Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:39

Ўзбекистондаги қамоқхоналар ўзини ўзи боқишга ўтади


Президент Мирзиёев 11 августда имзолаган қарорда ички ишлар идораларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони ўташ соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чоралари белгилаб берилди.

Жазони ўташ муассасаларини босқичма-босқич бюджет таъминотидан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш – қарорда белгилаб қўйилган чоралардандир.

Ўзбекистондаги қамоқхоналар ўзини ўзи боқишга ўтади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Солиқдан озод, лекин ўзини ўзи таъминлайди

Қарорнинг 7 моддасида уқтирилишича, 2023 йилнинг 1 январигача, жазони ўташ муассасалари барча солиқлардан озод қилинади.

Кейинги моддага кўра, 2018-2022 йилларда жазони ўташ муассасаларининг капитал қурилиши ва уларни реконструкция қилиш дастури қабул қилинади.

Президент қарори жазони ўташ муассасалари қошидаги ишлаб чиқариш корхоналари ёки қишлоқ хўжалик майдонларининг келгусида кафолатли иш билан таъминланишига қонуний асос бўлиши мумкин.

Қарорда, шунингдек, ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган жазони ўташ муассасалари коммунал ҳаражатларининг баъзи турларини 2019 йилдан бошлаб ўз ҳисобидан тўлаши белгилаб қўйилган.

Истиқболда эса, ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган жазо ўташ муассасаларининг баъзиларини давлат бюджети томонидан молиялаштириш тўхтатилади. Улар тўлалигича, ўзларини ўзлари таъминлаши лозим бўлади.

"Аллақачон қабул қилиниши керак эди"

Президент қарорининг биз ўрганаётган бандларини назарда тутар экан, йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазиятни ўрганиб келаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов “Бу аллақачон қабул қилиниши керак бўлган қарордир”, деди.

- Ҳар бир колониянинг ўз ишлаб чиқариш корхонаси бор. Баъзи колонияларнинг бир неча гектарлаб ери бор. Бошқасида ғишт заводи бор. Цемент заводи борлар бор. Ҳатто чорва боқадиганлари бор, дейди Суръат Икромов.

Унинг фикрича, ҳар бир жазо ўташ муассасаси ўша корхоналар ҳисобидан ўзини ўзи таъминлаши мумкин, лекин шу пайтгача, бу тизимда томир отган коррупция туфайли, жазо ўташ муассасалари давлат бюджети зиммасида бўлиб келган.

10га ишлаб, 1 оладиган маҳбуслар

Суръат Икромовнинг айтишича, жазони ўташ тизимидаги коррупционерлар маҳбусларнинг иш ҳақини, одатда, тўлиқ тўлмай келади.

Бундан 2 йил муқаддам 48- манзил-колонияда жазо ўтаган Исроил исмли маҳбус билан боғлиқ воқеани эслар экан, Суръат Икромов бундай деди:

- Исроил эрталабдан кечгача бир ой ишлагани учун 5 минг сўм пул тўлашган экан. Биз унинг масаласини кўтарганимиз учун фақат ўша маҳбуснинг ҳисоб рақамига дарров 50 минг сўм ўтказишган.

Маҳбуснинг меҳнат ҳуқуқлари озодликдагиларники билан тенг

Президент қарорида жазони ўташ муассасаларини ўзини ўзи таъминлаш ҳақида сўз борган, лекин масаланинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси айтаётган жиҳати тўғрисида сўз йўқ.

- Чунки, - дейди Суръат Икромов, - бу масалалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексида батафсил тушунтирилган.

Масалан, Кодекснинг маҳкумлар меҳнатига ҳақ тўлашга доир 92- моддасида бундай дейилган: “Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар меҳнатига меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўланади”.

Президент Мирзиёев 11 августда имзолаган қарорда жазони ўташ муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг бошқа чоралари ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, қамоқхоналарда жазо ўтаётган маҳкумларга ўз яқинлари билан видео орқали мулоқот қилишга рухсат берилади. Лекин бу иш қачон амалга оширилиши айтилмаган.

Қарорнинг 3-, 4- ва 12- бандлари махфий эканлиги айтилган.

XS
SM
MD
LG