Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:59

Россиядан Ўзбекистонга топширилиши кутилаётган қочқин иши бўйича Европа судига мурожаат қилинди (ВИДЕО)


Жамшид Турдиев уч фарзанднинг отасидир.
Жамшид Турдиев уч фарзанднинг отасидир.

Россиянинг Киров шаҳрида Ўзбекистон Бош прокуратураси сўрови билан қўлга олинган ўзбекистонлик қочқин Жамшид Турдиевнинг яқинлари у Тошкентга бериб юборилиши мумкинлигидан қўрқмоқда.

Прокуратура айбловига кўра, Жамшид Турдиев диний-экстремистик ғояларни, Ўзбекистон ҳукуматини босиб олишга чақириқларни тарқатган.

Жамшиднинг яқинлари бу айбловларни уйдирма демоқда.

Москвадаги “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ташкилотиўзбекистолик муҳожирни экстрадиция қилишни тўхтатишни сўраб, Инсон ҳақлари бўйича Европа судига мурожаат юборганини маълум қилди.

42 яшар Жамшид Турдиев 19 декабрда Владивосток - Москва поездидан полиция томонидан тушириб қолдирилди ва ҳибсга олинди. Киров шаҳар транспорт полицияси баёнотига кўра, Турдиев Ўзбекистон Бош прокуратураси сўровига асосан қўлга олинган.

21 декабрь куни Ленин туман судида ўтган жараёнда асли навоийлик Жамшид Турдиев Ўзбекистон Бош прокуратураси талаби билан халқаро қидирувга берилгани эълон қилинди.

Судья Втюрин ўзбек муҳожирини 30 суткага, яъни 2020 йилнинг 18 январигача - тергов якунига қадар ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

Киров шаҳар Ленин туман суди қарорида қайд этилишича, Навоий вилоят ДХХ бошқармаси томонидан Турдиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1- моддаси, 3-қисми "г" банди бўйича жиноят иши очилган.

2019 йилнинг 16 июнида очилган жиноят ишида айтилишича: “2012 йилда Россияга Ўзбекистондан чиқиб кетган Турдиев Facebookда қирғизистонлик имом Рашод қори Камолов ғояларини миясига сингдириб олиб Ўзбекистон Республикаси конституциясига тажовуз қилиш, ҳукуматни босиб олиш, Ўзбекистони Республикаси ҳудудий яхлитлигини конституцияга зид равишда ўзгартириш, Ислом бош манбасига қайтиш, ҳаётни фақат Қуръонга асосланиб қуриш, ушбу мақсадларга етишишга қарши бўлганларга қарши сиёсий ва қуролли курашиш, барча мусулмонларни Исломнинг яшил байроғи остида бирлаштириш мақсадида Сурияда фаол жанг қилиш чақириқларини ёзиб келган".

Бу айблар бўйича Турдиев Ўзбекистонда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

"Киров полицияси янги усулни қўллади!"

Жамшид Турдиевнинг ҳимоясини таъминлаб келаётган “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев Россия суд тизими биринчи маротаба қочқинни бериб юбориш учун “янгича усулни” қўллаганини сўзлаб берди:

- Киров шаҳар Ленин туман суди чиқарган қарорни мен биринчи маротаба Россия судларида кўряпман. Бир кун ичида суд икки хил қарор қабул қилган: биттаси - “видворение”, яъни Ўзбекистонга миграция қонунчилигини бузгани учун чиқариб юбориш; иккинчи суд қарори - “экстрадиция”, яъни Ўзбекистонда қидирувда бўлгани учун ҳибсга олиш ва бериш юбориш. Мақсад - қандай йўл билан бўлса ҳам уни бериб юбориш! Аммо, бизнинг шикоятимиз асосида Киров вилоят суди депортацияни бекор қилди, энди экстрадиция қилиш учун эса экстрадиция суриштируви олиб борилади.

Ҳуқуқ фаоли ўзбекистолик муҳожирни экстрадиция қилишни тўхтатишни сўраб, Инсон ҳақлари бўйича Европа судига мурожаат юборганини маълум қилди.

“Ёрдам” ташкилоти раҳбари уларнинг Россия Бош прокуратураси ва халқаро ташкилотларга қилган шикояти ортидан 26 декабрь куни Турдиев прокуратура босими остида қўйиб юборилгани, аммо бироз вақтдан кейин унинг ортидан полиция келиб, Жамшидни иккинчи маротаба ҳибс этганини айтди.

Баҳром Ҳамроев охирги бир-икки йилда Ўзбекистон махфий хизматлари ҳақиқатан ЖКнинг 159-, 244- “сиёсий” моддалари асосида қочқинларни олиб кетишни бас қилганини гапирар экан, Жамшид Турдиевга нисбатан бу сўровномани “Каримов даврига қайтиш”, деб атади.

Ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев ижтимоий тармоқларда “Жамшид Турдиевни ўғирлаб кетишаяпти экан” деган гапларни тарқатмасликни, зеро у ҳозир Европа суди ҳимояси остида ва экстрадиция текшируви якунлангунига қадар Россияда қолишини билдирди.

Жамшиднинг яқинлари унинг айбсизлигига ишонмоқда

Озодлик билан суҳбатлашган Жамшиднинг укаси Раҳимжон акасига қўйилган айбларнинг барчаси "уйдирма ва туҳмат" эканини иддао қиди.

- Акамни ўғирлаб келишмоқчи ва аллақандай айбловлар асосида қамашмоқчи. Акамга 30 варақли айблов эълон қилибди,- деди Раҳимжон.

Youtube тармоғида Жамшиднинг онаси Роҳила Турдиева видеомурожаати тарқалди.

Президентга ва ўзбек халқига қарата гапирган она 2012 йилда ўғли МХХчилар босими остида Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганини эслаган:

- Иши яхши эди, мебель ясарди, жўжа чиқарарди инкубаторда. Ўғлимни диндорлиги учун туҳмат билан қамадилар, кетишга мажбур қилдилар. Маҳалламиз қўмитаси котибаси “Жамшид, сизни СНБ сўраяпти!”, деб қўрқитиб, ишини қилдириб оларди, ўғлим боши хам бўлиб юрди. Охири боламни “Ё 159- ё 244- моддани бўйнингга оласан”, деб қамашганди.

Она ўғли Ўзбекистонга қайтса уни бошқа жиноятларда ҳам айблаб қамашлари мумкинлигини айтмоқда.

Жамшид Турдиев 1977 йилда Навоий вилоятининг Кармана туманида туғилган. 1992-1994 йилларда Қўқон жоме масжиди қошидаги "Камолот" мадрасасида таҳсил олган.

1999 йил Тошкент портлашларидан сўнг Турдиев минглаб бошқа диндорлар ва сиёсий фаоллар қаторида “қора рўйхатга” тушган ва 2000 йил апрелида у яшаган уй МХХ ходимлари томонидан тинтув қилинган.

Тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган кишиларнинг “қора рўйхати” мавжудлиги 2017 йилда президент Мирзиёев томонидан расман айтилган ва бу рўйхатдан адашганларни чиқариш ташаббуси кўтарилгани борасида Озодлик хабар берганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 8 декабрь куни Конституция қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган маърузасида диний экстремистик гуруҳларга алоқадор кўрилган 20 мингдан зиёд фуқаро назоратдан чиқарилганини маълум қилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG