Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Озодлик суриштируви: "МХХ ва наркотрафик" (ФИЛЬМ)


ОЗОДЛИК СУРИШТИРУВИ: МХХ ВА НАРКОТРАФИК (ВИДЕО)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:14 0:00

Озодлик икки ойдан кўпроқ вақт давомида собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) юқори лавозимли амалдорлари Афғонистондан Ўзбекистонга наркотиклар контрабандасини назорат қилганига ишора қилувчи далилларни текширишга ҳаракат қилди.

Бу текширув сўнгги бир йил ичида юз берган бир неча воқеа фонида ўтказилди.

Ўзбекистон президенти Миллий хавфсизлик хизматида коррупция авж олганини кескин танқид қилди.

Яқинда эса, коррупцияда айбланиб, қамоққа олинганлар орасида бир пайтлар Миллий хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилоятидаги энг катта таъсир кучига эга бўлган амалдорлардан бири - полковник Нодир Тўрақуловнинг ҳам борлигини Бош прокуратура тасдиқлади.

Бош прокуратура 42 яшар Тўрақулов лавозим ваколатларини суиистеъмол қилганини маълум қилиш билан чекланди.

Бироқ Озодлик билан суҳбатларда бир неча киши Нодир Тўрақулов назорат қилгани айтилаётган наркотиклар контрабандаси қурбони бўлганини иддао қилди. Бундай иддаолар Тўрақулов ҳибсга олинишидан аввал ҳам, кейин ҳам янграган.

Озодлик ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан суҳбатларда билдирилган бу иддаоларнинг ҳаммасини мустақил равишда тасдиқлатиб олишнинг иложи йўқ.

Қолаверса, бундай иддаоларни қилаётганларнинг Тўрақулов билан шахсий ҳисоб-китоб қилиб олиш истаги бўлиши мумкинлигини ҳам назардан соқит қилмаслик лозим.

Бироқ, бу иддаолардан Миллий хавфсизлик хизмати коррупциялашгани ҳақидаги Ўзбекистон президентининг фикрларини тасдиқловчи умумий манзара пайдо бўлади.

Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи информаторлардан бири - Жаҳонгир Хушшиевнинг иддао қилишича, Миллий хавфсизлик хизмати амалдорлари унга отаси юргизиб келган наркотиклар контрабандаси тармоғини тиклашни тайинлаб, босим ўтказган. Агар шу ишни қилса, наркотиклар контрабандаси билан шуғуллангани учун 20 йилга кесилиб кетган отасини қамоқдан бўшатишга ваъда берган.

Қолган икки информатор эса, Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ юқори лавозимли амалдорлари - подполковниклар Баҳром Сувонов ва Санжар Қўзиевлардир.

Ҳозирда 20 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган мазкур икки подполковникка кўра, уларни Нодир Тўрақулов наркотиклар контрабандасида айблаб қамоққа ташлаган ва шу тариқа Миллий хавфсизлик хизмати зобитларининг наркотиклар контрабандаси тармоғига қарши олиб бораётган муваффақиятли курашини тўхтатиб қолмоқчи бўлган.

Махсус суриштирувда Озодлик шу иддаоларни ўрганишга ҳаракат қилди ва "МХХ ва наркотрафик" фильми марказида шу суриштирув натижалари туради.

XS
SM
MD
LG