Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:57

"Тадбиркор синади". Ип-калава экспорти учун тўлов бирданига 32 баробар оширилди


Бухородаги ип йигирув фабрикаси. 2012, 15 июнда олинган сурат.
Бухородаги ип йигирув фабрикаси. 2012, 15 июнда олинган сурат.

Ип-калава экспорт қилувчи ўзбекистонлик бир гуруҳ тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамасидан 18 март куни қабул қилинган 148-қарорни бекор қилишни сўрамоқда.

Бу ҳақда Озодликка билдирган фарғоналик тадбиркорнинг айтишича, 148- қарор билан ҳукумат экспорт қилинадиган ип-калава учун қўшимча тўлов миқдорини бирданига 32 мартага ошириб юборган. Оқибатда, тадбиркорларнинг сўзларига кўра, ип-калава экспорт қилувчилар синиши мумкин.

148- қарор “Республика худудида ип-калавани чуқур қайта ишлашни таъминлашга каратилган чора-тадбирлар тўғрисида”дир.

Экспортчиларнинг иддао қилишича, ушбу қарордан кўзланган мақсад унинг қабул қилинишидан манфаатдор компанияларга имтиёзли шароитлар яратиб беришдир.

1 цент 32 центга айланди

Вазирлар Маҳкамасининг Озодликка нусхаси келиб тушган 148- қарорига ХДФУ (Хизмат доирасида фойдаланиш учун) грифи қўйилган.

2021 йил, 18 март санаси қўйилган, 2 бет, 5 бандли бу ҳужжат остига “Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов” деб ёзилган ва имзо қўйиладиган жойга ҳукумат Умумий бўлими муҳри босилган.

148- қарор нусхасини Озодликка тақдим этган тадбиркор ҳужжатни шарҳлар экан, уни “ҳукумат рэкет йўлига ўтиб олгани исботидир”, дея иддао қили.

(Бу тадбиркор ва унинг ортидан Озодлик суҳбатлашган бошқа тадбиркорлар ҳам “ўзи зўрға турган бизнесига зарар етишидан” қўрқиб, фирмалари номи ҳам, исм-фамилиялари ҳам айтилмаслигини сўради)

Тадбиркорнинг айтишича, у ип-калава ишлаб чиқаради ва маҳсулотини 100% Хитой, Россия, Туркия ва Ҳиндистонга экспорт қилиб келган. У Ўзбекистон президентининг 2019 йилнинг 16 сентябрдаги қарорига асосан жорий йил бошидан буён экспорт қилган ҳар килограм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари (1 цент) йиғим тўлаб келган.

48-қарор талаби билан 1 цент ўрнига 32 цент тўлашим керак.

“Энди эса, деб ёзди тадбиркор, 148-қарор талаби билан 1 цент ўрнига 32 цент тўлашим керак. Бу дегани ҳар бир кило товарим устига 32 цент минади, дегани. Бунақада мен клиентларимдан айриламан. Бундай қиммат молни клиент мендан олмайди. Тасаввур қилинг, 20 тонналик контейнер учун 6400 доллар тўлашим керак. Бу дегани 500 та контейнер экспорт қилсам 3.200.000 доллар тўлашим керак. Ахир бунақада ишлаб бўладими?”, деди экспортчи.

148- қарорда нима дейилган?

Президентнинг 2019 йилнинг 16 сентябрдаги қароридаги шартларни 5 ойга – 2021 йилнинг 1 мартидан 1 августигача ўзгартирган қарорини Вазирлар Маҳкамаси жаҳонда ип-калавага эҳтиёж ортиб кетгани, натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда хом ашё тақчиллиги юзага келгани ва ўша тақчилликни бартараф этиш зарурати мавжудлиги билан изоҳлаган.

Қарорнинг “Республикада пахта ип-калавасини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда экспортни хар томонпама қўллаб-қувватлаш максадида” қабул қилингани айтилган.

Ҳужжатнинг 1- ва 2- бандлари юқорида тадбиркор айтган 1 центлик йиғимни 32 центга кўтариш ҳақидадир.

Кейинги бандлари жорий йилнинг 1 мартидан 1 августигача бўлган даврда ип-калава экспорти учун квота белгилашга оид бўлиб, бу ваколат Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. У. Умурзоқов раҳбарлигидаги Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашига берилган.

Қарорга биноан, 2021 йил 1 мартдан 2021 йил 1 августгача бўлган даврда пахта ип-калавасини экспорт қилиш квотаси умумий ишлаб чиқариладиган пахта ип-калавасининг ўртача 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Ҳукумат қарорида айтилишича, экспорт йиғимларини оширишдан тушадиган маблағлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади ва бу пулдан экспортчиларга кредит ажратилиши мумкин.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати 148- қарор туфайли иши тўхташни бошлаган тадбиркорлар масаласида Озодлик қилган мурожаатни жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси матбуот хизмати мулозими Озодликнинг 148- қарор ип-калава экспортига қандай таъсир қилгани тўғрисидаги саволини эшитиб, алоқани узди.

Бухоролик ва фарғоналик экспортчилар нима дейди?

Озодлик бухоролик ва фарғоналик икки экспортчи ҳамда фарғоналик ип-калавани сотиб олувчи тўқимачи билан гаплашди.

Бухоролик экспортчи қарорни ҳали кўрмаганини, лекин унинг мазмунидан хабардор эканини айтаркан, бундай деди:

Туркларнинг пулини олиб қўйганман. Уларга 10 мошин ип сотишим керак. Энди ишим чўзиладида...

“Бу қарор, албатта, менинг ишимга таъсир қилади. Туркларнинг пулини олиб қўйганман. Уларга 10 мошин ип сотишим керак. Энди ишим чўзиладида...”

Ҳукуматнинг бу қарорни қабул қилишдан мақсадини тушуниш-тушунтиришга уринар экан, экспортчи бундай деди:

“Ички бозорга ип-калава етмагани учун қилиняпти, менимча, бу иш. Ҳар йили ип-калава кетмасди. Харидор ҳам унча йўқ эди. 12-13 йилдан бери ип-калава савдоси билан шуғулланаман. Бу йил биринчи марта сал эркинлик берилувди. Чунки йиғимни минимумга туширишган. Шунинг учун қилишаётган бўлса керак. Лекин бу ишлар, менимча, нотўғри. Бозор ўзини ўзи регулировка қилиши керак. Ҳукуматнинг бундай аралашиши нотўғри”.

Бухоролик экспортчининг фикрича, ҳукумат кўзлаган мақсадига етиши қийин:

Ички бозорнинг бошқа проблемаси бор: маҳаллий ишлаб чиқарувчида пул йўқ.

“Чунки ички бозорнинг бошқа проблемаси бор: маҳаллий ишлаб чиқарувчида пул йўқ. Масалан, Хитой келади-да, “мен сендан 10 мошин ип оламан” дейди. Пулини бирданига тўлаяпти. 10 мошин юкнинг пули 300-400 минг доллар бўлади. Албатта, мен Хитойга сотаманда! Маҳаллий ишлаб чиқариувчи кўп олса, 5 тонна олади. Пулини эса, бир-икки ойдан кейин беради. Бергандаям тўлиқ бермайди, майда-майда қилиб беради”.

Фарғоналик экспортчи бухоролик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ, қарор билан танишиб чиққан.

Озодлик билан суҳбатда у “тола сотгандан, ип-калава, ип-калава сотгандан газлама, газлама сотгандан тайёр кийим сотган яхши эканлигини ҳамма билади, шу жиҳатдан олганда ҳукумат 148- қарорни яхши ниятда қабул қилган деб ўйлаш мумкин”, деди.

Бироқ айни пайтда фарғоналик экспортчи ҳам бухоролик ҳамкасби сингари ички бозорнинг харид қуввати ўта пастлигини таъкидлар экан, ҳукумат 148- қарори билан ташқи бозор эшигини ҳам ўз экспортчиси учун ёпиб қўйганини айтди:

Ҳар кило ип-калавага 32 центдан қўшилса, бизнинг товарни ҳеч ким олмайди. Ҳа, айтганча, нима учун 32 цент? Нега 15, 20 ёки 40 цент эмас? Бу рақам қаердан келгани қарорда тушунтирилмаган.

“Ҳар кило ип-калавага 32 центдан қўшилса, бизнинг товарни ҳеч ким олмайди. Ҳа, айтганча, нима учун 32 цент? Нега 15, 20 ёки 40 цент эмас? Бу рақам қаердан келгани қарорда тушунтирилмаган. Хуллас 32 цент устига минганидан кейин биз ё зараримизга сотишга ёки ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйишга мажбур бўламиз. Шунинг учун шу кунда бошимизнинг ичи ҳам, таши ҳам қотган. Ҳукуматга хатлар ҳам ёздик. Қарорни ё бекор қилинглар, ё шартларини қайта кўриб чиқинглар, деб сўраяпмиз”.

Фарғоналик экспортчининг фикрича, ички бозорда экспортбоп ип-калава нархи йил бошидан буён бироз кўтарилган.

Бироқ бошқа бир фарғоналик тадбиркор-тўқимачининг айтишича, нархлар йил бошидан буён ўзгаришсиз турибди:

Йил бошидан бери ип-калаванинг нархи ўзгаргани йўқ.

“Ҳа, корхонамиз тўқимачилик корхонаси. Ип-калава сотиб оламан. Лекин йил бошидан бери ип-калаванинг нархи ўзгаргани йўқ. Билмадим, балки корхонамиз унча катта бўлмагани учун билинмагандир...

148- қарордан ким манфаатдор?

Бухоролик экспортчи бу саволга жавобан “Ҳукумат ички бозорни ўйлаяпти”, деди.

Фарғоналик экспортчи:Менимча, амалдорларга қарашли фабрикалар лоббировать қилган менимча бу қарорни”, деди.

Бу мавзу юзасидан Озодликка мурожаат қилган тадбиркор эса, 148- қарор қабул қилиниши ортида ип-калава экспорти билан шуғулланувчи махсус кластер корхоналар турганини тахмин қилди, уларнинг баъзилари номини ёзди ҳам. Бироқ Озодлик у корхоналар билан боғлана олмагани учун номларини ҳозирча очиқламайди.

XS
SM
MD
LG