Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Андижонлик фермерлар 30% қиммат ўғит олиш учун 26%ли кредит олишга мажбурланаяпти


Андижон тумани ҳокимлиги
Андижон тумани ҳокимлиги

Андижондаги фермерлар ҳар гектар ер ҳисобига 200 килограммдан минерал ўғит сотиб олиш учун, 26 фоизли кредитга имзо қўйишга мажбурланяпти.

Фермерларга кўра, Тошкентдаги “Садаф пласт сервис” МЧЖ томонидан Қозоғистондан олиб келинган ва вилоят ҳокимининг буйруғи билан сотилаётган фосфорли ўғитнинг нархи улар доим “Ўзагрокимёҳимоя”дан сотиб оладиган ўғитдан 30 фоизга қиммат.

Озодлик бу номли МЧЖни қидириб тополмади.

“Агробанк”нинг маҳаллий филиали бошқарувчиси фермерлар иддаосини тасдиқлади.

Андижон вилоят ҳокимлиги мулозими саволни эшитгач, ҳеч нарса демасдан алоқани узиб қўйди.

“Ўзагрокимёҳимоя” АЖ мулозими Андижонда фермерларга мажбурлаб сотилаётган минерал ўғитга уларнинг алоқаси йўқлигини айтди.

Қўрғонтепа туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғига кўра, улар фоизи баланд бўлган кредит олишга мажбурланмоқда:

“Биз фосфорли ўғитнинг бир килосини “Ўзагрокимёҳимоя”дан 3500 сўмдан олар эдик. Ҳозир эса 4600 сўмдан олишимиз керак экан. Ҳар гектар ер ҳисобига 200 килограммдан сотиб олишимиз шарт экан. Бу йил сотган буғдойимиз пули ҳали ҳам тушгани йўқ. Энди эса “Агробанк”дан 26 фоизли кредит оласан деб, туриб олишган. Учасковойлар ушлаган фермерни судраб банкка олиб боряпти ва биз токи кредитга имзо қўймагунимизча жавоб беришмаяпти”.

Қўрғонтепа туманидаги минерал ўғит олишга мажбурланган фермерлар рўйхати
Қўрғонтепа туманидаги минерал ўғит олишга мажбурланган фермерлар рўйхати

Жалақудуқ туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан яна бирининг айтишича, ҳар доим имтиёзли кредит билан олиб келинган минерал ўғитлар бирданига тижорат кредитга алмаштирилганига барча фермерлар ҳайрон қолган:

“Мен агар 30 гектар ерга буғдой экадиган бўлсам, энди ҳар гектар ерга солинадиган 200 кило ўғит учун 26 фоизли тижорат кредити олишим керак экан. Бизни шу пайтгача давлат 3 фоизли имтиёзли кредит билан минерал ўғитимизни таъминлаб келган. Масалан, энди 26 миллион сўмлик дори оладиган бўлсам, яна 26 фоиз устамаси ҳам бор уни. Пахтанинг пулидан банк ечиб олади, кейин. Барча участкавойлар фермерларни топиб, банкка олиб келишга сафарбар этилган. Мажбур банкка олиб бориб, кредит шартномасига печат бостиряпти. Фермерлар қочиб юрибди. Бу ерда қанақадир ўйин бўляпти”.

“Агробанк”нинг Андижон вилоят туманларидан биридаги филиалининг исми сир қолишини сўраган бошқарувчиси фермерлар иддаосини тасдиқлади. Унинг айтишича, вилоят ҳокимининг бу топшириғини бажармаган банк бошқарувчиларига ишдан олиниш билан таҳдид қилинган:

“Менинг билишимча, бу минерал ўғит Тошкентдаги “Садаф пласт сервис” МЧЖ орқали Қозоғистондан Андижонга олиб келинган. Вилоят филиалимизда ҳокимлик мулозимлари Улуғбек Раҳимов ва Хайрулло Солиевлар ўтган куни кечаси йиғилиш ўтказиб, барча фермер хўжаликлари раҳбарлари банкка олиб келинишини, кечаси билан ишлаб бўлса ҳам фермерлардан 26 фоизли кредит шартномасига имзо қўйдиришни талаб қилди. Биз кечаси билан фермерларни қабул қилдик. Аслини олганда, бундай қилиш ноқонуний. Чунки, ҳар йили фермерларга минерал ўғит учун 3 фоизли имтиёзли кредит ажратилади ва улар учун бу доим етарли бўлиб келган. 26 фоизлиси эса шу пайтгача бўлмаган. Лекин вилоят ҳокими айтган бўлса уни ижро қилишга мажбурмиз. Ҳоким банк фаолиятига аралашишга ҳаққи бўлмаса-да, вилоятда мутлақ ҳоким ҳисобланади. Хоҳласа бизни ишдан олиб ташлайверади”.

Андижон вилоят ҳокимлигинининг ўзини таништирмаган мулозими, фермерлар иддаоларини Озодликдан эшитганидан сўнг, ҳеч нарса демасдан алоқани узиб қўйди.

“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг мулозими Озодликдан бу муаммо тафсилотларини эшитганидан сўнг, Андижон бўлими билан гаплашиб олди ва фермерлар минерал ўғит учун 26 фоизли кредит олишга мажбурланаётганини инкор қилмади:

“Унга бизнинг ташкилотнинг умуман алоқаси йўқ. У минерал ўғит қаердан келяпти, ким олиб келяпти, бу ҳақда бизда маълумот йўқ. Биз Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган минерал ўғитларни биржадан сотиб олиб, стандарт нархларда фермерларга етказиб берамиз. Бу борада бирор марта узилиш бўлгани йўқ. Бу ҳаммаси давлатнинг назоратида. Бошқасидан хабаримиз йўқ”.

Андижон вилоятидаги давлатга қарашли муассасалардан бирида ишлайдиган мулозимнинг вилоят ҳокимлигида ишлайдиган танишининг гапига таяниб айтишича, бу фермерлар ҳисобидан катта пул қилишнинг янги усулидир:

“Танишимнинг айтишича, вилоятга 15 минг тонна аммофос Қозоғистондан келтирилади. Буни Тошкентдаги фирма билан вилоятдаги корчаллонлар ўзаро келишиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, президентимиз бир селектор йиғилишида минерал ўғитларнинг импортига чек қўйишни, ўзимизнинг корхоналар бутун республикани минерал ўғит билан ортиқча таъминлаб, экспорт қилиш қудратига эга эканликларини айтиб ўтган эдилар. Андижонда эса бошқа муҳит, бошқа ҳукмрон. Фермерга минерал ўғитни 26 фоизлик кредит билан мажбурлаб бериш, бу умуман ғайриқонуний ҳолат, фермерни талаш. Буни президентга етказиш керак”.

XS
SM
MD
LG