Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:57

Ўзбекистон: Қозоғистондаги намойишлар пайти метан газга йўқолган навбатлар қайтмоқда


Фарғона вилояти, Риштон туманида "метан"га навбат. 12 январь, 2022 йил.
Фарғона вилояти, Риштон туманида "метан"га навбат. 12 январь, 2022 йил.

Январь ойининг биринчи ўн кунлигида ўтган йил охирида Ўзбекистон бўйлаб кузатилган метан газ тақчиллиги енгиллашди.

Хусусан, Фарғона водийсида метан газ шохобчаларидаги турнақатор навбатларнинг камайгани Қозоғистонда суюлтирилган газ нархининг оширилишига қарши норозиликдан бошланган намойишлар авж паллага чиққан кунларга тўғри келди.

Қўшни давлатдаги норозиликлар манзарасида Ўзбекистон матбуотида ёнилғига навбатларнинг камайгани ва бензин нархларининг пасайгани ҳақидаги хабарлар устунлик қилгани кузатилди.

Аммо афтидан, бу узоққа чўзилмади.

Фарғонада 11 январдан бошлаб газ қуйиш шохобчаларида яна ёнилғи танқислиги вужудга келиб, бир неча километрга чўзилган навбатлар пайдо бўлди.

Ўзбекистонга импорт қилинадиган озиқ-овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотлари учун асосий транзит мамлакат ҳисобланган Қозоғистондаги воқеалар ҳозирча Ўзбекистон озиқ-овқат бозорига деярли таъсир ўтказмади. Аҳолининг асосий истеъмол маҳсулотлари бўлган ун, ёғ, гўшт нархида катта ўзгариш бўлган кузатилгани йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистонда аксар аҳолининг харид қурби пастлигича қолмоқда, одамлар ойлик маош ва нафақалари бугунги кундаги нарх-наволарга нисбатан пастлигидан шикоят қилишади.

Ўтган ҳафта мамлакатнинг ёнилғи бозоридаги монополиячиси бўлган “Ўзбекнефтгаз” АЖ бензин нархининг арзонлагани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарни рад қилди.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан Озодликка юборилган видеода метан газ қуйиш шохобчаларида автомобилларнинг бир неча километрлик навбати юзага келгани акс этган.

Исми сир қолишини сўраган ҳайдовчининг Озодликка айтишича, Қозоғистонда аҳолининг норозилик намойишлари бошланган кунларда бирданига барча шохобчаларда газ пайдо бўлиб қолди:

“Шу пайтгача танқис бўлиб турган газ бирданига келиб қолди. Шохобчалар туну-кун ишлай бошлади. Навбатлар ҳам йўқолди, ҳайдовчилар ҳам хурсанд. Энди бу аҳволни қаранг, уч кун байрам қилдик, холос. Одамлар кечалари билан навбатда туришибди. Эрталаб иш бошлаган шохобчалар соат 16да ёпиб қўйишяпти. Халқ жуда қийналиб кетди. Автомобил камлигидан “Дамас” ва таксиларнинг йўлкира нархи ҳам ошди”.

Олтиариқ туманида "метан" газга навбат.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00

8 январда ижтимоий тармоқларда АИ-80 бензини нархи пасайгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо бу хабарлар тарқалганидан сўнг орадан икки кун ўтиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати бу хабарни рад қилиб чиқди:

“Бугунги кунда биржа савдолари орқали савдога чиқарилаётган автобензин сотиб олиниб, истеъмолчига етказиб берилгунга қадар (солиқ, рентабеллик, транспорт харажатлари ва бошқа харажатлар) 6700 сўмни ташкил этмоқда.

Харажатларни камайтириш борасида қилинаётган ишларнинг самараси ўлароқ, бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли “UNG Petro” корхонаси АЁҚШларида 6500 сўмдан сотиб келинмоқда. Республика ҳудудидаги “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барча АЁҚШларда бензин шу белгиланган нархда сотилиши таъминланмоқда”.

Суюлтирилган газ арзонлади

Айни пайтда ёнилғи нархлари пасайганини Қозоғистондаги норозиликларга сабаб бўлган суюлтирилган газ нархида кузатиш мумкин.

“Ўзбекистон товар-хомашё биржаси” АЖ Матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган ҳафтада биржа савдолари натижасида суюлтирилган газ(пропан) нархи арзонлашди ва ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 2 491,1 минг сўмни ташкил этиб, метан газнинг нархига яқинлашиб қолди:

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидан бўлган тадбиркор бу ҳақда шундай дейди:

“Пропан газнинг бир килоси нархи тўрт минг сўмдан ортиқ эди. Кеча заправкага борсам тушиб, 2800 бўп қопти. Метан газ эса 2500 минг сўм. Орасида 300 сўм фарқ, холос. Аччиғим чиқиб заправшикка бақирдим, ўзи трубада оқиб келадиган метан газга юз сўм қўшиб қўйибсан, мошинада харажат қилиб олиб келадиган пропанни арзонлатибсан, қани мантиқ, дедим”.

Ун ва ёғ нархи ошмади

Сўнгги ўн кун ичида Ўзбекистондаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархида жиддий ўзгариш кузатилмади.

Озодлик мавзуни ўрганиш жараёнида фақат бир жойда, Жиззах вилоятининг Зомин туманида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи бироз пастлаганини аниқлади:

“Қозоғистондаги воқеалар бизнинг туманга қаттиқ таъсир қилдими ёки прокурор, солиқ, ИИБ ва департамент бошлиғи ўтказган рейд сабаб бўлдими нархлар бироз тушди. Қопи 280 мингдан сотилаётган ун 40 минг сўмга арзонлади, 22 минг сўмлик сотилаётган мой 18 минг сўм бўлди. Бугун ҳам бозорни айлансам, шу нарх турибди”, дейди зоминлик ўқитувчи.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида яшайдиган тадбиркор бозордаги нарх-наволарда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини айтади:

“Мол гўшти 65 минг, қўй гўшти 75 минг сўм. Беш литрлик ёғ 70 минг атрофида, ун 230 минг сўм. Хуллас, ҳеч қандай ўзгариш сезмадим”.

Озодлик Фарғона, Андижон, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах вилоятларидаги нарх-навони суриштирганда, жиддий бир ўзгариш йўқлигига гувоҳ бўлди.

Аммо тошкентлик Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, пойтахтаги нарх-наво вилоятларга қараганда анча баланд, бу айниқса, маош ва пенсияга кун кўрадиган аҳоли турмушида сезилмоқда:

“Тошкентда яхши гўштнинг нархи 70-80 минг сўм атрофида. Агар мошинангиз бўлса, ишингизга қўшимча киракашлик қилиб бир нав яшаш мумкин. Бўлмаса икки-уч жойда ишлашга тўғри келади. Поликлиникада ишлайдиган врач танишим бор, ойлиги 1 миллиону 600 минг сўм экан. Бу пул унинг борди-келдисию, тушлигига ҳам етмайдику. Шунинг учун бир-икки сўм қўл ҳаққи олишга у мажбур. Пенсиялар оз, маошлар оз, икки-учта фарзанди бор оилалар жуда қийналиб яшаётганиган ўзим гувоҳ бўляпман”.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси 2022 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари миқдорини эълон қилди. Унга кўра, бир киши учун минимал истеъмол харажатларининг янги миқдори 13,2 фоизга ошиб, 498 минг сўмни ташкил этди. Ўтган йили бу миқдор 440 минг сўмни ташкил этган эди. Айни шу сумма мамлакатда камбағалликнинг янги чегараси ҳисобланади.

2020 йил январида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда камбағаллар аҳолининг 12-15 фоизини ташкил этиши, "гап 4-5 миллион аҳоли ҳақида кетаётгани”ни айтган эди.

Ўтган вақт мобайнида камбағалларнинг аниқ сони бўйича расмий статистика эълон қилинмаган. Таҳлилчилар пандемия давом этаётган охирги икки йилда аҳолининг реал даромадлари янада пасайиб кетганини айтишади. Ўзбекистон ҳукумати коронавирусга қарши иқтисодий чоралар доирасида бюджетдан миллиардлаб доллар маблағ ажратган, аммо Озодлик суриштирувлари, жумладан, ташқи қарзларни жалб этиш ҳисобига тўпланган маблағлар, асосан давлатнинг монополист корхоналари ва ҳокимиятга яқин гуруҳлар бизнесларини қўллаб-қувватлашга сарфланганини ўртага чиқарган эди.

XS
SM
MD
LG