Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:42

Ургутдаги сув жанжали ортидан ўнлаб йигит ҳибсга олингани ва қийноққа тутилгани иддао қилинмоқда


2021 йилнинг 21 июль куни Ғўс қишлоғи аҳолисининг норозилигини бостириш учун ҳарбийлар ташланган эди.
2021 йилнинг 21 июль куни Ғўс қишлоғи аҳолисининг норозилигини бостириш учун ҳарбийлар ташланган эди.

Самарқанд вилоят, Ургут туман, Камонгарон ва Вағашти қишлоқлари аҳолиси ўртасида июнь ойининг ўртасида сув талашиш ортидан содир бўлган зиддиятдан сўнг, 15 августда икки қишлоқдан қарийб юз киши ҳибсга олиниб, 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

Ҳибсга олинган йигитларнинг аксарияти бу жанжалда қатнашмаган бўлса ҳам, оммавий ҳибсга олишлар чоғида ушланганини айтмоқда.

Қамоқдан чиқиб келган йигитларнинг сўзларига кўра, улар ҳибсхонада ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтакланган.

Шунингдек, Ғўс воқеасида айбланиб ҳибсга олинган Муродилло Азимов, бу воқеаларда умуман иштирок этмаганини айтар экан, шахсий адовати бор орган ходимлари уни аёвсиз калтаклаб, қовурғаларини синдириб юборганини иддао қилмоқда.

Ургут тумани ИИБ мулозими бу жанжалларда безориликда ва орган ходимларига бўйсунмасликда айбланиб, ўнлаб одам ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолининг айтишича, Камонгарон ва Вағашти қишлоқлари орасидаги сув жанжали йиллардан бери давом этмоқда:

“Камонгаронликлар тоғдан ўзлари ҳашар қилиб, лоток ўрнатиб, сув олиб келган. Бунга бир, эллик йил бўлган. Кейин қўшни қишлоғимиз одамлари айтганки, бизларга ҳам беринглар бу сувдан, деб. Камонгаронликлар йўқ, ўзимизда 16 минг аҳоли бор, шундай ҳам етмай ётипти, бермаймиз, деган. Жанжал май ойидан бошланган эди. Лекин ҳеч ким ҳеч кимни ургани, бурнини қонатгани йўқ. Даҳанаки жанг бўлган. Июнь ойида ҳам зиддият давом этди. Августда эса, оммавий ҳибсга олиш бошланди. Камонгарон ва Вағашти қишлоғидан юзга яқин кишини ҳибсга олиб, ўн беш суткага қамашди. Кўпи чиқиб келди. Аммо ҳозир ҳам ўндан ортиқ одам ётибди. Улар ҳокимиятга қарши иш қилганликда айбланмоқда”.

"Йигитларни майиб қилиб ташлашмоқда"

Исми сир қолишини сўраган бошқа камонгаронлик иккита маҳалла оқсоқоли ҳам ҳибсга олинганини айтди:

“Хўжа Аҳрор Валий МФЙ раиси Сафарали Нозимов ва яна бир маҳалла оқсоқоли Болта Акрамовларни ҳам қамашди. Сув учун икки қишлоқ орасидаги жанжал доим бўлиб келган. Лекин бу сафар армияни, солдатларни ташлаб, одамларни уйдан ҳам чиқармай қўйишди. Одамлар бунга жуда қаттиқ норозилик билдирди. Қамоққа олиш ўшандан буён давом этмоқда. Мана, кеча 5-6 сентябрь кунлари ҳам ўнлаб ёшларни олиб бориб тиқиб қўйишди. Қамоқдан чиқиб келганлар эса, милиция ходимлари уларни аямай калтаклаганини айтишмоқда. Бунақада ҳаммани майиб қилиб ташлашадику, булар”.

Исми сир қолишини сўраган камонгаронлик ёшлардан бирининг айтишича, у дарвозасининг олдига чиқиб ўтиргани учун ўн беш суткага қамалган:

“Биз биров билан уришмаган бўлсак, бировга тош отмаган бўлсак. Ўша жанжалда мен иштирок этмаган ҳам эдим. Жанжалдан кейин солдатлар келиб, комендантлик соати қилиб қўйишди. Уйда зерикиб, дарвозамизнинг тагига чиқиб ўтирган эдик. Солдатлар келиб, ушлаб олиб кетди ва ўн беш суткага қамалдим. Мелисахонада менинг нима айбим бор десам, жавоб ўрнига қорнимга роса тепишди. Кейин судга олиб боришди. Судя ҳам сўраб ўтирмай, 15 суткага кесиб юборди. Яқинда чиқиб келдим. Ҳозир даволаняпман”.

"Йигитларда ҳам айб бор, лекин ИИБ ошириб юборди"

Маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, Камонгарон қишлоқ ёшлари милиция ходимларининг битта машинасини ағдариб ташлашган:

“Бўлган бу, бўлмаган, деб ёлғон айтолмайман. Солдатлар келиб, тазйиқни жуда ошириб юборганидан кейин одамлар норози бўлиб кўчага чиқди. Битта машинани ағдариб ташлашган. Шундан кейин қама-қама яна авж олди. Айби борми, йўқми, қўлига тушган одамларни бир четдан олиб бориб тиқиб қўяверишди. Икки қишлоқ орасидаги мана шу сув жанжали аввалдан бор. Шавкат Мирзиёев ҳокимлик даврида ҳам бир қўзғалган эди. Лекин Мирзиёевнинг ўзи келиб тинчитиб кетган эди. Нега вилоят траҳбарлари келиб, аҳоли бошига кетадиган ичимлик сувни ўлчаб, бунчаси сенга, бунчаси сенга, деб муроса қилдириб кетмайди. Катта жанжал ҳиди келиб турган бўлса ҳам раҳбарлар бу муаммоларни ҳал қилишни халқнинг ўзига ташлаб қўйган. Шунинг ортидан бундай стихияли тўполонлар келиб чиқяпти".

"Қилмаган айбни бўйнимга қўйиб, 15 сутка қамаб, қийнашди"

Ургут ИИБ ходимларининг қонундан ташқари ҳаракатлари қурбони бўлганини Ғўс қишлоғилик 31 яшар Муродилло Азимов ҳам таъкидлайди:

“Россиядаги акамнинг фарзандини камситиб хўрлагани учун қўшнимга эътироз қилиб чиққан эдим. У эса отаси билан қўшилиб мени уриб ташлади. Касалхонага тушдим. Бўлган воқеа шу. ИИбга ариза бердим, лекин улар текширмади, аксинча урган болани Россияга қочириб юборишди ва участка нозирлари Шерзод Раҳмонов ва Фаррух Мамашукровлар мендан аризамни қайтариб олишни талаб қилишди. Мен йўқ дедим. Прокуратурага ёзиб бердим. Шундан улар менга қасдлашиб қолишди. 21 август куни мени ИИБга олиб кетишди. Ғўс қишлоғидан Ургутгача қорнимга бошимга уриб борди. Ўқчийман, қусаман, тинмай уриб боришди”

Муродилланинг айтишича, уни калтаклаш ИИБнинг залида давом эттирилган:

"Аваз Маҳмудов билан Фаррух Мамашукуров қаттиқ урди. Ичимга, бошимга, оёғимга роса тепишди. Эрталаб соат 10дан кечқурун соат 8гача навбатма-навбат уришди. Кейин судга олиб боришди. Судя нима гуноҳ қилдинг, деб сўради. Мен, шу қўшним билан уришиб қолганман дедим. Фаррух Мамашарипов эса, одамларни Ғўсдаги тўполонга йиққан одам шу бўлади, деб менга туҳмат қилди. Мен ўртоқ судья, менинг у тўполонларга умуман алоқам йўқ, қўшним мени ургани учун, ёзган нарсасига қўл қўймаганим учун олиб келишди, десам ҳам, судя менга қулоқ солмай 15 суткага қамаш ҳақида қарор чиқарди. Чиққанимиздан кейин Фаррух мени ва онамни яна ҳақорат қилди”.

Муродилло Ғўс воқеалари бўлган куни у уйида уста ишлатаётгани, бу воқеаларга умуман аралашмаганини таъкидлайди:

“Мени Самарқанд шаҳридаги маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш ҳибсхонасига жойлаштиришди. Қорним шишиб кетди. Сиёлмай, ўрнимдан туролмай, температура қилиб ётиб қолдим. “Тез ёрдам” чақиришди. Дўхтирлар кўриб, буни олиб кетамиз, ичи бирор жойи ёрилиб кетган бўлиши мумкин, балки операция қилиш керакдир” деса ҳам, Ургут ИИБ бошлиғининг биздан борганлардан ҳеч кимни касалхонага чиқармасин деган кўрсатмаси бор, деб жавоб бермади. Ҳар куни оғриқ қолдирувчи “кетональ” уколини қилиб, олиб ўтиришди. Ўн кун оёққа туролмай ётдим”.

Муродилло Азимов ўн беш суткалик қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг, 5 сентябрь куни уйига жавоб берилган:

“Келиб, дарҳол касалхонага бордим. Дўхтурлар текшириб, қовурға суякларим синганлигини, ичимда ҳаётий муҳим органлар шикастланганини айтдилар. Ҳозир касалхонада даволаняпман. Милиция ходимлари қасд олиш ёки норозиларни қамоққа олиш режасини бажариш учун ҳар қандай қонунсизликни қилишдан ҳали ҳам воз кечмабди”.

Муродилло Азимовнинг айтишича, юқорида номлари келтирилган профилактика инспекторлари томонидан ҳали ҳам унга нисбатан таъқиб ва тазйиқ давом этмоқда.

Қийноқларга изоҳ йўқ...

Ургут тумани ИИБ профилактика инспектори Фарруҳ Мамашукуров Озодлик билан суҳбатда Муродилло Азимовни калтаклаганини на инкор қилди, на тасдиқлади. Озодлик саволини эшитиб бир оз ўйланиб турди-да, алоқани узиб қўйди.

Яна бир профилактика инспектори Аваз Маҳмудов, Муродилло Азимовни урганлигини инкор этди ва Озодликнинг қўшимча саволини эшитиши билан алоқани узди.

Ургут тумани ИИБнинг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, Камонгарон ва Вағашти қишлоқларидан 60 дан ортиқ одам ҳибсга олинганини тасдиқлади:

“Бу болалар безорилик қилган. Ички ишлар ходимларини урган, машиналарини тошбўрон қилган. Анчаси 15 суткадан ётиб чиқди. Ҳозир қанчаси ётгани ҳақида менда маълумот йўқ. Уни тергов бўлимидан сўранг”.

Ургут тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Муҳаммад Турдиев Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Жорий йилнинг 21 июл куни ҳам Ургутнинг Ғўс қишлоғида юзлаб одам Телеграм орқали "ўз шаънларига ҳақоратли сўзлар ишлатгани" даъво қилинган шахсни жазолашни талаб қилишган, жамоат тартибини сақлаш учун ИИБ, махсус кучлар ва ҳарбийлар жалб қилинган эди.

Ҳодиса пайти бир неча ғўслик жароҳат олган ва ўнлаб йигит ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG