Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:05

OzodDayjest: “Тошкентнинг ўпкаси” ҳокимликнинг навбатдаги ўлжаси бўлиши мумкин


Тошкент ботаника боғи.
Тошкент ботаника боғи.

Декларация тизимига оид лойиҳага айрим вазирликлар эътироз билдирди. Тошкентда омон қолган саноқли яшил ҳудудлардан бири – Ботаника боғи пойтахт ҳокимлиги ўлжасига айланиши мумкин. Тарихий обида ҳудудида марҳумларни дафн қилиш ҳолати юзасидан суриштирув бошланди. Якунига етаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Аксилкоррупция агентлиги раҳбари: Декларация тизимига оид лойиҳага айрим вазирликлар эътироз билдирди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов парламентдаги йиғилишда Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизими қачон ишга тушишини маълум қилди (www.gazeta.uz, 22 декабрь).

Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромади ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган.

“Қонун лойиҳаси тайёр бўлган. Худди шунақа (коррупционерлар) реестрида бўлгани каби, айрим вазирлик ва идораларда икки-уч масала бўйича эътирозлар бўлди. Келишув бўйича қўшма ишчи гуруҳ туздик. (Келишув) якунига етиши билан лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўямиз”, деди А.Бурҳонов.

Агентлик раҳбари декларация тизимига ўтиш чўзилиб кетмаслигига ишонтирди. Унга кўра, декларация тизими базаси 2022 йилдан ишга туширилади.

“Тўғри, бугунги кундан келиб чиқадиган бўлсак, (қонуннинг қабул қилиниши) кечикиши мумкин. Қонуннинг январгача қабул қилинмаслиги эҳтимоли катта. Аммо декларация тизими барибир бўлади... 2022 йил 1 январдан ишга туширилиши (давлат хизматчиси) 1 январдан декларация топширади дегани эмас, вақт берилади. Хорижий мамлакатлар тажрибасини оладиган бўлсак, ўртача уч ойгача вақт берилади. Солиқ декларациясини 1 апрелгача топшириш керак бўлгани каби. Биз ўша муддатни бермоқчимиз”, деди у.

2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисоб рақамлари очиш ва эгалик қилиш, пул маблағларини сақлаш, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш ҳам тақиқланади.

Тошкентдаги ноёб яшил ҳудуд хавф остида экани айтилмоқда

Тошкентда омон қолган саноқли яшил ҳудудлардан бири – Ботаника боғи пойтахт ҳокимлиги ўлжасига айланиши мумкин (“Рост24”, 18 декабрь).

Боғ ҳудудида Ботаника институти, Миллий гербарий ва Ботаника музейини жойлаштириш учун янги замонавий бино қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа учун ҳали тўлиқ маблағ ажратилмаган, лекин янги йил кириши билан бу иш амалга ошиши аниқ бўлиб турибди. Қайд этилишича, қурилиш боғ ҳудудидаги дарахт ва ўсимликларга зиён келтиради.

“Марказий Осиёдаги давлатларни мисол қилиб келтирадиган бўлсак, уларнинг барчасида 2-3 тадан ботаника боғлари мавжуд. Қозоғистоннинг 4 та шаҳрида бундай боғни учратишимиз мумкин. Ўзбекистонда эса битта Ботаника боғи бор. Чет мамлакатлари яшилликни сақлаб, уларни кўпайтиришга ҳаракат қилаётган бир вақтда, биз чираниб ушбу боғни ҳам йўқ қилиш пайига тушиб қолмаяпмизми?” деб савол қўяди “Рост24” нашри.

Мақолада мамлакатда атмосфера ифлосланиши ошиб бораётган бир вақтда “Тошкентнинг ўпкаси” деб таърифланадиган ноёб боғни сақлаб қолиш лозимлигини уқтирилган.

Аввалроқ матбуот Ботаника боғида турли шовқинли тадбирлар ўтказилаётгани, ҳудуд чиқиндихонага айланганини танқид қилган эди.

Тарихий обида ҳудудида марҳумлар дафн этилаётгани кескин эътироз уйғотмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги тарихий Миздакхон мажмуаси ҳудудида замонавий қабрлар пайдо бўлаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда (“Ишонч” газетаси, 21 декабрь).

X асрга оид мажмуанинг Халифа Ражаб мақбараси қошида янги қабр учун ер сотилаётгани тахмин қилинмоқда. Қайд этилишича, баъзи одамлар ўз яқинларини мажмуанинг энг машҳур зиёратгоҳлар ёнига дафн қилишга астойдил интилмоқда. Оқибатда кўҳна обидалар атрофида қимматбаҳо тошлар ва материаллар билан безатилган дабдабали қабрлар пайдо бўлмоқда.

Археологик қазишмалар чоғи мажмуа жойлашган тепаликдан антик даврга доир эсдаликлар, шунингдек, ён-атрофидан оссуарийлар, яъни марҳумлар суяги сақланадиган идишлар топилган.

“Мажмуанинг археологик қўриқланадиган майдони 7 гектар бўлса-да, ташқарисидаги майитларни кўмиш учун рухсат берилган қарийб 70 гектарли майдондан ҳам зардуштийлик маданиятига оид эсдаликлар топилмоқда. Энг ачинарлиси, яқинда Халифа Ражаб ёдгорлиги қошида замонавий қабр қазилгани бўлди. Қўриқланадиган бу ҳудудга марҳумларни дафн этишга қандай қилиб изн берилганига ҳайронман”, дейди археолог олим Саъдулла Саипов.

Қонунчиликка мувофиқ, маданий мерос объектлари (археология обидалари) ва уларнинг муҳофаза зоналари ҳудуди қабристон учун ер участкаси сифатида ажратилиши мумкин эмас. Айни пайтда прокуратура тарихий обида ҳудудида марҳумларни дафн қилиш ҳолати юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

“Шу ўринда битта эслатма. 2017 йилда ушбу мажмуа таркибига кирадиган, XIII-XIV асрларга дахлдор Шамун-Наби мақбараси бузиб ташланиб, ўрнига янги бино қурилганди. Қисқаси, муҳим аҳамиятга эга битта қадимий ёдгорлик бутунлай йўқ қилинган эди. Лекин негадир ўшанда бу ишда айбдорлардан бирортаси ҳам жазоланмаганди. Ишқилиб, бу сафар ҳам аввалги хатолар такрорланмасин”, деб ёзади “Ишонч” газетаси.

XS
SM
MD
LG