Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Уруш, депорт ва рейдлар. Россияда яна мигрантофобия авж олмоқда - экспертлар


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Россияда марказий осиёлик мигрантларга нисбатан рейдлар давом этмоқда. Кучишлатар ходимлар барча мигрантларни текширишяпти, ҳатто масжидларга бостириб киришмоқда, бу эса чет эл фуқаролари орасида норозилик ортишига сабаб бўлаётир.

Ўтган ҳафта охирида Россия ҳукумати “Нелегал-2023” амалиёти доирасида 15 минг нафар чет давлат фуқаролари мамлакатдан чиқариб юборилганини маълум қилди.

Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигига кўра, жорий йилнинг 9 ойида 1900 нафар қирғизистонлик Россиядан депортация қилинган.

“Текширувлар тўхтамаяпти”

Бир неча қирғизистонлик Озодликнинг қирғиз хизмати билан суҳбатда текширувлар тўхтамаётганини тасдиқлади.

Таксичи Бексултон Долонбай уулу Россиядан чиқиб ва яна кириб қайддан ўтишлари учун мигрантларни чегарага элтиб қўйиш, шунингдек Москва вилоятидаги “Сахарово” миграция марказига элтиб қўйиш билан шуғулланади. Унинг айтишича, “Сахарово”да икки ойдан бери депортацияни кутиб ётган қирғизистонликлар бор.

“Кўпчиликни депортация қилишяпти. Аммо 40-45 кундан бери кутаётганлар ҳам бор. Мен уларга қариндошлари, танишларидан ул-бул олиб бориб бераман. Ушланганларидан кўпидан сохта ҳужжат топилган, яъни улар давлат базасида йўқ. Россия фуқаролигига кирганларни ҳарбий комиссариатларга олиб кетишяпти. Қирғизистон фуқароларига тегишмайди. Кўплар Қирғизистонга қайтишди. Айримлар нега депортация қилишаётганини билишмайди ҳам. Чегарадаёқ ортига қайтариб юборилганлар ҳам бор”, дейди у.

Бир йилдан бери депортация марказида ўтирган ўзбеклар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:01 0:00

Россия полицияси маълумотига кўра, “Нелегал-2023” комплекс тезкор-профилактик амалиёти мобайнида миграция қонунчилигига доир 96 мингта ҳуқуқбузарлик қайд этилиб, 15 минг нафар чет эллик мамлакатдан бадарға қилинган.

7 ноябрь куни Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волк “миграция соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бўйича ишлар мунтазам давом эттирилиши”ни айтди. Мулозимга кўра, ушбу кампания чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари федерал ва халқаро қидирувдаги 447 кишини аниқлаган.

Мигрантларга муносабат қандай?

Москвада таксичилик қилган Турат Бектенов рейд вақтида ушланиб, Қирғизистонга жўнатиб юборилган эди.

“Мени уч сутка полиция бўлимида ушлаб туришди, сўнгра судга олиб чиқишди, менга жарима ёзилди. Беш минг рубл жарима тўлаб, 10 кунлик муҳлат тугамасдан Россияни тарк этдим. Ишингиз судда кўрилаётган пайтда “мамлакатдан кетишга пулинг борми?” деб сўрашади. Агар “йўқ” десангиз аввалги ҳуқуқбузарликларингизни ҳам текшириб, сизни “Сахарова”га жўнатишади. Полиция бўлимида бизни оғир жиноят қилган жиноятчилардек сақлашди. Қўлга олишда, худди одам ўлдирган қотилни ушлагандек кишанбанд қилишади. Биз-ку майли, ёш қизларга, кап-катта аёлларга ҳам шу муомала. Оч қолдиришади, биров билан кўришишга, гаплашишга изн беришмайди. Ўшанда агар кетсам, Россияни елкамнинг чуқури кўрсин, деб қарор бергандим. Ҳозир Қирғизистонда ишлаяпман”, дейди Турат.

Екатеринбургда ишловчи Элдос мигрантлар кўп бўладиган жойларда дам-бадам рейдлар ўтказилиши ҳақида сўзлаб берди:

“Тунов куни бозорларни, мигрантлар тўпланадиган бошқа жойларни ёппасига текширишди. Қўлга тушганларни қаёққадир олиб кетиб, роса уришибди. Бозорда савдо қиладиган танишим бор, унинг қўлида ишлайдиган бир тожик йигитча ёмонроқ калтак еган экан, ҳозир касалхонада ётганмиш. Россияда ишлаш хавфли бўлиб қолди. ”Тез-тез бўлиб турадиган бунақа рейдлар юрагимизни олиб қўйди”.

Қирғизистонликларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи жамоат фаоли Чинарбек Базарбаев Москвада рейдлар чоғида ушланган аксар мигрантлар депортация қилинаётганини урғулайди:

“Мамлакатдан чиқариб юборилганларнинг 80 фоизи қайддан ўтмаган ва меҳнат шартномаси тузмаган, яъни уларнинг маълумотлари ягона базада бўлмаган. Аксарияти – қаллобларга алданган ва Россияда сохта ҳужжатлар билан ишлаб турган одамлар. Аммо, меҳнат шартномаси йўқлар “Мой налог” иловасини юклаб олиб, у орқали 4 фоизлик солиқни ойма-ой тўлаб туришганида шу ҳам меҳнат шартномаси ўрнига ўтарди”.

Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигининг Россиядаги ваколатхонасига кўра, 2023 йилнинг январ-сентябр даврида 1900 нафар қирғизистонлик Россиядан депортация қилинган. Ваколатхона раҳбари Кубандиқ Ақмамбетов Озодликка 2022 йилда Қирғизистоннинг 2200 фуқароси РФдан бадарға бўлганини, барчаси миграция қонунчилигини бузгани учун суд қарори билан мамлакатдан чиқариб юборилганини айтди.

“Нелегал” амалиёти КХШТга аъзо давлатларда миграцион вазиятни барқарорлаштириш чора-тадбирлари доирасида ўтказилмоқда. Бунақа рейдлар Қирғизистонда ҳам бўлади, охирги марта августда ўтказилганди. Амалиёт доирасида жиддий текширув бўлади, аммо ҳужжатлари жойида бўлган одамга ҳеч ким тегмайди. Чет элликлар вақтинча сақланадиган миграция марказида одам кўпайиб кетгани масаласи ҳозирда кун тартибига чиққани йўқ. Илгари бир пайтнинг ўзида 200 нафаргача мигрантлар ушлаб турилиши ҳоллари бўлган. Бугунги кунда у ерда 100 га яқин одам бор ва уларнинг барчаси суд қарорига биноан ватанларига жўнатилади”, дея изоҳ беради мулозим.

Ростов депортация марказидаги мигрантлар Ўзбекистон элчихонасидан ёрдам сўради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:49 0:00

Россияда мигрантофобия авж олмоқда

Украинада уруш бошланиши ортидан Россияда мигрантлар қувғин қилинаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Бундан айниқса марказий осиёликлар зарар кўраётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўтган ҳафтада Россия мусулмонлари диний кенгаши раҳбари Албир Крганов Россияда мигрантофобия авж олаётганидан ташвишда эканини айтганди.

РФ Жамоатчилик палатаси эса “мамлакат миллатлараро алоқаларда душманларча муомалага қайтди”, дея баёнот берди.

Аввалроқ “Справедливая Россия – За правду” партияси мактабларда мигрантларнинг фарзандлари сонини қонунчилик йўли билан чеклашни таклиф қилган эди. РФ Коммунистик партиясидан сайланган депутатлардан бири эса муқаддам Россия фуқаролигини олганларни, ҳарбий рўйхатда туришдан, ҳарбий мажбурият ёки сафарбарликдан бўйин товлаган тақдирда фуқароликдан ўчириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Думага киритди.

Ўтган ҳафта маълум бўлишича, тез орада Москва аэропортларида Россияга борган мигрантларнинг бармоқ изларини олиш ва уларни фотосуратга туширишни жорий этиш режаланмоқда. Янги тартиб, унинг ташаббускорлари фикрича, ватанида асосий шахсий маълумотлари (фамилияси, исми, ота исми ва ҳкз)ни ўзгартирган шахслар Россияга киришининг олдини олади.

Мигрантларга ҳуқуқий кўмак кўрсатувчи ҳуқуқбон Валентина Чупик Россия полицияси зуғумларидан энг кўп Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари шикоят қилишларини таъкидлайди.

Экспертларга кўра, ижтимоий тармоқлардаги “фалон этник гуруҳ оғир жиноятлар содир этганликда гумон қилинмоқда” ёки “аёллар ва болаларга яқинлашадиган мигрантларга хатарли” деган мазмунда турли хабарлар тарқалаётгани Россия жамиятида мигрантофобия кучаяётганидан далолат беради. Таҳлилчилар эса мамлакат ҳокимият эгалари айби билан уруш домига тортилгач, жамият муайян гуруҳлар орасидан “айбдорлар”ни излай бошлашини ва ўз ғазабини энг ночор ва ҳимоясиз қатламга қаратишини эслатишмоқда.

Баъзи маълумотларга кўра, Кремль ноқонуний миграцияга қарши кураш ниқоби остида, Россияда ишлаётган марказий осиёлик ва кавказлик меҳнат мигрантларини Украинага қарши урушга тортишга уриняпти. Бозор ва масжидлардаги рейдларда ушланганлар тўғри ҳарбий комиссариатга олиб борилаётгани бу фикрни тасдиқлайди.

Форум

XS
SM
MD
LG