Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:13

Мирзиёев “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонунни имзолади. Асосий нуқталар


Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳуқуқ-тартибот идоралари одатан "диний либос", дея таснифлаган аёллар ёпиқ либосини (чапда) Шавкат Мирзиёев даврида кўчада реклама қилган баннер. Тошкент, 2019
Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳуқуқ-тартибот идоралари одатан "диний либос", дея таснифлаган аёллар ёпиқ либосини (чапда) Шавкат Мирзиёев даврида кўчада реклама қилган баннер. Тошкент, 2019

Президент Шавкат Мирзиёев 5 июль куни янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонун лойҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 4 май, Сенат томонидан эса 26 июнда қабул қилинган.

Қонунда жамоатчиликка 2014 йилда ваъда қилинган энг муҳим ўзгариш - жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ ҳақидаги жумланинг тўлиқ олиб ташланганидир.

Бундан ташқари, диний ташкилотларга сиёсий партиялар фаолиятида иштирок этиш ҳамда уларни моддий ёки бошқа тарзда қўллашнинг тақиқланганидир.

Аммо, қолган тақиқлар - жумладан, бошланғич диний таълим, хусусий диний таълим, давлат рухсат берган муассасалардан ташқарида ибодат қилиш, диний материалларни давлат рухсатисиз чоп этишга оид чекловлар сақлаб қолинди.

Бу мамлакатда жуда узоқ муҳокама қилинган қонун лойиҳаларидан бири бўлди. 1998 йилда қабул қилинган қонунга ўзгартириш киритилиши ҳақида Мусулмонлар идораси 2014 йил январда Озодликка маълум қилганди.


Асосий ўзгаришлар

Президент Шавкат Мирзиёев 5 июль куни имзолаган янги қонундаги асосий ўзгаришлар қуйидагилардан иборат:

  • жамоат жойида “ибодат либоси”да юришга тақиқнинг бекор қилинди ва умуман бу тушунча қонунчиликдан олиб ташланди,
  • диний ташкилот тузиш учун камида 100 эмас, 50 нафар ташаббусчи талаб қилинади,
  • янги диний ташкилот тузиш учун аризани кўриб чиқиш муддати 3 ойдан 1 ойга туширилди,
  • ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ўз фарзандига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида) ўргатиш ҳуқуқи берилди,
  • қонундан “хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади” деган алоҳида жумла олиб ташланди, аммо бу ҳаракат ноқонуний диний фаолият сирасига киритилди,
  • диний ташкилотларга сиёсий партиялар фаолиятида қатнашиш ва уларни молиявий ёки бошқа турда қўллаш тақиқланди.

5 июль куни "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган матн, 2020 йилнинг август ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган матндан фарқ қилади.

Расмий баёнотларга кўра, илк лойиҳа матни муҳокамага қўйилганидан бери аҳолидан 700 дан ортиқ таклиф келиб тушган ва якуний қонун матни ўша таклифларни инобатга олинган ҳолда ёзилган.

Аммо шунга қарамай, янги қонунда шу кунга қадар ўзбекистонлик диндорларни қийнаб келган рўмол, ҳижоб, дўппи, соқол каби муаммоларга ечим бўладиган аниқламалар киритилмаган, хусусий диний таълим ва мустақил диний фаолият бўйича чекловлар бекор қилинмаган.

Халқаро ташкилот танқиди

Диний эркинликларнинг аҳволини кузатувчи халқаро нодавлат ташкилоти Forum 18 бу қонунни янги "чекловчи қонун" дея баҳолади. Ташкилот экспертлари таҳлилича, қонунда шу вақтгача танқид қилиб келинган тақиқларнинг асосий қисми сақлаб қолинган:

  • давлат рухсатисиз дин ва эътиқод эркинлигидан фойдаланиш,
  • давлат рухсатисиз диний таълим бериш,
  • диний эътиқодига оид фикрларни улашиш,
  • давлат цензурасидан ўтказмасдан туриб, диний мазмундаги материалларни чоп этиш, электрон ва матн шаклида тарқатиш.

Ташкилот бу тақиқлар Ўзбекистоннинг халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари доирасида зиммасига олган мажбуриятларига зид эканини урғулайди:

"БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси, БМТ Универсал даврий ҳисоботи (UPR) ҳамда Инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан бу тақиқларни олиб ташлаш тавсия қилинган. Бу қонуннинг лойиҳасига оид Ўзбекистонга киритилган сўнгги тавсиялар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа кенгашининг Венеция комиссиясига оиддир".

Ҳижоб, рўмол ва соқол

Янги қонуннинг ҳукумат расмийлари ва давлат амалдорлари томонидан энг кўп тарғиб қилинган жиҳати “ибодат либоси” деган тушунчанинг бутунлай чиқариб ташлангани бўлмоқда.

Янги қонунда “ибодат либоси” деган жумланинг ўзи йўқ ва ҳатто “диний либос” ёки умуман “кийим”, деган сўз киритилмаган.

1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг аввалги таҳририда ибодат либоси ҳақида гап борган 14-модда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлиб келди:

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди).фуқароларнинг (диний ташкилот ходимлари мустасно) жамоат жойида ибодат либосида юришига йўл қўйилмайди”.

Айни модда асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-1-моддаси билан бу ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солинди ёки 15 суткагача қамалди.

Эндиликда жамоат жойларида ибодат либосида юрганлик учун жазолаш амалиёти қонун билан бекор қилинди.

Аммо бу тушунчани бутунлай қонунчиликдан чиқариб ташлаш билан, шу вақтгача рўмол ёки ҳижоб, оқ дўппига нисбатан "ибодат либоси" ёхуд "диний кийим" дейилган қараш ўзгарадими, жумладан бу кийимларда ўқув муассасаларида ўқиш мумкинми-йўқми - бундай саволларга қонунчиликда аниқ жавоб йўқ.

Қонунга берилган шарҳда эса шундай дейилган:

"Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида «ибодат либоси» тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди.

Шу билан бирга, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади".

Ўзбекистонда рўмолли ва ҳижобли ўқувчи ОТМ талабалари, дўппи ёки соқолдаги талабаларни таълим муассасаси биносига киритмаслик ҳоллари кузатилади.

Мактаб ҳовлисида рўмоли ечилган ўқувчилар ёки ОТМдан қувилган ҳижобли талабалар аҳволи қатор ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ва диний эркинликларни кузатувчи халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади.

Диний таълим

Янги қонунда таълим тизими ва талабаларнинг диний эътиқодидан келиб чиқадиган муносабатлар 8-моддада (Таълим тизими ва дин) белгиланган.

Бу моддада таълим тизимининг диндан ажратилгани белгиланган. Диний таълимни фақат давлат рухсат берган диний таълим муассасаларида олиш мумкин.

Янги қонунда ҳам хусусий тартибда диний таълим бериш тақиқланган. Аввалги қонуннинг 9-моддасидаги "Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади", деган жумла олиб ташланган.

Янги таҳрирдаги қонуннинг "Асосий тушунчалар" ҳақидаги 3-моддасига эса "хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш" қонунга хилоф фаолият сифатида қўшилган:

  • "қонунга хилоф диний фаолият – диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш;"

Бундан ташқари, 2020 йил августда аҳоли муҳокамасига қўйилган лойиҳада "ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандига диний амалиёт ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида) ўргатиш ҳуқуқи берилиши" қайд этилганди.

Президент имзолаган қонун матнида бу жумла ҳам олиб ташланган.

Шунингдек, янги қонунда ҳам, фуқаролар мажбурий умумий-ўрта ёки ўрта махсус таълим олганларидан сўнг диний таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади. Яъни 16 ёшгача бўлган болаларга диний таълим берилиши эса янги ва эски қонунда ҳам тақиқланган.

Бу қонун 26 июнь куни Сенат томонидан тасдиқлангач, ижтимоий тармоқлардаги фаоллар вояга етмаганларда диний таълим ҳуқуқини бериш ва хусусий тартибда диний таълим беришга рухсат берилишини талаб қилиб, қатор чиқишлар қилди.

Қонунга берилган шарҳда, хусусий тартида диний таълимни тақиқлаш сабаби шундай изоҳланган:

"Ҳар қандай шахснинг «ўзича» аҳолига диний таълим бериши ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади.

Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди".

Диний-сиёсий фаолият

Янги қонундаги яна бир жиддий ўзгариш унинг 7-моддасига қўшилган.

Қонуннинг аввалги таҳриридаги 5-моддада:

"Ўзбекистон Республикасида диний моҳиятдаги сиёсий партия ва жамоат ҳаракати, шунингдек республикадан ташқарида тузилган диний партияларнинг филиаллари ва бўлимларини тузишга ва уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди", дейилганди.

Янги таҳрирдаги қонунда эса, бу жумла мана бундай ўзгартирилган:

  • "Ўзбекистон Республикасида диний руҳдаги сиёсий партия ва бошқа жамоат бирлашмасининг, республикадан ташқарида тузиладиган диний партиялар ваколатхоналари ва филиалларининг ташкил этилишига ҳамда фаолиятига, сиёсий партиялар ва сиёсий мақсадларни кўзловчи бошқа жамоат бирлашмалари фаолиятида диний ташкилотларнинг иштирок этишига, шунингдек уларга молиявий ёки бошқа ёрдам кўрсатишига йўл қўйилмайди".

Сўнгги ўзгариш Ўзбекистонда президент сайловларига тайёргарлик бораётган паллага тўғри келмоқда.

7 йил кутилган лойиҳа

1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилаётгани ҳақида Озодлик 2014 йил январь ойида хабар қилган эди.

Ўшанда Мусулмонлар идорасидаги манба қонунда диний либослар билан боғлиқ моддада мавҳумлик бўлгани боис диний идора ўзгартириш киритиш таклифи билан парламентга мурожаат қилганини билдирган эди.

Бу хабарга изоҳ берган Мусулмонлар идораси раиси собиқ ўринбосари Абдулазиз Мансур қонуннинг диний либослар қисмига шарҳ ёзилаётганини билдирган:

- Шарҳларда рўмол, дўппи, махси-калиш, узун кўйлак ва шунга ўхшаш нарсалар - булар миллий либос тариқасида талқин қилинаяпти. Милиция ходимларининг бундай кийимларни "ибодат либоси" деб одамларни таъқиб қилганидан бизга кўплаб шикоятлар бўлгани боис, шундай шарҳ ёзилаяпти ҳозир. Тез орада бу шарҳ эълон қилинади.

Кейинчалик бу масалада бошқа маълумот берилмади.

2016 йилда Ислом Каримов вафот этгач, президентликка келган Шавкат Мирзиёев бошқарувининг илк йилларида бу масала яна кўтарилди.

2017 йилда Адлия вазири Русланбек Давлетов “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ўзгартирилишини маълум қилганди.

Аммо фақат 2020 йилнинг августига келиб, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайтида эълон қилинди, 2021 йилда - сайлов йилига старт берилган кезда парламент лойиҳани бир ўқишда қабул қилди.

Адлия вазирлиги расмий сайтида бу ўзгартишлардан яна бир мақсад “асосан аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири, фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланишидир”, дея шарҳ берилди.

АҚШ Давлат департаменти ўтган йил декабрида Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарган.

Бироқ АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) жорий йил апрель ойида Ўзбекистонни махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатига қайтаришни тавсия қилганди.

Комиссиянинг бундай хулосага келишига асосан қонунчиликдаги муаммолар, хусусан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси халқаро стандартларга мос келмаслиги сабаб бўлгани билдирилганди.

XS
SM
MD
LG