Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:12

Термизда 8 оила 1 йил аввал пули тўланган уйига ҳужжат ололмаяпти


Термиз шаҳрида Ибн Сино кўчасида қурилган янги 38-уй
Термиз шаҳрида Ибн Сино кўчасида қурилган янги 38-уй

Сурхондарё вилоят, Термиз шаҳридаги Ибн Сино кўчасида янги қурилган 38- кўпқаватли уйда яшаётган 8 оила бир йилдан буён ипотека кредитини ололмаётгани учун квартираларини ўз номига расмийлаштира олмаяпти.

Озодлик билан боғланган икки оилага кўра, улар кредит учун дастлабки тўловни 2017 йилда "Ўзсаноатқурилишбанк"ка ўтказиб берган, аммо уларнинг буюртмаси билан қурилган уй учун банк тўлаб бериши лозим бўлган ипотека кредити ҳанузгача ажратилмаган.

Ушбу уйдан икки хонали квартира олиш умидида ўтган йили 50 миллион сўмга яқин сармоясини банкка қўйган Муниса Шарифованинг Озодликка айтишича, "Ўзсаноатқурилишбанк" раҳбарияти унинг шикоятларига аниқ жавоб бермаётир.

- Мен ёш оилаларга берилган имтиёзли кредит асосида 14 фоизлик тўлов билан ўтган йили апрелда қурувчи ширкат билан иккитомонлама шартнома тузган эдим. Ўшанда мендан жами тўловнинг 25 фоизини "Ўзсаноатқурилишбанк"ига омонат дафтарча очиб, қўйишни сўрашди, - дея ҳикоя қилади Шарифова.

Унинг даъво қилишича, ўтган йили ёзда банкка пулни омонат сифатида қўйган ва шу йилнинг июль ойида квартираси битиши билан кўчиб кирган.

- Августда қурувчилар уйни тўлиқ битказиб топширишди ва сизларга ипотека кредитини чиқариб беришади энди, дейишди. Аммо, ҳозиргача бизнинг ҳужжатларимизни банк қабул қилмаяпти. Энг ёмони, биз қурувчи билан шартнома имзолагандан бери кредитнинг фоизи ошди. Энди 14 фоиз эмас, 16 фоиз тўлайсизлар дейишди, рози бўлдик. Мана энди 20 фоиз тўлайсизлар, деяпти, - дея арз қилди Муниса Шарифова.

Унинг каби Озодликка арз қилган яна бир оиланинг даъвосича, улар билан иккитомонлама шартнома тузган қурувчи ширкат - Profgroup барча масъулиятни банкка юклаб, муаммога елка қисмоқда.

Айтилишича, Ибн Сино кўчасида қурилган жами 34 хонадондаги оилаларнинг қолган 26 таси ҳам ҳанузгача банкдан кредит шартномасини ололмаган.

Бу оилалар номидан республика миқёсидаги турли ташкилотларга қилинган мурожаатларига тегишли жавоб берилмаётганидан шикоят бўлмоқда.


"Ўзсаноатқурилишбанк"нинг Сурхондарё вилоят бўлимида айнан кредитларга масъул ходими бўлган Йўлчи Мақсудов 38-уйдаги шикоятчиларнинг арзини қисман тасдиқлади, қисман инкор қилди.

Унинг айтишича, қурувчи ширкат ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилмагани учун банк 8 оилага вақтида кредит беролмаган. Аммо, банк ходими келаси йилнинг январь ойида уларга бир йил аввалги фоиз ставкалар асосида кредит беришлишини ваъда қилди.

Мақсудов 8 оиланинг ҳар бири билан алоҳида учрашиб вазиятни тушунтиргани, ўртада ҳеч бир тушунмовчилик қолмаганини таъкидлади. Унинг даъвосича, 8 оиланинг бир йил аввал 25 фоиз ҳақи тўланган уйга эгалик ҳуқуқини берувчи бирорта ҳужжатни ҳануз ололмаганига қурувчи ширкат масъулдир.

Озодлик Profgroup қурилиш ширкатига ҳам боғланди. Ширкатнинг ўзини таништирмаган расмийси мижозлари билан айни муаммо борлигини тан олди, аммо бунинг масъулиятини банкка юклади.

Исми ошкор бўлишини истамаган ширкат вакилининг мухбир билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, аслида "Ўзсаноатқурилишбанк" уларнинг кредит учун бу йилги заҳираси битганини айтиб, 38-уйдаги мижозларга кредит беришни кечиктирган.

Аммо, айни пайтда, банк ипотека учун бериладиган кредитларнинг фоиз ставкаларини оширмоқда.

Profgroup вакилининг айтишича, ширкат ўз мижозлари билан дастлаб 16 фоизлик кредит учун шартнома имзолаган, аммо уй мижозларга топширилгач, банк фоиз ставкасини 2 фоизга оширган.

"Оилаларни рози қилиб, шартномани янгилаб топширишга мажбур бўлдик. Лекин мана ҳозиргача банк қўлимизга бирорта ҳужжат бергани йўқ", деди қурувчи ширкат вакили 4 декабрь куни.

Айни пайтда, Озодликка арз қилган оилалар ҳам "Ўзсаноатқурилишбанк" мутасаддисининг гапларини инкор қилди.

- Шахсан менга кўп ваъдалар қилишган, лекин ҳеч бирини бажармади. Лекин, январда бизга кредитни беришганда ҳам, уйларнинг нархи ошаяпти. Қурувчи энди янги нархда уй сотаман, деяпти. Ягона солиқ тўлайман, деяпти. Биласизми, худди шу банкнинг раҳбариятида ишлайдиган одамлар шу уйнинг иккинчи қаватидан уй олган, уларга кредит шартномасини ҳам беришяпти. Лекин, уй учун биринчи бўлиб ҳужжат кўтариб, югурган - менга кредит йўқ - бу адолатсизлик эмасми?! - деб арз қилди Муниса Шарифова.

Шу тариқа, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги Ибн Сино кўчасида янги қурилган 38-уйда яшаётганикки оила, ўзлари каби яна 6 оила, банк ва қурувчи ширкат ўртасида сарсон қолаётганини даъво қилмоқда.

Қуйида Муниса Шарифова билан суҳбатни тинглайсиз:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:19 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG