Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:26

Халқаро хабарлар

Исроил ҲАМАС лидери Яҳё Синвар ўлдирилганини тасдиқлади

Яҳё Синвар.
Яҳё Синвар.

Исроил расмийлари АҚШ ва ЕИ террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган ҲАМАС ҳаракати етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганини тасдиқлади.

Аввалроқ Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ғазо бўлгасида 16 октябрь куни ўтказилган махсус амалиётда ҲАМАСнинг уч вакили ўлдирилгани, улардан бири Синвар бўлиши мумкинлиги, бу борада текширувлар ўтказилишини маълум қилганди.

“7 октябрдаги қирғин ва ёвузлик учун жавобгар, оммавий қотил Яҳё Синвар бугун ЦАХАЛ аскарлари томонидан ўлдирилди”, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Исраэль Кац жасад тегишли тартибда текширилгач.

“Душманларимиз биздан яширина олмайди. Биз уларни таъқиб этамиз ва йўқ қиламиз”, деб ёзди мудофаа вазири Йоав Галант X платформасида.

Уруш хроникаси: Украина | Яқин Шарқ - Сурияга Ливандан қочқинлар оқими
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

ҲАМАСга алоқадор нашр эса гуруҳнинг ўзи Синварга доир маълумотни эълон қилишини кутишга чақирган.

Яҳё Синвар 1962 йили Ғазо бўлгаси жануби, Хон Юнус шаҳридаги қочқинлар жамлоғида туғилган.

Исроил махсус хизмати уни илк бор 19 ёшида “исломий фаолият” сабаб қамоққа олган. У айни ўша вақтда ҲАМАС асосчиси ва ғоявий раҳбари шайх Аҳмад Ёсиннинг ишончини қозонгани айтилади.

Синвар 25 ёшида ҳаракатнинг “Ал-Мажд” ички хавфсизлик хизматига асос солган.

20 йилдан кўпроқ вақт давомида Исроил қамоқхоналарида жазо ўтган Синвар 2011 йили гаровдаги ЦАХАЛ аскари Гилад Шалитнинг алмашуви доирасида озодликка чиққан.

Исмоил Ҳания 2024 йил август ойида Теҳронда ўлдирилиши ортидан Яҳё Синвар ҲАМАС етакчилигига келган.

Исроил уни 2023 йил 7 октябрь куни уюштирилган ҳужумнинг ташкилотчиларидан бири деб билади.

“Cионистлар 7 октябрь шунчаки репетиция бўлганини билишлари керак”, деган Синвар ўтган йилнинг 30 ноябрида.

Ғазода ўн кунлик озиқ-овқат захираси қолди – БМТ

Исроил-Фаластин, Ғазо. озиқ-овқат.
Исроил-Фаластин, Ғазо. озиқ-овқат.

БМТнинг Фаластин ерларидаги Озиқ-овқат дастури директори Антуан Ренар Ғазо бўлгасида атиги бир ярим ҳафталик озиқ-овқат захираси қолганидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Financial Times газетаси хабар берди.

Жанговар ҳаракатлар тўхтамаётгани, инсонпарварлик кўмаги икки ҳафта давомида чеклангани сабаб озиқ-овқат тақчиллиги хавфи ортган.

БМТ мулозимига кўра, озиқ-овқатнинг кескин камайиб кетгани ортидан 400 мингга яқин ғазолик очлик муаммосига дуч келган.

Маҳаллий аҳоли Financial Times мухбири билн суҳбатда егулик таъминоти билан боғлиқ вазият ўта ёмонлашганидан шикоят қилган.

Исроил инсонпарварлик кўмаги етказиш чекланганини рад этиб, Ғазо бўлгасига 50 та юк машинасида озиқ-овқат ва дори-дармон етказилганини маълум қилган.

Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ва давлат котиби Энтони Блинкен Исроил расмийларига йўлланган мактубда Ғазога ҳар куни 350 та юк машинасида инсонпарварлик кўмаги ўтказишга рухсат бериш талабини қўйганди. Вашингтон бу талаб 30 кун ичида бажарилмаса, Исроилга ҳарбий кўмак чекланишидан огоҳлантирган.

Халқаро гуманитар ташкилотлар Қўшма Штатлар қўйган талабни олқишлаган.

АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот деб эълон қилинган ҲАМАС ҳаракати 2023 йилнинг 7 октябрида Исроил ҳудудига бостириб кирганди. Ҳужум оқибатида 1200 га яқин исроиллик ҳалок бўлган, 240 киши гаровга олинган.

Исроил армияси бунга жавобан Ғазо бўлгасида кенг кўламли уруш бошлаган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ўтган бир йил мобайнида 41 мингдан зиёд ғазолик ҳалок бўлган.

Урушда юзлаб исроиллик ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳам вафот этган.

Тожикистонда мухолифатчи 30 йилга қамалди

 Суҳроб Зафар (чапда) ва Насимжон Шарифов.
Суҳроб Зафар (чапда) ва Насимжон Шарифов.

Душанбе шаҳри суди Тожикистон мухолифатининг икки фаоли – “Группа 24” етакчиси Суҳроб Зафарни 30 йил, унинг сафдоши Насимжон Шарифовни эса 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Суд ҳукми 10 октябрь куни ёпиқ эшиклар ортида эълон қилинган.

Тожикистон расмий идоралари бу хабарни на тасдиқлаган, на рад этган.

Озодликнинг тожик хизмати суҳбатлашган икки манба “судья маҳбусларга прокурор талаб қилган жазони тайин қилгани”ни айтган.

30 йилга озодликдан маҳрум қилиш Тожикистон қонунчилигидаги энг қаттиқ жазолардан бири бўлиб, у камдан-кам ҳолларда қўлланади. Сўнгги босқич умрбод қамоқдир.

Манбаларга кўра, Суҳроб Зафар судда пора олмагани, бировни ўлдирмагани, умуман, надомат чекишга арзийдиган қилмишларни содир этмаганини айтган. У, шунингдек, “Группа 24” террористик ёки экстремистик ташкилот эмаслигини урғулаган.

Ҳукм тафсилотлари номаълум.

“Группа 24” вакиллари аввалроқ Суҳроб Зафар ва Насимжон Шарифов ноҳақ равишда “конституциявий тузумни зўрлик йўли билан ўзгартиришга даъват этиш”да айбланаётганини маълум қилганди.

Ҳар икки мухолифатчи сўнгги йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаб келган. Улар бирин-кетин февраль ва март ойларида ғойиб бўлган. Тожикистон бош прокурори орадан ярим йил ўтганидан кейингина Суҳроб Зафар ва Насимжон Шарифов Душанбеда экани, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тан олган.

“Группа 24” фаоллари уларни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўғирлаган деб ҳисоблайди. Мухолиф ҳаракат ўз раҳбарига нисбатан суд жараёни адолатли ўтганини ҳам шубҳа остига олган.

“Группа 24” 2014 йилда Тожикистон Олий суд қарори билан “экстремистик ташкилот” деб эълон қилинган. Ушбу ташкилотга аъзолик сабаб Тожикистон, Россия ва бошқа мамлакатларда ўнлаб киши қамоққа олинган.

Украина портларига ҳужум озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид туғдирмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия армияси Украина портларига ҳужумларни кучайтириши ортидан Киев Халқаро денгиз ташкилотига мурожаатнома йўллади.

Таҳлилчиларга кўра, Москва Украинанинг порт инфратузилмалари, буғдой омборлари ва фуқаровий кемаларини бомбалаш билан глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Киев халқаро ташкилот кузатувчилари Одесса вилояти жанубидаги портларга келиб вазиятни ўрганиши лозим деб ҳисоблайди.

Украинага босқин: 967-кун | Зеленский Украина Олий Радасида “ғалаба режаси”ни тақдим этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:09 0:00

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига журналистларга сўнгги ҳафталарда Россия мамлакатнинг порт инфратузилмаларига ракета ёғдираётганини айтган.

Ҳужумлар оқибатида 6 октябрдан буён 4 та ноҳарбий кема шикастланган.

Таҳлилчиларга кўра, Россия Украинанинг порт инфратузилмалари, буғдой омборлари ва кемаларни бомбалаш билан глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Украина дунёдаги энг йирик буғдой етиштирувчи давлатлардан биридир. 2022 йилда Россия босқини бошлангунга қадар мамлакат Қора денгиз орқали ҳар ойда қарийб 6 миллион тонна буғдой экспорт қилган.

Россия ҳужумлари ортидан Украина буғдойини жаҳон бўйлаб етказиши хавф остида қолган. Маҳсулот суғурта нархи ҳам кескин ошган.

Киев эълон қилган маълумотларга қараганда, сўнгги уч ой мобайнида Россия Украина портларига 60 маротаба ҳужум уюштирган, бунинг оқибатида 300 га яқин порт инфратузилма иншоотлари ва 22 та кема вайрон бўлган ёки шикастланган.

Россияда қуролли қўзғолон учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия Федерацияси Давлат думаси 15 октябрь куни қуролли қўзғолонларда иштирок этганлик учун жазони кучайтириш кўзда тутилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Эндиликда исёнчилар умрбод озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Амалдаги жиноят қонунчилигида ушбу хатти-ҳаракат учун 20 йилга қадар қамоқ жазоси белгиланган.

Шунингдек, қўзғолонларда иштирок этганлик учун минимал қамоқ муддати 12 йилдан 15 йилга оширилмоқда.

Пригожин қўшинларини ортга қайтарди. Исён хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:30 0:00

Қонун лойиҳасига кўра, исён оқибатида одамлар ҳалок бўлган ёки “бошқа оғир оқибатлар” юзага келган тақдирда иштирокчилар умрбод қамоққа ҳукм қилинади.

Ваколатли идораларни қўзғолонга тайёргарлик ҳақида аввалдан, ихтиёрий равишда хабардор қилган шахслар жазодан озод этилади.

Янги қонун лойиҳаси 2023 йил июнь ойида рўй берган “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатининг исёни ортидан ишлаб чиқилган.

Ўшанда Евгений Пригожин бошчилигида “Москвага юриш” эълон қилган ҳарбий гуруҳлар Ростов шаҳрини эгаллаган, Воронеж йўлини тўсиб қўйган эди.

Исёнчилар олти ҳарбий учоқни уриб туширгани, ҳаво қўмондонлик пунктига ҳужум қилгани оқибатида 15 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Музокаралардан кейин исён тўхтатилган. Кейинроқ Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин ва унинг яқин сафдошлари авиаҳалокатда ўлган.

АҚШ Исроилдан Ғазога кўмакни кўпайтиришни талаб қилди

АҚШ Исроилга Ғазо бўлгасига инсонпарварлик кўмаги ҳажмини ошириш бўйича талабнома йўллади.

Би-би-си хабарига кўра, Қўшма Штатлар Исроил ҳукуматига инсонпарварлик кўмагини кенгайтириш учун 30 кун муҳлат бераркан, ушбу талаб бажарилмаса, айрим ҳарбий кўмак турлари тўхтатилишидан огоҳлантирган.

АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Мэтью Миллер Исроилга “хусусий дипломатик мактуб” тарзида талабнома йўлланганини тасдиқлаган.

Миллерга кўра, Ғазо бўлгасига етиб бораётган инсонпарварлик кўмаги жуда оз.

Вашингтон Исроил тавсияни қабул қилган ҳолда ғазоликларга инсонпарварлик кўмагини кескин оширишига умид қилмоқда.

Халқаро ташкилотлар бир йилдан буён уруш кечаётган Ғазо бўлгаси аҳолиси озиқ-овқат, сув ва дори-дармон тақчиллигидан азият чекаётгани ҳақида бонг уриб келади.

Пхеньян Жанубий Корея билан боғловчи йўлларни портлатди

Шимолий Корея 15 октябрь тонгида Жанубий Корея билан боғловчи автомобиль ва темир йўлларни портлатиб юборди. Бу ҳақда Жанубий Корея Қуролли кучлари Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълум қилди.

Бу амалиётни кескин қоралаган Сеул ҳукумати Пхеньян маъмуриятини Корея ярим оролида тарангликни кучайтиришда айблаган.

Шимолий Корея ҳудудида амалга оширилган портлашлардан жанублик ҳарбийлар жабр кўрмаган.

Вайрон қилинган йўллар яқинда Жанубий Корея маблағи ҳисобига таъмирланган эди. Шу тариқа Сеул Пхеньян билан ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш ва тинчликни қарор топтириш истагида собит эканини билдирган.

Пхеньян эса бир муддат олдин Шимолий Кореяни Жанубдан буткул ажратиш мақсадида йўллар портлатилиши ҳақида баёнот берганди.

Шимол маъмурияти инфратузилма иншоотларининг йўқ қилинганини Жанубий Корея томонидан дронлар орқали аксилҳукумат фикрлар акс этган варақалар тарқатилганига жавоб эканини айтган.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин 14 октябрь куни “душман томонидан мамлакат суверенитетига дахл қилувчи жиддий провокация уюштирилгани” важидан шошилинч йиғилиш ўтказган.

Сеул қўшни ўлка ҳудудига дронлар учирилганини рад этган.

Бунга қадар КХДР ўқув машғулоти иддаоси билан Жанубни бир неча бор ўққа тутгани маълум.

2023 йил декабрда эса Ким Чен Ин эҳтимолий урушга тайёргарлик ҳолатини эълон қилган.

Евроиттифоқ Эронга қарши санкция жорий қилди

Европа Иттифоқи Эроннинг бир қатор компаниялари ҳамда мансабдорларига нисбатан санкция жорий этди, деб маълум қилди ЕИ Кенгаши.

Молиявий жазо чоралари Россияга Украинага қарши урушда қўллаш учун дронлар, ракеталар ҳамда ҳарбий технологиялар етказиб берилгани сабаб татбиқ қилинмоқда.

Брюссель Эроннинг уч авиакомпанияси (Saha Airlines, Mahan Air ва Iran Air), икки савдо фирмаси ва икки ёнилғи ишлаб чиқарувчи ширкатига қарши чекловлар жорий этган.

“Қора рўйхат”га киритилган шахслар орасида Эрон мудофаа вазири ўринбосари Саййид Ҳамза Қаландарий дохил Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали мулозимлари, дипломат ва аэрофазовий ширкат раҳбарлари бор.

Эрон тарихда илк бор Исроилни тўғридан-тўғри ракета ва дронлар билан ўққа тутди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:19 0:00

ЕИ Кенгаши баёнотига кўра, санкция жорий этилган шахслар Яқин Шарқ ва Қизил денгиз минтақаси хавфсизлиги ва барқарорлигига рахна солаётган ташкилот ҳамда қуролли гуруҳларга ҳам қурол-аслаҳа, технологиялар етказиб берган.

Номи “қора рўйхат”га тиркалган ширкатлар ва шахсларнинг ЕИдаги активлари музлатилади, ҳамкорлик алоқалари чекланади. Шунингдек, ушбу шахсларнинг Евроиттифоқ ҳудудига кириши ман этилади.

Брюссель жорий йил март ойида Эронни Россияга қурол-аслаҳа ёки технологиялар етказиш молиявий жазо чораларига сабаб бўлишидан огоҳлантирганди.

Теҳрон Москвага қурол ёки технология етказиб берганини тан олмаган.

Иқтисод бўйича Нобель қашшоқлик сабабини ўрганган олимларга берилди

Нобель мукофоти
Нобель мукофоти

Иқтисодиёт бўйича 2024 йилги Нобель мукофотига Массачусетс технологиялар институти ва Чикаго университети профессорлари Дарон Ажемўғли, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсон лойиқ деб топилди.

Швеция Қироллик Фанлар академиясига кўра, уч олим институтлар қандай шаклланиши ва уларнинг фаровонликка таъсирини ўрганиш бўйича изланишлари учун мукофотланмоқда.

Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсон “Мамлакатлар таназзули сабаблари” деб номланган китоби билан тилга тушган. Ўзбек тилига ҳам ўгирилган мазкур салмоқли тадқиқотда нега айрим мамлакатлар қашшоқликда, яна айримлари фаровонликда яшайди деган саволга жавоб изланган.

Институционал иқтисодиёт йўналиши асосчиси саналган икки олимнинг рисолалари “сўнгги ярим асрда иқтисодиёт ва сиёсат муштарак таҳлил этилган сара асарлар” деб эътироф этилган.

2007-2008 йилларда Халқаро валюта жамғармасида бош иқтисодчи лавозимида фаолият юритган Саймон Жонсоннинг “Жаҳонни бошқараётган 13 банк” номли илмий-оммабоп асари ҳам дунё бўйлаб қўлма-қўл ўқилган.

Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти 1968 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган.

Ушбу йўналиш ғолибларининг эълон қилиниши билан Нобель–2024 ҳафтаси якунланмоқда.

Совриндорларни тақдирлаш маросими анъанага мувофиқ 10 декабрь куни, Альфред Нобель вафот этган санада ўтказилади.

Тожикистон омбудсмени: Россияда мигрантлар таҳқирланмоқда ва калтакланмоқда

Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозода
Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозода

Тожикистон омбудсмени Умед Бобозода Россиядаги тожикистонлик мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганидан хавотир билдирди.

Бобозода россиялик ҳамкасби Татьяна Москальковага мактубида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Тожикистондан бўлган меҳнат мигрантларига муомаланинг ноқонуний усулларини қўллаётгани, уларга қўполлик қилаётгани, уларни калтаклаётгани ва таҳқирлаётгани ҳақида ёзган. У Тожикистон фуқаролари Россия чегарасида тегишли шароитсиз ва озиқ-овқатсиз узоқ муддатга тутиб қолинаётганига оид ҳолатларни қайд этган. Айни пайтда, Бобозодага кўра, ушлаб қолинаётганлар орасида Тожикистоннинг расмий вакиллари, талабалар, қариялар, аёллар ва болалар бор.

Бобозода Москальковадан Тожикистон фуқаролари ҳуқуқларига риоя қилинишида кўмак беришни, бу каби ҳолатлар мониторингини амалга ошириб, керакли чоралар кўришни сўраган.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида тожикистонлик бир неча мулозим россиялик расмийларнинг Тожикистондан бўлган меҳнат муҳожирларига муносабатидан норозилик изҳор қилишган. Хусусан, 4 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган икки мамлакат ҳукуматлараро комиссияси мажлисида бу масала Тожикистон бош вазир Қоҳир Расулзода томонидан кўтарилган.

Ҳар йили юз минглаб тожикистонлик Россияга пул топиш учун боради. Бироқ сўнгги йилда Россияда тожикистонлик фуқароларнинг асоссиз равишда текширилиши ва қўлга олиниши ҳолатлари кескин кўпайган. Вазият шу йил мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги теракт ортидан айниқса таранглашиб кетган. Россиялик терговчилар тахминларига кўра, мазкур террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилган.

Терактдан кейиноқ тожикистонлик минглаб фуқаро Россия аэропортларида ёки чегараларида тутиб қолинган, уларнинг кўпига Россия ҳудудига кириш таъқиқланган ва улар депортация қилинган. Тўлиқ бўлмаган бир йил ичида Россиядан 20 минг чоғли тожикистонлик депортация қилинган.

Калифорнияда Трампнинг сайловолди митинги ўтаётган жой яқинида қуролли шахс ҳибсга олинди

Калифорния штатидаги Риверсайд округи шерифининг ёрдамчилари Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп сайловолди митинги ўтаётган жой яқинида қуролли эркакни қўлга олишган. Округ шерифи содир бўлган воқеани “муҳтамалан, олди олинган суиқасд” деб атаган, дея хабар қилди Southern California News Group.

Калифорнияга қўшни бўлган Невада штатида яшовчи 49 ёшли Вем Миллерга тегишли экани айтилаётган машина митинг яқинидаги постда тўхтатилган. Миллер ёнидан сочма ўқ отадиган ов милтиғи ва тўппонча чиққан, дея хабар қилган Los Angeles Times. Қурол ўқланган эди, гумонланувчидан патронлар солинган ўқдон мусодара этилган.

Қўлга олиниш чоғида Миллер Трамп билан учрашувга VIP-таклифнома ва матбуот гувоҳномаси тақдим этган, деган шериф Чад Бьянко. Унга кўра, гумонланувчи 2022 йилда Невада парламентининг қуйи палатасига сайловда иштирок этган республикачидир. Иддаога кўра, Миллер ўнг аксилҳукумат гуруҳи аъзоси бўлиб ҳисобланади.

Миллер ўқланган қурол олиб юрганлик айблови билан қамоқхонага жойлаштирилган. Хабар чиқаётган пайтгача Трамп штаби бу борада изоҳ берган эмас. Шериф офиси хабарида нохуш ҳодиса номзод ва у билан учрашувга келган митинг иштирокчилари хавфсизлигига таъсир қилмагани айтилган.

Сайловолди кампанияси чоғида Дональд Трампга икки марта суиқасд уриниши содир этилган. Биринчи марта у жуда хавфли вазиятда қолган. 13 июль куни Пенсильваниядаги митингда номзодга қарата ярим автоматик милтиқдан ўқ узилган. Ҳужумчи митинг иштирокчиларидан бирини ўлдирган, яна уч киши яраланган. Ўқлардан бири Трампнинг қулоғини шилиб ўтган. Гумонланувчи 20 ёшли Томас Мэттью Крукс воқеа жойида отиб ўлдирилган.

15 сентябрь куни Трамп гольф ўйнаётган майдон яқинида 58 ёшли Райан Уэсли Рут қўлга олинган. Трамп қўриқчилари гумонланувчига қарата ўт очишган, у яширинишга уринган, бироқ қўлга олинган.

Айблов томонига кўра, Рут президентликка номзодга оптик нишонли милтиқдан ўқ узишни режалаган. Айблов иддаосича, у Трампни ўлдиришни истаётгани ҳақида хат қолдирган. Рут айбловни рад этмоқда.

Исроил шимолига дрон ҳужуми оқибатида 70 чоғли киши яраланди

Исроил хавфсизлик кучлари мамлакат шимолидаги Бинямин шаҳри яқинида дрон зарбаси содир бўлган жойда
Исроил хавфсизлик кучлари мамлакат шимолидаги Бинямин шаҳри яқинида дрон зарбаси содир бўлган жойда

Исроил шимолида ҳужум дрони портлаши оқибатида камида 67 киши тан жароҳати олган. Бинямин — Гиват-Ада аҳоли пунктида портлаган дрон Ливан ҳудудидан, тахминларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи аъзолари томонидан учирилган.

Дрон одамлар ғуж бўлиб турган жойга тушган. “Кешет 12” телеканали хабарига кўра, ҳужум чоғида Исроилнинг ҳаво зарбалари ҳақида олдиндан хабардор қилиш тизими ишламаган. Зарба маҳаллий вақт билан соат 19 атрофида берилган, унда камида учта дрон иштирок этган бўлиб, улардан иккитаси, Исроил армияси маълумотига кўра, уриб туширилган.

“Ҳизбуллоҳ”нинг юқори лавозимли аъзоси “Ал-Жазира” телеканалига зарбага ўз гуруҳи алоқадорлигини маълум қилган. Унга кўра, ҳужум дрон галаси ёрдамида амалга оширилган.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас.

Исроил Ливан томонидан ўз ҳудуди мунтазам равишда ўққа тутилгани ортидан сентябрь ойида “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. У ерда ҳаракат лидери Ҳасан Насруллоҳ ва бошқа юқори лавозимли мулозимлар ўлдирилган. 30 сентябрь куни Исроил гуруҳга қарши чекланган амалиёт олиб бораётганини билдириб, Ливан ҳудудига қўшин киритган.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳаво зарбалари ва қуруқликдаги амалиёти натижасида сентябрь ойи ўртасидан бери мамлакаатда 1300 нафардан зиёд одам ҳалок бўлгани ва 3800 чоғли киши яралангани ҳақида билдирган. Маълумотларга кўра, жанговар ҳаракатлар кетаётган ҳудудларда миллиондан ортиқ одам уйларини ташлаб кетган.

Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг ўтган йил кузидан буён давом этаётган ракета зарбалари натижасида ўнлаб фуқароси ўлгани ҳақида хабар қилган. Ливан чегараси яқинида яшайдиган исроилликлардан 100 минг чоғли одам уйларидан кўчирилган.

Камала Ҳаррис ўз соғлиғига оид тиббий ҳисобот ёйинлади

Камала Ҳаррис
Камала Ҳаррис

АҚШ вице-президенти, президентликка номзод Камала Ҳаррис Оқ уй сайтида ўз соғлиғи тўғрисида тиббий ҳисобот ёйинлади. Унда 59 ёшли Ҳаррис соғломлиги, жисмоний ва руҳий жиҳатдан чидамлилиги, чекмаслиги, алкоголни оз ва меъёрида истеъмол қилиши, спорт билан шуғулланиши, фақатгина мавсумий аллергиядан азият чекиши кўрсатилган. Врач хулосасига кўра, Ҳаррис давлат хизмати билан боғлиқ барча вазифаларни, шу жумладан давлат раҳбари лавозимидаги вазифаларни бажаришга қодир.

Ҳарриснинг маслаҳатчилари тиббий ҳисоботнинг ёйинланиши рақибининг ўзини тутиши қаршисида вице-президент учун манфаатли кўринади, деган фикрдалар. Дональд Трамп кўп йиллар мобайни, шу жумладан президент бўлган даврида ўз соғлиғи ҳақидаги маълумотни камдан-кам ва чекланган миқдорда очиқлаб келган. У бу ишни шу кундаги сайловолди кампанияси чоғида ҳам, ҳатто суиқасд уринишидан кейин ҳам қилмаяпти, бу эса, Ҳаррис фикрича, сайловчиларда “78 ёшли Трамп яна тўрт йил президентлик графигига дош бера олиш даражасида соғломми?” деган саволни пайдо қилиши мумкин.

Ҳар ҳолда, бу Трамп командаси сайловчилар у ҳақда бор ҳақиқатни билишини истамаётганини англатади”, деган Ҳаррис 12 октябрь куни.

Трампнинг сайлов штаби вакиллари бунга эътироз билдиришиб, Трампнинг соғлиғи тўғрисидаги ҳисоботларни унинг врачи Ронни Жексон Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида мунтазам равишда эълон қилиб бораётгани ва бундан Трамп давлат хизмати учун етарли даражада соғлом экани келиб чиқишини айтмоқдалар.

Олий лавозимга номзодларнинг соғлиғига оид масалаларга амалдаги президент, 81 ёшли Жо Байден, таҳлилчилар ва жамоатчиликнинг умумий фикрича, дебатда Трампга ютқазганидан сўнг иккинчи муддатга ўз номзодини қўйишдан бош тортганидан кейин АҚШда кўп эътибор қаратиладиган бўлди. Дебат чоғида Байден паришон кўринган, дудуқланиб, гапидан адашиб кетган эди, буни унга қарши бўлганлар қариликда киши психикасининг ўзгариши ўлароқ баҳолашиб, бу Байденни президентлик вазифаларини бажаришга яроқсиз қилишини иддао қилишганди.

Айни пайтда президентнинг саломатлигига оид ҳисоботлар Оқ уй сайтида мунтазам равишда эълон қилиб турилади ва уларда президентдаги ёш билан боғлиқ барча хасталиклар назорат остида экани ҳамда унда давлат хизматида ишлашга монеълик қилувчи ҳолатлар йўқлиги айтилган.

АҚШ: “Милтон” тўфони туфайли Флоридада 16 киши қурбон бўлди

"Милтон" тўфони оқибатлари, 2024 йил 10 октябри
"Милтон" тўфони оқибатлари, 2024 йил 10 октябри

АҚШнинг Флорида штатида “Милтон” тўфони туфайли, сўнгги маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда CBS News Флорида ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш департаментидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, штатга ёпирилган “Милтон” тўфони дарахтлар ва симёғочлар қулаши, кўчаларнинг сув босиши, биноларга шикаст етишига сабаб бўлган.

Айни пайтда Флоридадаги 2,7 миллиондан зиёд уй электрсиз қолмоқда. Уларнинг айримлари сентябрь ойи охирида штатга ёпирилган “Ҳелен” тўфонидан бери электрдан узилганича қолмоқда.

Таҳлилчиларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, “Милтон”дан кўрилган зарар 100 миллиард долларга етиши мумкин – ўтган йил сентябрида АҚШ содир бўлган барча табиий офатлар етказган зарардан қарийб икки баравар кўпдир. Оқ уй тўфондан жабр кўрган штатга федерал ёрдам ваъда қилган.

Тўфон олдидан Флоридада камида 19 та торнадо ҳодисаси кузатилган. Штатнинг ғарбий соҳилида “Милтон” ҳайдаб келган сув баландлиги уч метрга етган.

Флорида губернатори Рон Десантис штат энг ёмон сценарийдан (тўфоннинг соҳил бўйидаги аҳоли зич яшовчи шаҳарларга бевосита хуружидан) қутулиб қолгани, бироқ ундан кўрилган зарар барибир сезиларли эканини айтган.

“Милтон” ва “Ҳелен” сингари тўфонлар иқлим ўзгариши туфайли шиддатлироқ бўлиб бормоқда: улар йилдан йилга илиб бораётган океан сувлари билан тўйиниб боряпти, ҳароратнинг илиқлиги эса уларга намни кўпроқ ушлаб туриш имконини бермоқда.

“Мемориал”: Россиядаги сиёсий маҳбусларнинг 49 нафари жиннихонада сақланмоқда

Россиядаги психиатрик касалхоналарда сиёсий сабабларга кўра у ерга йўлланган камида 49 киши мажбурий муолажадан ўтмоқда. Бу ҳақда “Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолларининг урғулашларича, бу сиёсий сабабларга кўра жиноятларда айбланганлар учун энг ёмон оқибатлардан биридир, чунки айбланувчилар мажбурий даволанишга муддатсиз йўлланади, касалхонада эса маҳкумлар калтакланади, таҳқирланади ва инсон онгига кучли таъсир қилувчи дорилар (масалан, галоперидол) билан эмланади.

Энг оғир ҳолатлардан бири шаман Александр Габишев иши бўлиб, у қарийб тўрт йилдан буён мажбурий даволанишда тутиб турилибди. “Путинни ҳайдаб чиқариш” маросимини амалга ошириш учун Москвага юриш қилишини эълон қилган бу киши ҳокимият вакилларига нисбатан зўравонлик ва экстремизмда айбланган.

Сиёсий маҳбусларни мажбурий даволанишга йўллаш ҳолатлари Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошлаган 2022 йил февралидан буён айниқса кўпайган. Урушга қарши постлари ва Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатгани учун бу жазога маҳкум этилганлар орасида нижегородлик гид ва блогер Олег Непеин, мусиқачи ва журналист Андрей Гаевский, Москва физика-техника институти ижрочи директорининг ўринбосари Виктор Москалёв каби кишилар бор.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG