Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:05

Тошкентда Artel ширкати дўконлари ҳам текширилмоқда


Ўзбекистонда LCD телевизор, газ плитаси, микротўлқинли печ, уяли телефон ва шу каби қатор уй-рўзғор буюмларини ишлаб чиқараётган Artel ширкатининг Тошкентдаги дўконларида текширув бормоқда.


"Artel ширкатини солиқчилар босган"

Artel ширкатининг Тошкентдаги заводи — INDIGO ELECTRONICS қўшма корхонасидан олинган маълумотга кўра, шу кунларда ширкатнинг пойтахтдаги савдо дўконларида текширув бормоқда.

"Дўконларимизда текширув бораяпти. Шунинг учун вақтинча ёпиқ. Текширув ўтгандан кейин яна очамиз", деди Artel брэнди остида уй-рўзғор буюмларини ишлаб чиқараётган INDIGO ELECTRONICS корхонасининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистонда қатор халқ истеъмоли моллари — LCD телевизор, уяли телефон, чангютгич, газ плитаси, электротўлқинли печ, кир ювиш машинаси, музлатгичларни ишлаб чиқараётган ширкатнинг Тошкентда 20 га яқин дўкони бор.

INDIGO ELECTRONICS корхонасидан олинган маълумотга кўра, дўконлар ўтган ҳафта аввалида текширув бошлангани боис ёпилган.

"Текширув қачон тугашини айтолмайман. Лекин, бунда ҳеч қанақа муаммо йўқ, просто текширув бораяпти", деди корхонанинг ўзини таништирмаган ходими.

Айни пайтда, бу ходим текширув қайси ташкилотлар томонидан ва нима сабабдан ўтказилаётгани ҳақида маълумот бермади.

Шунингдек, суҳбатдошимиз заводда ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани ҳақидаги норасмий маълумотларни ҳам инкор қилди.

"Заводда ишлаб чиқариш кетяпти. Ҳеч қанақа проблема бўлгани йўқ", деди Озодлик саволларига микрофонсиз суҳбатда жавоб берган ходим.

Аммо, Озодликнинг Тошкентдаги манбаларидан олинган маълумотга кўра, текширув Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Савдо департаменти, Тошкент шаҳар Солиқ инспекцияси ходимларидан иборат гуруҳ томонидан ўтказилмоқда.

Номи тилга олинган ташкилотлардан бу борада маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Аммо норасмий маълумотларга кўра, бу ширкат Тошкентда иши юришиб турган "Акфа медиа” студияси раҳбари Абдураҳмон Позилжонов исмли шахсга қарашли ва у ҳам ўтган ҳафта ҳибсга олинган.

Абдураҳмон Позилжонов Ўзбекистонда таниқли Жаҳонгир Позилжоновнинг акаси экани ҳам айтилди.

Озодлик ҳозирча норасмий манбалардан олинган бу хабарларни расман тасдиқлата олгани йўқ.

Ўзбекистонда илк бор смартфон ишлаб чиқарган ширкат

Жанубий Кореянинг Samsung, Хитойнинг Midea, Италиянинг Gloria, Туркиянинг Odul ширкатлари билан ҳамкорликда 2011 йилда иш бошлаган Artel ширкати ишлаб чиқараётган уй-рўзғор буюмларининг бозори чаққонлашиб улгурган эди.

Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаётган уй-рўзғор буюмлари сифати ва дизайни ширкатга ҳамкор халқаро брэндлардан андоза олгани ва нархи бироз арзонлиги боис кўп сотилмоқда.

Айниқса, 2012 йилдан чиқа бошлаган ARTLCD телевизорлари, 2013 йил январидан чиқарилаётган Artel Adi5 ва Artel Komi3 смартфонлари ширкатнинг махсус дўконларидан ташқари республиканинг қатор бозорларидаги хусусий дўконларда ҳам сотилмоқда.

Телевизорлар бошқарув пулти ва смартфонлар хотирасига ўзбек тилидаги қўлланмалар киритилган.

Жумладан, Abu-Sahiy бозорида бу ширкат маҳсулотларини сотаётган ва бироз муқаддам Озодликка сўзлаган Лазизахон исмли сотувчи харидорларнинг мамнунлигини айтган эди.

- Ҳозир Artel телевизорларининг бозори тинмаяптику. 32 дюмли телевизорни етказиб улгурмаяпман шахсан ўзим. Биринчидан, арзон. Иккичидан, сифати ҳам яхшида. Ҳамма эҳтиёт қисмлари четдан келган. Фақат сборкаси бизда бўлган, деган эди Озодликка сўзлаган сотувчи.

Президент қувватлаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи

Artel ширкати маҳсулотлари эҳтиёт қисмларининг фақат 20 фоизи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади, қолганлари ҳамкор хориж ширкатларидан олинади.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳукуматининг ички маҳсулот ҳажмини ошириш ниятида 2013 йилнинг февралидан импортни чеклагани ортидан ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи Artel каби ширкатларнинг куни туғишига йўйилган эди.

Аммо, Ўзбекистонда маҳсулот ишлаб чиқараётган яна бир ширкат — Coca Cola Uzbekistan маҳсулотлари ҳам икки ҳафта муқаддам мамлакат дўконларидан ғойиб бўлди ва унинг заводида ҳам ишлаб чиқариш тўхтаб қолди.

Ўзбекистондаги энг йирик ишлаб чиқарувчилар саналган ҳар икки ширкат ишининг тўхтаб қолиши асл сабаблари эса номаълум қолмоқда.

Айрим мустақил нашлар берган маълумотларга кўра, маҳсулотлар сотуви тўхтаб қолган ҳар икки ширкат билвосита Ўзбекистон президентининг катта қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилади.
XS
SM
MD
LG