Президент Шавкат Мирзиёев 5 июль куни янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун лойҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 4 май, Сенат томонидан эса 26 июнда қабул қилинган.
Қонунда жамоатчиликка 2014 йилда ваъда қилинган энг муҳим ўзгариш - жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ ҳақидаги жумланинг тўлиқ олиб ташланганидир.
Бундан ташқари, диний ташкилотларга сиёсий партиялар фаолиятида иштирок этиш ҳамда уларни моддий ёки бошқа тарзда қўллаш тақиқланган.
“Eurasia.net” нашри Ўзбекистон ҳукумати диндорларга бир оз ён босган бўлса-да, аввалги чекловларни сақлаб қолиб, диний ҳуқуқлар учун курашувчи халқаро ташкилотларнинг “ҳафсаласини пир қилгани” ҳақида ёзди.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 июль куни имзолаган қонундаги энг баҳсли нуқталардан бири диний либос кийиб юриш ҳуқуқидир. Янги қонунда диний ташкилотлар ходимларидан бошқа кишиларга диний либос кийиб юришни тақиқловчи қоида бекор қилинди, аммо мазкур нормага шусиз ҳам деярли амал қилинмаган.
Бироқ давлат муассасалари, жумладан, ОТМлар муайян дресс-кодга риоя қилишни талаб қилиш ҳуқуқини сақлаб қолди. Бинобарин, ушбу масалага таъсирчан бўлмиш жамоатчилик қонуннинг мазкур банди рўмол ёки ҳижоб тутувчи аёлларга нисбатан қандай татбиқ этилишини бир оз ҳадиксираб кузатишда давом этади.
Шунингдек, янги қонун билан диний ташкилотларни рўйхатга олиш жараёни номигагина соддалаштирилди: илгари бунинг учун 100 нафар муассис имзоси талаб қилинган бўлса, энди имзолар сони 50 тага қисқартирилди. Айни чоғда, мунаққидлар жараённи мураккаблаштирувчи янги талаблар пайдо бўлганини қайд этган.
Қолаверса, диний таълим олишга доир қатъий қоидалар ҳам сақланмоқда. Динни ўрганишга фақат ўрта мактабни битиргандан кейингина рухсат берилади, диний фанлар ўрта ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларига киритилмайди.
“Фарзандларига кичиклигидан ислом дини қоидаларини сингдиришни хоҳловчи минглаб одамлар учун бу жуда чигал масаладир. 2017 йилдан бери ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари кўплаб яширин диний таълим курсларини фош қилиб, ёпиб ташлади. Давлат диний қадриятларни аҳоли ўртасида ёйишни ўзининг махсус ваколати деб билади ва янги қонун тимсолида бу ваколатини қаттиқ қўриқламоқда”, дейилади “Eurasia.net” мақоласида.
“Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган қонунга расмий шарҳда “Ҳар қандай шахснинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади. Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди”, дейилган.
Данияда рўйхатга олинган “Форум 18” халқаро диний эркинликларни ҳимоя қилиш гуруҳи Мирзиёев имзолаган қонунда илгари мавжуд бўлган қатор чекловлар сақланиб қолганини айтиб, уни танқид қилди. Ташкилотга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига доир халқаро ҳужжатларни тасдиқлаш орқали ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаган.
“Форум 18”, хусусан, БМТ, ЕХҲТ ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси каби обрўли халқаро ташкилотлар давлат рухсатисиз дин ва эътиқод эркинлигидан фойдаланиш, диний таълим бериш, диний эътиқодига оид фикрларни улашиш, давлат цензурасидан ўтказмасдан туриб, диний мазмундаги адабиётларни тарқатиш каби нуқталарда унинг хавотирларига қўшилишини урғулаган.
Айнан диндорларга енгиллик сифатида тақдим этилган айрим бандлар эътироз уйғотган.
“Қонун диний ташкилот ташаббускорлари сонини 100 дан 50 нафарга камайтирган бўлса-да, бир пайтнинг ўзида бошқа маъмурий тўсиқни жорий қилди – бу ташаббускорларнинг барчаси бир шаҳар ёки туманда яшаётган бўлиши шарт”, дея қайд этган “Форум 18”.
Қонун жиддий жамоатчилик муҳокамаларисиз қабул қилингани важидан ҳам халқаро ташкилот танқидига учради. “Янги қонун деярли махфий тарзда ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Аҳён-аҳёндагина жараёнда олға силжишлар бўлаётгани ҳақида хабар бериб турилди холос”, дейилган “Форум 18” баёнотида.
Ўзбекистонлик ҳуқуқбонлардан бири қонун юзасидан “Форум 18”га изоҳ берар экан, “давлат назоратни тўла ўз қўлига олишга эришди, ҳатто қонун муҳокамаси ҳам яширин олиб борилди. Бу экстремизмни вужудга келтиради”, деган.
Янги қонун, эътиқод эркинликлари кенгайтирилиши учун курашаётганларнинг умидларини чиппакка чиқарган бўлса, айримлар диндорларга берилаётган нисбий енгилликлардан қаноат ҳосил қилмоқда.
2006-2017 йилларда АҚШ Давлат департаменти ўтган йил декабрида Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатида сақлаган бўлса, 2018 ва 2019 йилларда уни “қора рўйхат”дан чиқарди. Ўтган йили эса мамлакатнинг мавқеини яна бир оз кўтарди ҳам.
“Диний таълимга келсак, ҳукумат яқинда ташкил қилинган диний йўналишдаги “Ҳидоят сари” телеканали сингари ташаббуслар ёрдамида диндорларни тинчлантиришга умид қиляпти. 7 июль куни иш бошлаган мазкур канал таълим берувчи ҳамда исломий масалаларда аниқ ва узил-кесил муносабат билдирувчи платформа ўлароқ тарғиб қилинмоқда”, дея қайд этган “Eurasia.net” муаллифи.