Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:27

OzodDayjest: Марказий банк ўзбекистонликлар камроқ гўшт истеъмол қила бошлаганини билдирди


Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев ҳукумат томонидан тизим раҳбарларига берилган жазо адолатли эканини таъкидлади. Пандемия даврида ўзбекистонликлар озиқ-овқат маҳсулотларига камроқ маблағ сарфламоқда. Сув хўжалиги вазирлиги хавфсиз деб хулоса берган тўғон бўйича прокуратура жиноят иши очди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Ботир Парпиев: Интернетни хавотир билан кузатадиган бўлиб қолдик...

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев ҳукумат томонидан тизим раҳбарларига берилган жазо адолатли эканини таъкидлади (www.uza.uz, 20 август).

4 август куни президент Шавкат Мирзиёев вазирлик раҳбарияти фаолиятини жиддий танқид қилган эди.

8 август куни бош вазир А.Арипов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ишда йўл қўйган камчиликлари учун маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, унинг ўринбосарлари Азизбек Икромов ва Ботир Парпиевга ҳайфсан эълон қилинганди.

Б.Парпиевга кўра, ўз иши моҳиятини тўғри тушунмайдиган вилоят, туман ва шаҳар тизимида ишлаётган раҳбарлар ҳамда ўз вазифасига номуносиб маҳалла раислари туфайли ҳозирги ҳолат юзага келган.

“Айниқса, охирги пайтларда интернет тармоқларини “ишқилиб яна бир бало чиқмаган бўлсин-да маҳалла ҳақида” деган хавотир билан кузатадиган бўлиб қолдик. Чунки бизга тушган раислардан норози бўлиб ёзилган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги материалларни ўрганганимизда кўпинча маҳалла раислари ноҳақ бўлиб чиқяпти”, - деган Б.Парпиев.

2020 йил 19 август ҳолатига кўра, вазирликка маҳалла раиси ва ходимлари хатти-ҳаракатидан норозилик мазмунида 5173 та мурожаат келиб тушган.

Пандемия даврида ўзбекистонликлар озиқ-овқат маҳсулотларига камроқ маблағ сарфламоқда

Марказий банк аҳоли турмуш даражаси ва инфляция бўйича таҳлилий маълумотлар тақдим этди. Бу ҳақда қатор матбуот нашрлари хабар берди.

Ушбу таҳлил уй хўжаликлари даромадлари ва харажатлари бўйича сўров (УДXС) натижалари ҳамда ҳудудлар кесимидаги истеъмол нархлари индекси (ИНИ) маълумотлари асосида амалга оширилган.

Қайд этилишича, II чоракда барча даромад гуруҳидаги аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, гўшт бўйича харажатлари I чоракка нисбатан сезиларли даражада камайган.

Масалан, ойлик даромади 2 млн сўмгача бўлган аҳолининг ойлик ўртача гўшт маҳсулотлари хариди I чоракка нисбатан 39,5 фоизга ёки 107 минг сўмга камайиб 164 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат коронавирус пандемияси даврида аҳоли даромадларининг камайиши ҳамда харажатларнинг оптималлаштирилиши билан изоҳланади.

Ушбу сўровномада иштирок этган респондентлардан 56 фоизи пандемия сабабли оилавий даромадининг камайганини таъкидлаган бўлса, 15 фоизи даромадсиз қолганини билдирган.

Сув хўжалиги вазирлиги хавфсиз деб хулоса берган тўғон бўйича прокуратура жиноят иши очди

Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги “Омондара” паст босимли сув тўғони қурилишида камчиликларга йўл қўйган мансабдорларга жиноят иши очилди (www.kun.uz, 18 август).

2016 йилда фойдаланишга топширилган ушбу иншоотда бир йил ўтмай ёриқ ҳосил бўлади.

Kun.uz нашри бундан уч ой аввал мазкур ҳолатга лойиҳачи, қурувчи, соҳанинг вилоят, республика даражасидаги масъуллари панжа орасидан қараб келаётгани ҳақида ёзган эди.

Самарқанд вилояти прокуратурасига кўра, тўғон қурилишида қатнашган корхонанинг мансабдор шахслари, жумладан, “Ўзмахсуссувқурилиш ихтисослашган компания” ДК мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси ҳамда 209-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, “Омондара” тўғонида амалга оширилган қурилиш ишлари лойиҳа кўрсаткичларига мос келишини аниқлаш мақсадида назорат ўлчови ўтказилмоқда.

Эътиборга молик жиҳати, Kun.uz сайтида дастлабки мақола эълон қилингач, сув хўжалиги вазирлиги муносабат билдириб, ушбу тўғон аҳолига хавф солмаслиги ҳақида маълум қилган.

XS
SM
MD
LG