НАТО яқинда парчаланади, деган башоратлар кўп бўлган. Сўнгги кунларда яна шунақа гап чиқди. АҚШ республикачи сенатори Майк Ли Х ижтимоий тармоғида: “НАТОдан чиқадиган пайт келди”, деб ёзди. Бир пайтнинг ўзида инфлюенсер Гюнтер Игманнинг “НАТО ва БМТдан чиқиш замони” номли постига Трампнинг дўсти ва сафдоши Илон Маск қисқагина қилиб: “Қўшиламан”, деб жавоб ёзди.
Брюсселдаги расмийлар Маскнинг ўзига тегишли Х платформасидаги сиёсий чиқишлари АҚШ сиёсатида акс этмаслигини таъкидлашса-да, айрим таҳлилчилар унинг Вашингтондаги консерватив доираларда норасмий таъсир кучи борлигини тан оладилар.
Шунга қарамай Брюсселда жойлашган НАТО қароргоҳи вакиллари ўзларини хотиржам тутишмоқда. “Озодлик”нинг “Альянс парчаланиши муқаррарми?” деган саволига улар ҳамон қатъий қилиб жавоб беришмоқда: “Йўқ”.
Бунинг камида икки сабаби, тўғрироғи, икки фарқи бор: бу – шов-шувли баёнотлар билан реал ҳаракатлар ҳамда НАТОдаги иттифоқчилар ва аъзоликка талабгорлар, хусусан, Украина истиқболи орасидаги фарқдир.
Евроиттифоқнинг мудофаа харажатлари
Биринчи бандни кўриб чиқамиз. АҚШ президенти Доналд Трамп Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан қўшма матбуот анжумани чоғида Қўшма Штатлар Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасига содиқлигини тасдиқлади. Маълумот учун, ушбу модда НАТОнинг бир аъзосига қилинган ҳужум умумият-ла НАТОга ҳужум деб ҳисобланишини ва унга Альянснинг барча аъзолари томонидан жавоб қайтарилишини назарда тутади.
Ушбу позицияни НАТО мудофаа вазирларининг февралдаги учрашуви чоғида бир неча бор – ҳам омма олдида, ҳам хусусий тартибда – АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам тасдиқлади.
Хегсет Европадаги иттифоқчиларни мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишга қистаган бўлса-да, “Озодлик” мухбири билан сўзлашган барча НАТО мулозимлари бу музокараларни “конструктив” деб атамоқдалар.
“У хонадан бир марта ҳам чиққани йўқ: тинглади, саволлар берди, баъзи ўринларда қўшимча қилди – ташлаб кетадиган иттифоқчи ўзини бунақа тутмайди”, деди “Озодлик” суҳбатдошларидан бири.
НАТО мулозимлари тинимсиз миш-мишларни даф қилишда давом этмоқдалар. “Гап-сўзларга парво қилмай, фақат амалга қараш кераклигини аллақачон тушунганмиз, – дейди ташкилотнинг юқори мартабали мулозими. – Буни “стратегик сабр” деб аташ мумкин”.
Украинанинг мавҳум истиқболи
Украина – бошқа масала. “Украинага доир режалар НАТО туфайли ўзгаргани йўқ. Қўшма Штатлар Украина билан қаттиқ сиёсат олиб бормоқда, лекин блокка садоқатни сақлаб турибди”, дея тан олди “Озодлик” суҳбатдоши. Бу сўзларнинг ёрқин далилларидан бири – бир неча кун олдин Овал кабинетда президент Зеленский ва президент Трамп ўртасида кечган даҳанаки жанг.
Айни чоғда Альянс режаларидаги ўзгаришнинг яна бир кўрсаткичи бу Буюк Британиянинг украин ҳарбийларига қурол-аслаҳа етказиб беришни мувофиқлаштиришдаги янги ролидир.
Украина яқин орада НАТОга қабул қилинмаслиги аниқ, аммо бунга НАТОнинг сўнгги саммитлари чоғида айнан аввалги президент Жо Байден маъмурияти вето қўйган эди. АҚШнинг янги маъмурияти бу масалада шунчаки, шартакилик қиляпти.
НАТОнинг шарқий қаноти (“Бухарест тўққизлиги” – Болгария, Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Польша, Руминия ва Словакия) АҚШ қўшинларини олиб кетармикан, йўқми, дея хавотирга тушган. Ҳозирча олиб кетадиганга ўхшамайди, аммо уларнинг сони қайта кўриб чиқилса ажаб эмас.
Бу мамлакатлар Россия ҳужумига учраса-чи, Америка ёрдамга келадими? “Озодлик” билан гаплашган аксар НАТО мулозимлари бу саволга “ҳа” деб жавоб беришди. Бироқ Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси унга нафақат иттифоқчилар, балки душманлар ҳам қанчалик ишонишига боғлиқ.
Шарқий европалик бир мулозим шундай дейди: “5-модда худди Шрёдингер мушуги каби: қути очилмагунча ҳам тирик, ҳам ўлик. Яъни бу моддага мос вазият бўлмагунича у ишлайдими, йўқми – аниқ айтиш қийин”.
Форум