Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:22

Қирғиз ҳукумати: Ислом Каримов қарши бўлган “Қамбарота-1” ГЭСини қуришга Шавкат Мирзиёев рози бўлди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Тошкентда учрашди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Тошкентда учрашди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримов қарши бўлган “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишида Қирғизистон билан ҳамкорлик қилишга розилик билдиргани ҳақида қўшни давлат президенти Садир Жапаров Озодлик радиоси қирғиз хизматига 15 март куни берган интервьюсида маълум қилди.

Садир Жапаровнинг 11-12 март кунлари Тошкентга қилган сафари чоғида бу борада принципиал келишувга эришилган. Садир Жапаров Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида бу йўналишдаги ишлар бошлангани тўғрисида айтган.

13 март куни Ўзбекистон Энергетика вазири Бишкекда "Қамбарота" бўйича навбатдаги шартномани имзолади

-Биз “Қамбаота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан бирга қуриш тўғрисида шартномага эришдик. Ҳозир иш бошланди. Ҳудо ҳохласа, “Қамбарота-1” ГЭСини уч йил ичида қуришни мақсад қилдик. Бу лойиҳа тўлиқ амалга ошади. 30 йилдан бери амалга ошмай қолиб кетаётган бу лойиҳа уч йилда қуриб битказилади, - деди Садир Жапаров.

Қирғиз президентининг Тошкент сафаридан бир кун ўтгач - 13 март куни Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов раҳбарлигидаги делегация Бишкекка келди.

Алишер Султонов Қирғизистон Энергетика ва саноат вазири Қубаничбек Турдубаев билан учрашиб, “Қамбарота-1” лойиҳаси юзасидан ҳукуматлараро мувофиқлаштирув қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги баённомани имзолади.

“Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилиди ва бу кенгаш июнь ойигача лойиҳа бўйича ўз таклифларини тақдим этади. Ҳамкорликнинг формати қандай бўлади, инвестиция қандай жалб қилинади, айни шу масалалар юзасидан таклифларни ишлаб чиқишади. Таклифлар тайёр бўлгач, ҳукуматлараро комиссия махсус қарор чиқаради. Ҳозирча Ўзбекистон “Қамбарота-1” лойиҳасида қандай иштирок этиши ҳақида аниқ маълумот йўқ”, - деди Қирғизистон Энергетика ва ишлаб чиқариш вазирлиги матбуот хизмати вакили Азамат Қурамаев.

Ўзбекистон 2016 йилдан бери "Қамбарота"ни ҳамкорлик қуришга ваъда бериб келмоқда

Ислом Каримов ҳукумронлиги даврида Ўзбекистон ҳукумати ва мутахассис олимлари Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСининг қурилишига қарши чиққан эди. Ислом Каримов мазкур ГЭС қуриладиган бўлса Ўзбекистон сувсиз қолиши мумкинлигини айтиб келган.

“Қамбарота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан бирга қуриш борасидаги ҳабар қирғиз жамиятида турлича қабул қилинди. Қирғизистонда бу ишни қўлловчилар билан бир қаторда унга ишонмаганлар ҳам мавжуд.

Энергетика масалалари бўйича эксперт Мирзатай Султаналиев бу ташаббусни қўллашини айтади. Лекин унга кўра, қурилишнинг уч йилда тамомланиши ҳақидаги мужда ишончсиздир.

“ГЭСни Ўзбекистон билан биргаликда қуриш тўғрисида келишувга эришилгани қувонарли ҳолатдир. Негаки ўзимизда ГЭСни қуришга маблағ йўқ. Бу лойиҳа Ўзбекистонга ҳам фойдали, шунинг учун қўшнилар бунга киришаяпти. Аммо Қирғизистон Ўзбекистон билан бирлашса ҳам мазкур лойиҳани амалга ошириш учун етарли даражадаги маблағ йиға олмайди. Бу лойиҳага бошқа давлатларни ҳам киритишга мажбур бўлишади. Қолаверса, “уч йилда қуриб бўламиз” дейиш бу утопия. Уч йилда ҳеч ким қура олмайди, камида 10-15 йил кетади”, -деди эскперт.

Сиёсатшунос Аскар Бешимов эса Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан ГЭС қурилиши юзасидан эришилган келишув шартларини жамоатчиликка ошкор қилиши лозим, деб ҳисоблайди.

“Қирғизистон Ўзбекистон билан “чегарани уч ойда ҳал қиламиз, Сўхга коридор очамиз” каби келишимларни эълон қилди. Улар орасида “Қамбарота-1” ГЭСини қуриш бўйича келишим бўлганини ҳам айтишаяпти. Бироқ ҳозир ҳеч қандай ҳужжатни кўрмадик. “Ўзбекистон иштироки қандай бўлади? Улуш қандай бўлинади?”, деган саволларга жавоб йўқ. Ҳужжатларни кўрмагунча бирон нарса дейиш қийин. Агарда ГЭСни тўлалигича ёки 50% бериб юборсак, бу сўзсиз қўшни мамлакатга қарам бўлишга олиб боради. Геосиёсий, дипломатик жиҳатдан Қирғизистон учун хавф пайдо қилади. Амалдаги Конституцияга мувофиқ, бу ҳужжатларнинг барчаси Жўғўрқу Кенешда ратификация қилишини лозим. Улар парламентга келгач, шартлари ҳам очиқ айтилиши керак”, - дейди Бешимов.

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев даврида ҳам Ўзбекистон президентлигига янги сайланган Шавкат Мирзиёев “Қамбаота-1” ГЭСини ҳамкорликда барпо этиш масаласига қизиқиш билдиргани айтилган эди.

Мухолифат ГЭСни Ўзбекистон билан ҳамкорликда қуришга қарши

Айни пайтда Қирғизистон мухолифатининг энг нуфузли вакили бўлган “Ата Мекен” партияси ГЭСни Ўзбекистон ёки бошқа давлатлар билан ҳамкорликда барпо этиш ғоясига қарши чиқиб келмоқда.

“Бу янглиш йўл. Биринчидан, Қирғизистондан сув бўйича қарам бўлган мамлакатни сув назорати ва бошқарувига яқинлаштирмаслик зарур. Иккинчидан, Ўзбекистон туганмас захирамиз бўлган сувни биздан бекорга оляпти. Қирғизистон ГЭСларни қуриш шартномасига ўзининг географик жойлашуви ва гидроресурси билан қўшилади. Аммо Ўзбекистон нима қўшади? Ҳеч нарса қўшмайди, бекорга қўшилади. Демак, бизнинг улушимиз бебаҳо. ГЭСни 5-10-млрд. доллар қарз олиб қурсак ва ундан ишлаб чиқарилган электр энергияни сотиб, қарздан қутилиш мумкин. Ўзбекистон билан ҳамкорликда қурадиган бўлсак, ўзимизнинг дўпимизни ўзимизга кийдириб, бизнинг ресурсдан тушган пул ҳисобидан қарздан қутилгандан кейин, ГЭСларнинг ярми бизники, ярми Ўзбекистонники бўлиб қолади. Бу қандай миллий сиёсат бўлади?! Бу миллий манфаатларни ҳимоя қилиш эмас, аксинча сотқинлик бўлади”, дейилади партия саҳифасидаги маълумотда.

Туя гўшти еган қурилиш

Шавкат Мирзиёев хокимиятга келганидан кейин 2017 йилда Ўзбекистон "Қамбарота- 1" ГЭСини қуришда ҳамкорлик имкониятларини ўрганиб чиқиши юзасидан баёнот берилган эди.

Бир неча йилдирки Норин дарёсига қурилиши керак бўлган "Қамбарота - 1" ГЭСи лойиҳаси амалга ошмай турибди. Қуввати 1860 мегаваттга тенг станция қурилиши 1980 йиллар сўнггида лойиҳалаштирилган эди. Шундан бери лойиҳа музлатилганича турибди.

"Қамбарота-1" ва "Юқори Норин" ГЭС каскадини қуриш масаласида Россия ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида 2012 йилда келишувга эришилган эди, ўшанда ҳар икки объект Россиянинг "РусГидро"си қуришига келишилган эди. Бироқ 2016 йилда қирғиз томонининг ташаббуси билан келишув бекор қилинган.

2017 йилгача Ўзбекистон кўп йиллардан бери Қамборота ГЭСи қурилишига қарши чиқиб келаётганди.

XS
SM
MD
LG