Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:06

Ўзбек қўшиқчиларига чет эл қўшиғини ўзбекча айтиш тақиқланди


«Ўзбекконцерт» маъмурияти ва телерадииолар қошидаги бадиий кенгашлар чет эл қўшиғига ўзбекча сўз қўйиб айтиладиган қўшиқлар эфирга қўйилмаслиги ва интернетга юкланмаслиги борасида қўшиқчиларга душанба куни огоҳлантириш берган.

Ўзбек шоу бизнеси ҳақида ëзадиган тошкентлик журналистнинг 27 июнь куни Озодликка айтишича¸ бундай тақиқ Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси¸ ëзувчи Хайриддин Султоновга оид:

- Бундан буëғига туркча эронча¸ молдаван¸ араб қўшиқларини сўзини ўзбекча қилиб куйланмасин¸ деб Хайриддин Султоновнинг ëрдамчиси шахсан унинг номидан «Ўзбекконцерт» раҳбари Азамат Ҳайдаровга ва телерадиоканаллар раҳбарларига топшириқ берган¸ дейди маҳаллий журналист.

Унга кўра¸ бу тақиқнинг чет эл қўшиқларини оригинал тилида айтилишига алоқаси йўқ:

- "Катюша" қўшиғини русча ижро қилиш мумкин¸ лекин бу ашула ўзбекча айтилса¸ эфирга қўйилмайди. Масалан ¸Моҳим деган қўшиқчининг туркиялик хонанда Айла Челикнинг “Бағдод” номли қўшиғини ўзбекчасига хонандадан рухсат олмасдан куйлагани танқид қилинди.

Баҳром Назаров эса озарбайжон тилидаги “Пари-пари”қўшиғини ўбекча қилиб куйлаган. Бу қўшиқлар ҳозир радио ва телеканаллардан олиб ташланди¸ дейди суҳбатдош.

Айни кунларда Ўзбекистон телеканалларида чет эл қўшиқларига ўзбекча матн қўйиб куйлаган қўшиқчиларни танқид қилувчи лавҳа ва суҳбатлар эфирга узатилмоқда.

Хусусан¸ ўтган ҳафта "Ўзбекистон" телеканали уюштирган давра суҳбатида чет эл қўшиғини ўзбекча айтаëтган хонандалар «фош» қилинди.

Кўрсатувда қатнашган Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси Жўрақул Шукуров тўйларда ижро қилинаëтган қўшиқларнинг 90 фоизига туркча ва арабча куй устига ўзбекча матн қўйилганини ëзғирди:

- Бунга чек қўймасак¸ миллий фожиа юз бериб¸ 5000 йиллик тарихга эга ўзбек мусиқасидан жудо бўламиз ва миллатнинг мусиқий диди тарбиядан жудо бўлади¸ деб таъкидлади бу суҳбатда Шукуров.

Айни дастурда иштирок қилган Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков ва қўшиқчи Манзура ҳам «чет эл куйлари ўрнига ўзбек куйини ишлатиш" зарурлигини урғулашди.

Жорий ой бошидаги «Ўзбекконцерт»даги йиғилишда Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ëқубов ҳам «чет элдаги муаллифлардан сўрамасдан¸ куйини ўғирлаб¸ матнини ўзбекча қилиб қўшиқ айтиш» тажрибасини қоралаб гапирган эди.

Айни мажлисда Ўзбекистон президенти девонидан келган мулозим қўшиқчилар учун марҳум хонанда Ботир Зокиров намуна бўлишини урғулаган.

Мулозим таъкидига кўра¸ Зокиров арабча қўшиқни араб тилида¸ французча қўшиқни француз тилида¸ русча қўшиқни рус тилида қойилмақом куйлаган; ўзбекча куйлаганида эса матн танлашга диққатли бўлган¸талаффузи ҳам чиройли бўлган.

- Бугунги қўшиқчилар бунинг том тескариси. Ўзбекча текстни русча талаффуз билан куйлайди. На бир маъно ва на дид бор буларда¸ деган мулозим¸ мисол тариқасида Муниса Ризаеванинг «Сакраменто»¸ Дилфуза Исмоилованинг «Кел қардошим» қўшиқларини танқид қилган.

Ботир Зокиров ижро қилган қўшиқлар бастакори¸ таниқли санъаткор Дилором Сайдаминова Озодлик билан суҳбатда ҳукумат чекловини қўллашини айтади:

- Ўринли деб биламан бу чекловни. Муаллифдан сўрамасдан¸ куй устига олиб бўғини тўғри келган алмойи- жалмойи сўзларни айтиш профессионаллик эмас. Албатта¸ бир вақтлар яхши маънода¸ бундай тажриба бўлган. Масалан¸ «Мафтуниннгман» фильмидаги қўшиқлар ўзбек ва рус тилида ижро қилинган. Буни бастакорнинг ўзи профессионал тарзда яратган. Мазмун бузилмаган. Бугунги ўзбек қўшиқчиларининг «ижоди» эса профессионалликдан узоқ. Илгари биз буни ҳаваскорлик деб атардик¸ дейди бастакор.

Бастакор Дилором Саидаминова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:02 0:00

Қўшиқ - асосий муаммо эмас

Ўзбекистонлик мунаққид ва блоггер Акмал Ризаев бу чеклашни абсурд деб атади:

- Давлатнинг бутун ресурслари чет эл куйига ўзбекча матн қўйган гуноҳкорни фош қилишга қаратилгани абсурд ҳолатдир. Менга маълум бўлишича¸ Алоқа ва ахборотлаштириш қўмитасига ўзларича YouTubeга қўшиқ юклаëтганларни қидириб топиб, блоклаш буюрилган. ТВдаги ток шоуларни кўрсангиз, Ўзбекистоннинг бутун фожиаси қўшиқчининг савияси паст ижодига бориб тақалади. Улар назарида қўшиқ кўнгил очиш воситаси эмас¸ балки масжиддаги амри-маъруфдек одамларни тарбиялаши керакмиш. Менинг назаримда¸ бу псевдо патриотизим ва мусиқий эстетикани тушинмасликдан бошқа нарса эмас ва жамиятимизнинг асосий проблемаси ҳам эмас¸ дейди мунаққид.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG