Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:17

"Хиёнатчи, порахўр, ноинсоф". Мирзиёев тадбиркорга "тўсиқ бўлган" амалдорларни ишдан олди


Президент Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир устувор вазифаларга бағишланган видеоселетор йиғилиши ўтказмоқда. 2021, 8 апрель.
Президент Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир устувор вазифаларга бағишланган видеоселетор йиғилиши ўтказмоқда. 2021, 8 апрель.

Президент Мирзиёев икки вилоят ва тўрт туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарларини ишдан олди. Давлат раҳбари 8 апрелда ўтказган видеоселектор йиғилишида, шунингдек, банк раҳбарлари, бир қатор туман ва шаҳарлар солиқ идоралари етакчилари ҳам ишдан олинди.

Президентнинг топшириғига биноан ишдан бўшатилганлар ишлаган даврида олган иш ҳақини тўлиғича давлатга қайтариши лозим.

Тадбиркорликни ривожлантиришга оид ўз ҳудудларидаги кўрсаткичлари ёмонлиги учун жазоланганларни президент “хиёнатчи” деб атади.

Бу воқеани шарҳлаб беришни Озодлик ҳоким ўринбосари ишдан олинган вилоятлардан бирида яшовчи тадбиркор, тошкентлик мустақил иқтисодий таҳлилчи ҳамда ҳуқуқшуносдан сўради.

Президентнинг ғазаби

Президент Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга бағишланган видеоселектордаги нутқида маҳаллий бюджет тушумлари тадбиркорлар фаолиятига боғлиқ эканини таъкидлади.

– Жуда оғир йилларда яшаяпмиз. Ҳар куни изланиш, интилиш ва пировард мақсадга ишлаш керак. Тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратмасак, тадбиркорларни кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларда маҳаллий бюджет кўпаймайди-ку. Биз қанчалик кўп маблағ бермайлик, фармон-қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, қуйи поғонадаги раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириб, тадбиркор билан дўст бўлиб ишламаса, натижа бўлмайди, деган Президент.

Давлат раҳбари расмий сайти видеселектор йиғилишидаги гапларни, ҳар доимгидай силлиқлаб берган бир пайтда, бошқа ахборот воситалари Шавкат Мирзиёевнинг эмоционал гапларидан иқтибослар келтирди.

“Ўзбекистон24” телеканали тайёрлаган сюжетдан Президентнинг йиғилиш қатнашчиларига қарата айтган мана бу сўзлари ҳам жой олган:

Яна қандай тушунтирай сизларга? !

“Яна қандай тушунтирай сизларга? ! Кўп жойларда сизлар кишан бўлмасаларинг, коррупция бўлмаса, порахўрлик бўлмаса, банки, солиғи ноинсоф бўлмаса, ишимиз бундан ҳам яхши кетади. Сизлар тўсиқсизлар кўп жойларда”.

Президент ўша “тўсиқ”лардан баъзилари: Навоий вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ҳасановни ҳамда Қашқадарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Бўтаевни ишдан олди.

Фермер: Ҳокимнинг зуғуми туфайли ҳаммамиз куйиб қолдик

Қашқадарёлик 40 яшар фермер Феруза Элдиёрова оёғида мустаҳкам турган тадбиркорлардан. Унинг айланма маблағи, ўзининг айтишича, 1 миллиард сўмдир.

8 апрелда ўтган йиғилиш юзасидан фикрларини Озодлик билан ўртоқлашар экан, Феруза Элдиёрова биргина воқеани айтиб берди:

Косон туман ҳокими А. Бойқораев уруғликка буғдойни ҳам товар буғдой сифатида топширишга мажбурлади.

“Мен яшаб, ишлайдиган Косон туман ҳокимлиги 2020 йили буғдой топшириш вақтида ўзи чиқарган қарорни ўзи бузди. Буғдойни, одатда икки хил шартнома бўйича топширамиз: уруғлик буғдой ва товар буғдой. Ўтган йили товар буғдой бўйича давлат режаси Косонда бажарилмади. Шу сабабли Косон туман ҳокими А. Бойқораев уруғликка буғдойни ҳам товар буғдой сифатида топширишга мажбурлади. Уруғлик буғдой товар буғдойдан қиммат юради. Уруғликнинг бир килоси 2700-2800 сўм бўлса, товар буғдойнинг килоси 2000 сўм. Натижада фермерлар жуда катта пулга куйиб қолди”,- дейди фермер.

Феруза Элдиёрованинг айтишича, 2020 йилнинг буғдой ҳосили билан боғлиқ зарар бу билан чекланмаган.

Фермерлар шикоят қилишига йўл қўйилмади. Прокурорнинг босими сабабли жим қолавердик

“Буғдойдан тушадиган даромад пулини биринчи бўлиб фермерлар олмади. Косон тумани бир неча йиллардан бери солиқдан қарз бўлиб қолган экан, бизнинг пулларни ўша қарзни ёпишга йўналтиришди. Фермерлар шикоят қилишига йўл қўйилмади. Прокурорнинг босими сабабли жим қолавердик”, - деди қашқадарёлик фермер.

Яна кимлар ишдан олинди?

Президент 8 апрелда ишдан олганлар орасида Қашқадарё вилоят Солиқ бошқармаси бошлиғи Бозоров, Марказий банкнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Ражабов, Марказий банкнинг Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи Саидов ва Cолиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадиевлар бор.

Булардан ташқари Улуғнор, Узун, Ёзёвон, Деҳқонобод туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, Андижон, Олтинкўл, Олот, Қоракўл, Оқолтин, Чилонзор, Мўйноқ туманлари, Хива ва Чирчиқ шаҳарлари солиқ идоралари бошлиқлари ҳам лавозимидан озод этилди.

Иқтисодчи: Иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси нотўғри

Тошкентлик иқтисодчи, 90- йиллар бошида тузилган “Иқтисодчилар” норасмий гуруҳи аъзоси Ғуломқодир Турсунов муаммо президентнинг кадрлар сиёсатида эканини айтади.

Президент айбни энг аввало ўзидан, ўзининг кадрлар сиёсатидан, ўз атрофига кимларни йиққанидан қидириши керак.

“Президент айбни энг аввало ўзидан, ўзининг кадрлар сиёсатидан, ўз атрофига кимларни йиққанидан қидириши керак. Порахўр, ўғрилар тўлиб ётибди. Бир қараши керак: балки муттаҳамларни вазир қилиб қўйгандир, ҳоким қилиб қўйгандир? Бу саволни президент ўзидан сўраб кўрсин. Балки жавобини топар”, - дейди иқтисодчи.

Ғуломқодир Турсуновнинг фикрича, кичик ва ўрта бизнес, умуман иқтисодиётнинг ривожига, албатта, катта-кичик амалдорларнинг ишга лаёқатсизлигию порахўрлиги сабаб бўлмоқда, бироқ энг катта тўсиқ – иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси нотўғрилигида.

Масалага комплекс ёндaшиш керак. Бизда мана шу нарсани ё тушунадиганлар йўқ ёки тушунишни истамаяптилар.

“Бу йил мана бу соҳани, келаси йил ана у соҳани ривожлантирамиз” билан иқтисодиёт жойидан жилиб қолмайди. Масалага комплекс ёндaшиш керак. Бизда мана шу нарсани ё тушунадиганлар йўқ ёки тушунишни истамаяптилар”, - деди иқтисодчи.

Ғуломқодир Турсуновнинг фикрича, иқтисодиёт оқсаётганининг яна бир катта сабаби аҳолининг қашшоқлиги, харид қувватининг ўта заифлиги бўлиб қолмоқда.

"Хиёнатчилар олган маошини қайтарсин!"

Президент ҳоким муовинлари, банк ва солиқ идоралари бошлиқлари ёки уларнинг ўринбосарларини ишдан олар экан, “Ишдан олинганлар ишлаган даври учун ҳамма ойлигини давлатга топширсин. Телевизорда расмини чиқариб, «хиёнатчи» деб бериш керак”, деди.

Ҳуқуқшунос: Президент жазолашга ҳақли, лекин...

Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг фикрича, давлат раҳбари масалани бундай қўйишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93- моддасида мамлакат президентига жуда кенг ваколатлар бериб қўйилган ва давлат раҳбари кеча ўз ваколатлари доирасида иш кўрди. Мен президентнинг ҳаракатларини ҳуқуқий тўғри, деб баҳолайман”,- дейди Руҳиддин Комилов.

- Президент ойликларни судсиз, терговсиз қайтаришни талаб қилиши қанчалик тўғри? - деган саволга ҳуқуқшунос бундай жавоб берди:

- Президентнинг бу гапидан кейин тегишли ташкилотлар уларнинг ишини кўради. Ҳуқуқий механизм бор. Ўша механизм бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари шуғулланиши мумкин. Иш судгача етиб бормаслик эҳтимоли ҳам бор. Чунки медиация институти мавжуд. Яъни суддан ташқари, терговдан ташқари ҳал қилиш мумкин масалани. Демак,уларга “ўзингни билиб, тўлаб қўй” дейилиши мумкин. Тўламасалар...

Ҳуқуқшунос шу жойда, ҳокимлар ва бошқа амалдорлар чиндан ҳам ишламаётгани, улар чиндан ҳам тадбиркорлар йўлидаги тўсиқ эканлиги ҳақида гапирди. Бу гапни у бир неча йил олдин бошлаган бизнеси давлат амалдорлари айби билан барбод бўлгани, ўшандан бери, қонунларни била туриб, ўз ҳақини тиклай олмаётгани учун бемалол айтаётганини писанда қилди.

- Демак, сиз ҳозир саволларимизга ҳуқуқшунос эмас, балки аламзада тадбиркор сифатида жавоб беряпсиз экан-да?

Бу саволга Руҳиддин Комилов: “Йўқ, ҳеч кимга хусуматим йўқ. Саволингизга қонундан келиб чиқиб жавоб бердим. Президентнинг сўзларининг қонуний талқини, менинг назаримда шундай”, - деб жавоб берди.

- Президент ишдан олинганларни хиёнатчи, деб атади. Бунга нима дейсиз?

Бу гап ҳеч бир қонун меъёрларига тўғри келмайди. Жиноят кодексида  фақат “Давлатга хоинлик қилиш” деган модда бор.

- Бу гап ҳеч бир қонун меъёрларига тўғри келмайди. Жиноят кодексида фақат “Давлатга хоинлик қилиш” деган модда бор. Тўғри, президент амалдорларни кўп огоҳлантирган, лекин улар қулоқ солмади. Президент шу нуқтаи назардан гапирган гап бу. Лекин ишдан олинганларни Жиноят кодексининг “Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар” бобидаги моддалар бўйича жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди. Бироқ агар ҳаракатсиз ҳокимларни чиндан ҳам жазолашни истасалар, Жиноят кодексида етарлича бошқа моддалар бор”, - деди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

XS
SM
MD
LG