Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:47

Ўзбекистон мадрасалари 1 ўринга 10-15 талабгордан ҳужжат кутмоқда


Бу сурат Тошкент ислом университети расмий сайтидан олинди
Бу сурат Тошкент ислом университети расмий сайтидан олинди

20 июндан Ўзбекистондаги барча ўрта махсус ва олий таълим масканлари қатори исломий билим юртларида ҳам қабул комиссиялари иш бошлади. Ўзбекистонда Исломдан илм берувчи жами 10 та даргоҳ бор ва уларда 1 талабалик ўрнига ҳар йили камида 10-15 тадан талабгор ҳужжат топширади. Бундан ташқари, талабгор билим юрти жойлашган вилоятда доимий яшаши лозим.

Талабгор кўп, рухсат йўқ

2015-2016 йилги ўқув йилига қабул арафасида қатор мадрасалар ва бу мадарасаларда илм олиш истагидан бўлган талабголардан олинган маълумотга кўра, бу йил ҳам талаба учун ажратилган квоталар қарийб ўзгаришсиз қолмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги “Ҳадичаи кубро” ва Бухоро шаҳридаги "Жўйбори калон" аёл-қизлар билим юртларида 1 талаба ўрни учун ҳар йили камида 10 -15 нафардан талабгор ҳужжат топишириши айтилди.

“Ҳадичаи кубро”га бу йил 20 аёл-қиз, Бухоро шаҳридаги "Жўйбори калон" билим юртига эса 16 аёл-қиз қабул қилинади.

Имтиҳонлар 13 июль куни бўлади. Она-тилидан диктант, адабиётдан, тарих, чет тили ҳамда маънавият асослари фанларидан тест топширишади. Бизда бу йил 20 та талаба олинади. Битта ўринга ўтган йили 10 тадан талабгор ҳужжат топширган”, деди, жумладан, “Ҳадичаи кубро” мадрасасининг бу йилги қабулга оид саволларга жавоб берган ходими.

Шунингдек, республиканинг бошқа вилоятларидаги ўрта махсус исломий билим юртларида ўқишни истовчилар ҳам кўплиги, аммо талабалик ўрни озлигидан ишкоятлар бор.

Нукус шаҳридаги "Муҳаммад ал-Беруний" номли исломий билим юртидан олинган жавобларга кўра, Қорақалпоғистон республикасидаги ягона диний билим юртига 24 талаба қабул қилинади ва бу билим юртига фақат қорақарпоғистонликлар олинади.

Ўзимизда талаб катта, шунинг учун фақат ўзимидаги талабгорларнинг ҳужжатини қабул қилиш ҳақида кўрсатма бор. Бизга квота белгиланади юқоридан ва биз фақат ўша квота доирасида одам олишимиз керак. Тўғри, талабгор кўп. Лекин, квотани ошириш-оширмасликни фақат юқоридагилар ҳал қилади, бизнинг бунга алоқамиз йўқ”, деди билим юртининг ўзини таништирмаган ходими.

Рухсат бор, эҳтиёж йўқ

Республикадаги диний таълим масканларларида талабалик ўрнини ошириш мумкинми, деган саволга эса Ўзбекистон мусулмолари диний идораси раҳбарияти “бунга эҳтиёж йўқ” мазмунида жавоб берган.

Мусулмонлар диний идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур бироз муқаддам бу жавобни изоҳлаган ва бундан ташқари, республикада мавжуд барча билим юртлари ва улардаги талабалик ўрни ҳақида ҳам маълумот берган.

Қуйида ушбу суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:11 0:00
Бевосита линк

10 та даргоҳда 250 илм толиби

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида битта олий таълим маскани - Тошкент Ислом институти ёки Олий Маҳат ҳамда 9 та ўрта махсус таълим муассасаларига тенглаштирилган мадраса бор.

Булар: Тошкентда "Кўкалдош", Бухорода "Мирараб", Андижонда "Саййид Муҳйиддин Махдум", Наманганда "Мулла Қирғиз", Китобда "Хожа Бухорий", Урганчда "Фахриддин ар-Розий", Нукусда "Муҳаммад ал-Беруний", шунингдек, Тошкентда "Хадичаи Кубро", Бухорода "Жўйбори калон" аёл-қизлар билим юртларидир.

Бундан ташқари, республикада “Имом ал-Бухорий” номидаги имомларни қайта тайёрловчи 1 та марказ ҳам бор.

Бу мадрасаларнинг аксарияти 1991 йилдан кейин очилган мадрасалардир.

Жумладан, Ўзбекистондаги энг йирик ва нуфузли саналган Тошкентдаги "Кўкалдош" мадрасаси 1999 йилда иш бошлаган. Расмий манбаларда бу мадрасада 100 га яқин талаба таълим олиши айтилади.

Расмий маъулмотларга кўра, республикадаги диний таълим масканларида билим оладиган жами талабалар сони 250 нафарга яқиндир ва йиллар давомида бунинг 30 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мусулмон Ўзбекистонда мавжуд эҳтиёжни мутлақо қопламаслигидан тингловчилар шикоят қилади.

1 ўринга 10-15 талабгор - ҳали ҳаммаси эмас

Ўзбекистондаги мадрасаларда фарзандини ўқитиш истаги бўлган, аммо бунга имкони бўлмаган фарғоналик тингловчи бу мадрасаларда дин эмас, дунё ўқитилади, деб эътироз қилди:

- Борсангиз, битта бўлими бор - диншунослик. Шуям мадраса бўлдими?! Қуръонни фақат ўқишни ўргатади, тамом, кейин араб тилини грамматикасидан озгина ўқитади. Битирган болалар шу Қуръонни шариллатиб ўқийди, ёд олади, лекин маъно-мазмунини сўрасангиз, яхшилаб тушунтириб беролмайди. Асосан, шу дунёнинг илмини ўқитади. Мен боламни мадрасада ўқитишни истайман, лекин Ўзбекистонникидамас. Менга ўхшаган қанча, - дея эътироз қилди исми сир қолшини истаган фарғоналик тингловчи.

Дипломли имом, отин ойи ёки маънавиятчи мутахассис

Республикада касб-ҳунар коллежларига тенглаштирилган мадрасаларда фақат битта мутахассислик - диншунослик ўзлаштирилади.

"Диншунослик бўйича мутахассислик олишади. Диний фанларда - Қуръонни ўқиш, араб тили грамматикаси ва фиқхшунослик ўрганилади. Маънавият асослари, деган фан ўқитилади. Кейин турли динлар тарихи, кейин ҳамма коллежларда бор бўлган фанлар - тарих, она тили ва адабиёти, чет тили, кимё ва шунга ўхшаган ўндан ортиқ фан ўтилади. Битирганлар араб тилида бемалол гаплашадиган бўлади", дейди жумладан Нукусдаги мадраса ходимларидан бири микрофонсиз суҳбатда.

Мадрасаларни битирган битирувчилар илм даражасига кўра, имом-хатиб, имом, имом ноиби ёки отин ойи бўлиб, ёҳуд турли давлат идоралари, таълим муассасаларидаги "Маънавият марказ"ларида мутахассис бўлиб ишлаши мумкин.

Тилга олинган касблар уларнинг дипломида ёзилади. Бундан ташқари, айрим мадрасаларда йигитлар ва қизларга хос ҳунарлар ҳам ўргатилади.

Ўзбекистондаги мадрасаларда таълим 4 йиллик ва муҳими, бу мадрасаларнинг ҳаммаси пуллик - контракт-тўлов асосида билим берилади. 2015-2016 ўқув йили учун контракт-тўлов миқдори 3 миллион 200 000 сўм экани айтилди.

Ўзбекистонда хусусий тартибда диний таълим бериш 1998 йилда қайта таҳрирда қабул қилинган Виждон эркилиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун билан тақиқланган.

Уйда Қуръон ўқитиш дипломлига ҳам тақиқланган

Ўзбекистонда 1998 йилда янги таҳрирда қабул қилинган "Виждон эркилиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун киритилган икки ўзгаришдан бири хусусий тартибдаги диний таълимнинг тақиқланишига оиддир.

Қонуннинг диний билим юртларига оид 9-моддасида: “Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг Таълим тўғрисидаги қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади. Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади”, дейилган.

Қонуннинг 7-моддасида эса: “Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилган. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди”, дейилган.

Шу асосда мустақилликнинг илк йилларида умумий ўрта таълим мактаблари ва олий ўқув юртларида ўтила бошлаган “Эски ёзув”, “Диншунослик” каби фанлар ҳозирга келиб олиб ташланди.

Йиллар давомида диний таълим муаммосини тилга олиб, Озодликка боғланаётган тингловчилар ва Ўзбекистондаги диний вазиятни кузатаётган халқаро ташкилотлар бу чекловларни кескин танқид қилиб келади.

Аммо, танқидларга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати қонуннинг бу қисмини ўзгартириш истагини кўрсатгани йўқ. Аксинча, Ўзбекистонда рухсат берилган диний таълим берувчи билим юртларини тугатган дипломли имом ва отин ойиларга ҳам хусусий тартибда диний илм бериш тақиқланганича қолмоқда.

Уч йил муқаддам, маҳалла куйда тўй-маъракаларни ўтказиб юрган отин ойиларга ҳам лицензиясиз фаолият юритмаслик талаби қўйилди ва уларнинг лицензиялари қайта текширувдан ўтказилди.

XS
SM
MD
LG