Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Президент янги фармон имзолади - МХХ ДХХга айланди


Ўтмишга айланган форма.
Ўтмишга айланган форма.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 14 март куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Бу ҳақда давлат телеканаллари Тошкент вақти билан оқшомги 7:30 даги информацион кўрсатувида маълум қилди.

Фармонда¸ Миллий хавфсизлик хизматининг Ўзбекистонда конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига ички ва ташқи таҳдидларга қарши кураш системасидаги роли алоҳида эътироф этилган.

Айни пайтда¸ президент имзолаган фармонда ваколатлари чегараси аниқ белгилаб берилган қонун ҳужжатлари бўлмаган ҳолда¸ миллий хавфсизликни таъминлашнинг барча аспектларини МХХга бериб қўйиш бу идоранинг Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимларининг барчаси фаолиятига аралашувига олиб келгани айтилади.

Фармонга кўра¸ МХХ фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу идора номи Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) деб ўзгартирилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳуқуқ¸ масъулият ва келишувлар бўйича МХХнинг вориси экани айтилган фармонда¸ ДХХ Ўзбекистонда конституциявий тузумни ҳимоя қиладиган, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига ички ва ташқи таҳдидларга қарши кураш олиб борадиган ваколатли орган сифатида таснифланди.

Бу хизматнинг ваколат¸ масъулият ва ҳақларини аниқ белгилаб берувчи қонунчилик базаси яратиш эҳтиëжи тилга олинган фармонда Ўзбекистон фуқаролари ҳақлари¸ эркинлик ва қонуний манфаатларини оғишмай ҳимоя қилишни кафолатлаш ДХХнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Ижроси устидан назорат Бош вазир Абдулла Арипов ва президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Маҳмудовга юклатилган фармонда¸ ДХХ раҳбариятига икки ой ичида хизмат фаолиятини ташкил этиш¸ хизмат ўқув муассасалари фаолиятини такомиллаштириш¸ давлат чегараларини қўриқлаш самарасини оширишга оид президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Ўзбекистон президенти 2018 йилнинг 31 январь куни МХХни 1995 йилдан бошқариб келган қудратли генерал Рустам Иноятовни вазифасидан озод қилиб¸ унинг ўрнига Ўзбекистон Бош прокурори Ихтиëр Абдуллаевни МХХ раиси этиб тайинлади.

МХХдаги Мирзиëев ислоҳотлари

Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешкў туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини яна бир бор кескин танқид қилган эди:

- Бизда битта ташкилот бор, миллий хавфсизлик деган жаноблар бор. Сизлар ҳаммаларинг биляпсизлар, қанақа ўзгаришлар Ўзбекистонда бўляпти. Битта давлатнинг идорасига шунча ваколат бериш, бу умуман давлатга бўлган қип-қизил хиёнатчилик¸ деган эди президент.

МХХга берилган чексиз ваколатни танқид қилган президент, тизим фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонга солиштирган эди:

- Буларга ҳеч ким бундай ваколат бермаган, лекин ўзлари олди. Битта погон кийган ноинсофларга бирорта давлатда ундай ваколат берилмайди. 37-йил ҳам бундай эмас. Шунинг учун ҳамма нарса жой-жойига, мен ҳозир айтмоқчи эмасман, уларнинг кўпи қонун олдида жавоб беришни бошлади¸ деган эди президент.

Бундан олдин 19 январь куни Сурхондарë вилояти фаоллари билан Қизириқ туманида ўтказган йиғилишда ҳам президент МХХ фаолиятини биринчи марта қаттиқ танқид қилган эди.

Президент бу каби танқидий чиқишларида МХХ юқори лавозимлиги мулозимларининг давлатга хиëнатда айбланиб¸ ҳибсга олингани¸ хусусан¸ МХХ раисининг 1-ўринбосари генерал Шуҳрат Ғуломовнинг умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганини айтиб ўтган эди.

XS
SM
MD
LG