция сиёсатидаги ўзгаришларга махфий равишда тайёрланаётгани ҳақида CNN манбалари маълум қилишганди.
Телеканал суҳбатдошларидан бирига кўра, Трамп командасидаги дастлабки муҳокамалар жиноят содир этган ноқонуний иммигрантларни бадарға қилишга қаратилганди. Бу ерда асосий масала АҚШга болалигида олиб келинган иммигрантларни депортация қилиш керакми-йўқми, деган масаладир.
The Wall Street Journal маълумотига кўра, умумий ҳисобда 20 миллион чоғли мигрант депортацияга тушиши мумкин.
NBC қайдича, сайловолди кампанияси чоғида демократлар Трампнинг иммигрантлар тўғрисидаги гап-сўзларига эътибор қаратишга уринганларига қарамай, латинамерикаликлар орасида Трампни дастаклаш ортгани кузатилган. Трампга кўра, унинг миграция масаласи бўйича позицияси муваффақиятли бўлган, чунки “одамлар мамлакатга қонунга риоя қилувчи фуқаролар келишини истайди”.
Россия фойдасига жосусликда айбланган озарбайжонлик журналист аёл 13 йилга қамалди
Озарбайжонда суд журналист Назакет Мамедовани Россия фойдасига давлатга хиёнат қилганлик айблови билан 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати хабар қилди.
Мамедова оммавий ахборот воситаларида сиёсий шарҳловчи ўлароқ чиқишлар қилиб келган ҳамда Alfa TV Youtube-каналини юритиб келган. Озарбайжон расмийлари уни Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилганликда айблашган. Жиноят иши материалларида Назакет Мамедованинг вазифасига Youtube-канали очиш, интервьюлар ташкил этиш ва “очиқдан-очиқ Россия тарафини олган материаллар” бериб бориш кабилар киргани айтилган.
Иддаога кўра, Мамедова мунтазам равишда Москвага бориб, у ерда махфий учрашувлар ўтказиб келган ҳамда айрим шахсларнинг Россия махсус хизматлари ходимлари билан учрашувини ташкил қилишга уринган. Ўз иши учун у пул олиб келган, бу пуллар банк ўтказмаси орқали бошқа киши номига йўлланиб турган.
Назакет Мамедова 2023 йил октябрида қўлга олинган эди. Судда у ўзига қўйилган айбловни тан олган эмас. Журналист аёл Москвага конференцияда иштирок этиш учун боргани ва телеканаллар эфирида чиқиш қилганини, у томонидан олинган пуллар эса қалам ҳақи (гонорар) ва командировка харажатлари эканини билдирган. Аёл пуллар бошқа одам номига келишини бу даромадларни собиқ эридан сир сақлаш истаги билан изоҳлаган.
Путин Трампни президентликка сайлангани билан табриклади
Россия президенти Владимир Путин Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига сайлангани билан табриклади. У Трампни жасоратли киши деб атаб, унга қўнғироқ қилишга қарши эмаслигини айтди.
“Фурсатдан фойдаланиб, уни Америка Қўшма Штатлари президенти лавозимига сайлангани билан табриклашни истайман. Аввал айтганимдек, биз Америка халқи ишонч билдирган ҳар қандай давлат раҳбари билан ишлаймиз. Бу амалиётда ҳам шундай бўлади”, деган Владимир Путин Валдай форумидаги матбуот анжуманида (тадбир трансляцияси интернетда олиб борилган) бошловчининг АҚШ президентлари тўғрисидаги саволига жавоб берар экан.
Путин Америка президентларининг ҳаммасини қизиқарли кишилар деб ҳисоблашини билдириб, бошқалар бу “дунёдаги етакчи давлатлардан бири”нинг раҳбари лавозимини эгаллай олмаган бўларди, дея қайд этган.
Трамп ҳақида гапирар экан, Путин унинг “биринчи президентлик муддатида ортиқча қадам қўйишга, бир оғиз ортиқча гап гапиришга қўрққан”ини айтган. Шунингдек, у америкалик сиёсатчига суиқасд уюштирилган пайтда унинг ўзини тутишидан таъсирланганини қўшимча қилган.
“Одам ўзини фавқулодда шароитларда кўрсатади. Менимча у ўзини жуда тўғри, жасоратли кўрсатди, ўзини эркаклардай тутди”, дея билдирган Путин.
Россия президенти Трампнинг Россия билан алоқаларни тиклашга интилиш ва “Украина инқирозини тугатишга кўмаклашиш”га оид сўзларини эшитганини айтган.
“Агар Трамп сизга инаугурациягача қўнғироқ қиладиган бўлса, АҚШнинг сайланган президенти билан гаплашишга тайёрмисиз?” деган саволга “ҳа” дея жавоб берган.
“Мен ўзим ҳам унга қўнғироқ қилишим мумкин ва буни уятли иш деб ҳисобламайман. Бу ишни қилмаётганимнинг сабаби қай бир босқичдан бошлаб ғарб давлатлари раҳбарлари менга қарийб ҳар ҳафта қўнғироқ қилишиб, кейин бирдан тўхтатиб қўйишганди. Хоҳламаётган бўлсалар, керак эмас бизга ҳам. Биз эса, кўриб турганингиздек, соғу саломатмиз”, деган Путин.
Кейинроқ АҚШ билан алоқаларни йўлга қўйиш имконияти ҳақида гапира туриб, Путин АҚШ президентлари “теран давлат” вакиллари билан ишлашга мажбур эканини ва “тўғридан-тўғри халққа мурожаат қилишлари” лозимлигини билдирган.
Унинг сўзларидан “теран давлат” деганда Путин президентлик кампаниялари ҳомийлари томонидан Оқ уйга тайинланадиган вакилларни назарда тутгани англашилади. “Теран давлат” давлат сиёсатига зимдан таъсир ўтказувчи мувофиқлаштирилган гуруҳ мавжудлиги тўғрисида АҚШда кенг тарқалган фитна назариясидир. У ҳақда сайланган президент Трамп ҳам ўз чиқишларида гапирган эди.
Ғарб сиёсатчиларининг қўнғироқлари ҳақида гапирганда, афтидан, Путин Украинага кенг кўламли босқиндан олдинги ва ундан кейинги даврни назарда тутган. Путин Украинага бостириб киришга ҳозирлик кўрилганини охирги дақиқагача инкор қилган.
Путин шу пайтгача Трампнинг сайловдаги ғалабаси ҳақида гапирмаган эди. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков Путин сайланган президентни табриклашни истаб-истамаслигидан хабари йўқлигини айтганди.
“Верстка” нашри иддаосига кўра, Путин сайловда ғалаба қозонган Трампга табригини “танишлари орқали” йўллаган. Песков буни рад этган, Трамп штабидагилар эса бунга изоҳ беришмаган.