Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:52

Кунлигини кунда топадиган оилалар озиқ-овқати тугаётганидан арз қила бошлади


Карантинда ишсиз ўтириши сабаб айрим оилалар қора қозонини қандай қайнатишни билмаяпти.
Карантинда ишсиз ўтириши сабаб айрим оилалар қора қозонини қандай қайнатишни билмаяпти.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораларини жорий қилиш бошланганидан буён ўтган қарийб уч ҳафта якунига етар экан, айрим оилаларда озиқ-овқат тугагани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Озодликка мурожаат қилаётганларнинг аксарияти кундалик ҳаражати учун ишлаб пул топиб келганлардир ва уларнинг оиласида иқтисодий муаммолар кўпаймоқда.

Кам таъминланганлар рўйхатига кирмайдиган бундай оилалар хайрия озиқ-овқатларидан ҳам маҳрум қоляпти.

Жумми таксист: Икки боламни қандай боқаман?

Хоразмлик Жуманиёз киракашлик ортидан оиласини тебратиб келган. Карантин сабаб такси ҳайдашни тўхтатган 48 яшар Жуманиёз рўзғор ҳаражатларига пул қолмаганидан нолиди:

“Асосий даромадим шу таксичиликдан эди. Ҳамма мени Жумми таксист деб танийди. Таксичилик қилиб, рўзғорга керак нарсаларга пул ишлардим. Хотиним бир фермерда ишчи эди. Фермерни ерини олиб қўйишгач, хотиним ҳам ишсиз қолди. Карантин бошлангач, таксиларни тўхтатиб қўйди. Бошида уйдаги бор пулга харажат қилдим. Лекин охирги бир ҳафта қийин бўляпти. Уйда хўроз бор эди, мажбурликдан шуни сотиб, пулига харажат қилдим. “Ётиб еганга тоғ чидамайди”, дегандай, хўрозни ҳам пули тугади. Бошим қотган, буёғига нима қиламан, икки боламни қандай боқаман?”

“Бошпанам бор, лекин ейишга ноним йўқ”

Самарқандлик 37 яшар Азиз тадбиркорлик фаолиятини тўхтатгач, хорижга ишга кетишни режалаштирган. Бу режаси ҳам амалга ошмагач ишсизлар сафига қўшилган Азиз ҳозирда оиласини танишларидан олинган қарз ҳисобига боқяпти:

“Тадбиркорликни тўхтатгач бор пулимни хорижга ишга жўнатадиган агентликка бердим. Агентлик ёпилгач, пулим ҳам уларда қолиб кетди. Карантин пайти улар билан судлашиб ҳам бўлмайди. Бир тийин пулсиз ўтирибман. Уч боламни боқиш учун танишлардан қарз олиб, харажат қиляпман. Мендақалар кам таъминланганлар рўйхатига ҳам кирмайди. Яқинда мендан ҳам вазияти оғир қўшним учун хайрия марказига телефон қилдик. Улар келиб, қўшнимнинг уйини видеога олиб, “шароитингиз яхши экан, сизга хайрия бермаймиз” дейишди. Менинг ҳам бошпанам бор, лекин чўнтагимда пулим, ейишга ноним йўқку?! Нимага буни инобатга олишмаяпти?”.

“Ғамлаган озиқ-овқатимиз тугаса, нима қиламиз?”

Сурхондарёнинг Ангор тумани Навшаҳар маҳалласида яшовчи Эркин Гаппаров ёлланма ишчи сифатида вақтинчалик ишларда ишлаб оиласини боқади. Унинг айтишича, нарх-наво ошгани сабаб, қишлоқдаги айрим оилалар қийналиб қоляпти:

“Озиқ-овқат қимматлаб кетди. Бунинг устига дўконларда тақчиллик. Қозоғистон уни 215 минг сўмга чиқиб кетди. Ўзимизнинг ун йўқ. Ҳозир ҳамма бир амаллаб турибди. Карантин бошланишидан аввал одамлар 3-4 ҳафталик озиқ-овқатни ғамлаб қўйган. Лекин катта рўзғорларда ғамлаган озиқ-овқати тугаб бўлди. Бизнинг оиламизники ҳам тугаяпти. Кейин нима қиламиз. Бирон жойга чиқиб, ишлай олмасак”.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00
Бевосита линк

Эҳтиёжманд оилалар учун хайрия

Карантин бошлангач, саҳоватпеша инсонлар томонидан якка тартибдаги хайрия акциялари ўтказиб келинаётганди.

1 апрелдан якка тартибдаги хайрия тадбирлари тақиқланди ва хайрия масаласи тўла ҳукумат идорасига ўтказилди.

2 апрелда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази тузди.

Эндиликда барча хайрия тадбирлари фақат ушбу марказ томонидан амалга оширилмоқда.

Ушбу марказнинг Сурхондарё вилоятидаги бўлимидан олинган маълумотга кўра, 5 апрелдан бошлаб, вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларга 9 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

“Биринчи ўринда маҳалла йиғинларининг кам таъминланган оилалар рўйхатидаги одамларга хайрия қиламиз. Бу рўйхатга кирмаган ва ёрдамга муҳтож оилалар бўлса, Термиз шаҳрида “1197” қисқа рақамига мурожаат қилишса, ўрганиб кўрилади”, деди марказ ходими.

Қонунчиликка кўра, кам таъминланганлар рўйхатига киритиладиган оилаларнинг моддий ва мулкий ҳолати ўрганиб чиқилади.

ОzodJavob нинг махсус сонида моддий ёрдам кимларга берилиши ҳақида батафсил ёритилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG