Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:26

OzodDayjest: Россияда яшириниб юрган минглаб ўзбекистонлик амнистия қилиниши мумкин


Ўзбекистоннинг ташқи қарзи борасида хавотирланмаслик тавсия қилинди. Тошкентлик "Маугли" 25 йил деганда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Либерал партия раҳбари: “Ўзбекистоннинг ташқи қарзи борасида хавотирга асло ўрин йўқ”

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи борасида хавотир ёки тушкунликка тушишга ҳеч қандай асос йўқ, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов (“XXI аср” газетаси, 17 сентябрь).

Мамлакатнинг ташқи қарзи 2019 йилда 17-19 миллиард долларни ташкил этган бўлса, жорий йил 25 миллиард доллардан ошди. Қарз миқдори ўсаётгани ижтимоий тармоқларда хавотирли ҳолат дея баҳоланаётгани сир эмас.

А.Ҳайитовга кўра, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги ташқи қарз миқдори жуда ҳам паст даражада ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотга нисбатан 34 фоизни ташкил этади.

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ташқи қарзини ЯИМга нисбатан 55 фоизгача жалб этишни мўътадил ёки барқарор деб баҳолашини маълум қилган.

“Давлат ташқи қарзини қайсидир маънода давлатга бўлган “ишонч миқдори” деб ҳам тушунса бўлади. Ахир, қарз (ёки инвестиция) дуч келган одамга ёхуд давлатга берилавермайди-ку! Аввал унинг ишончлилиги, иқтисодий имкониятлари ва истиқболлари текширилади” , - дейди ЎзЛиДеП етакчиси.

Либерал партия раҳбарига кўра, давлатнинг ташқи қарзини муҳтожлик туфайли олинган оддий қарз маъносида тушунмаслик керак. Ушбу тушунча мақсадли кредитлар, сармоялар ва бошқа маблағларнинг мамлакат иқтисодиётига кириб келишини англатади.

Россия бир миллиондан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирни амнистия қилиши мумкин

Ўзбекистон ҳукумати Россияга кириши тақиқланган ёки айни вақтда ушбу мамлакат ҳудудида тақиққа тушишидан қўрқиб миграция хизматларидан яшириниб юрган юз минглаб ватандошларнинг амнистия қилинишига эришмоқчи (www.daryo.uz, 16 сентябрь).

Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи биринчи ўринбосари Давлатназар Матрасулов маълум қилган. Бош вазир маслаҳатчиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларга муносиб шарт-шароитлар яратишга доир ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида 16-29 сентябрь кунлари Россияда бўлади.

Ташриф чоғи ушбу мамлакат ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳам учрашув ўтказиш режалаштирилган.

Давлатназар Матрасуловнинг таъкидлашича, бўлажак учрашувда Россияга кириши тақиқланган ёки маҳаллий миграция қонунчилиги талабларини бузгани учун ушбу мамлакат ҳудудидан чиқолмай, яшириниб юрган минглаб ўзбекистонликларни амнистия қилиш масаласи муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Россия ИИВ берган маълумотга кўра, ушбу давлатда тақиққа тушиб қолиш эҳтимолидан қочиб юрган, яъни рўйхатда турмаган 600 минг нафар фуқароларимиз бор.

Ўтган йиллар давомида яна 421 минг нафар ўзбекистонлик тақиққа учрагани учун ватанига қайтиб келган.

Тошкентлик “Маугли” 25 йил деганда туғилганлик гувоҳномасини олди

Ногиронлиги бўлган Шоҳрух Алламовни онаси уч ёшлигида Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги кўп қаватли уй ёнига ташлаб кетган (www.uza.uz, 14 сентябрь). Шу тариқа у кўчада улғайган.

“Кечалари гоҳида дўкон атрофида, гоҳида кўп қаватли уйлар подъезларида, ертўлаларда ётиб кун ўтказдим. Шу тариқа болалигим ўтиб кетди. Кейинроқ дўкон ва дўкон атрофини тозалаш каби ишларни бажарганим учун дўкончилар менга қараб юришди. Ўқиш ва ёзишни ўргатишди”, - деб эслайди у.

Етим, бунинг устига туғма ногирон бўлган Шоҳрухнинг шу вақтга қадар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва фуқаролик паспорти йўқ эди. Бу масалада у йиллар мобайнида 50 га яқин ташкилотга мурожаат этган, аммо ҳеч бири унинг мурожаатини тингламаган.

Баъзи мутасадди ходимлар эса “Ука, чўпчагингни эшитишга вақтим йўқ. Ўргилдим сендақа тошкентлик Мауглидан!” дея киноя ва зарда қилган.

Қайд этилишича, Ш.Алламов Тошкент шаҳри халқ қабулхонаси ва Миллий ахборот агентлиги кўмагида, 25 йил деганда туғилганлик ҳақида гувоҳнома олди.

Чилонзор тумани 2-мавзе спорт майдончасидаги ташландиқ жойда ётиб юрган йигитгча яқин кунларда фуқаролик паспорти берилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG