Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

"Зеромакс"нинг қарзларини ким тўлайди?


Миродил Жалоловга "Йилнинг энг яхши қурувчиси" мукофотини олиб берган "Форумлар саройи"нинг қарз эвазига қурилгани фош бўлди.
Миродил Жалоловга "Йилнинг энг яхши қурувчиси" мукофотини олиб берган "Форумлар саройи"нинг қарз эвазига қурилгани фош бўлди.

Жорий йил бошида ҳукумат томонидан парчаланиб¸ асосий активлари “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинги ҳисобига ўтказилган "Зеромакс"нинг айрим немис ширкатларидан қарийб 200 миллион долларлик қарзи бор ва эндиликда Германия ҳукумати Тошкентдан қарзнинг тўланишини талаб қилмоқда.


Бу ҳақдa Фарғона.ру ахборот агентлиги хабар қилди.

Агентликка кўра¸ Ўзбекистон ҳукуматининг немис компанияларига 130 миллион евро қарзи бор, бу пулларнинг каттагина қисми ҳашаматли ва қимматбаҳо объектларнинг қурилишига сарфланган. Жамоатчилик учун янгилик бўлган бу хабар Тошкентда “Ўзбекистонда Германия ҳафталиги” фестивали доирасида 29 октябрь куни ўтган иқтисодий форумда маълум бўлган.

Фарғона.ру мухбирининг ëзишича¸ Германия иқтисод ва технология федерал вазирлиги маслаҳатчиси Бернард Дух Ўзбекистон ҳукумати немис компнияларига қурилиш контрактлари¸ шунингдек етказиб берилган нефть маҳсулотлари учун 130 миллион евро қарздорлигини маълум қилиб, кутилмаганда форумдаги кўтаринки кайфиятнинг белига тепган.

“Биз Ўзбекистон ҳукуматининг бу аҳволни нормал вазият деб туриб олишига рози бўла олмаймиз, негаки бу қарздорлик мамлакатларимиз ўртасидаги йиллик ташқи савдо айланмасининг 40 фоизини ташкил этади. Ушбу контрактлар бўйича тўловлар кечиктирилаяпти, бу эса муносабатларимизга зарар етказаяпти. Тошкент ҳозир светофор каби ярқираб қолди: у Германия тадбиркорлари учун бир қизил чироқ бўлиб ёнса, бир кўкариб қолади. Биз асосан кўк чироқ ёниб туришини истар эдик”, деган ўз чиқишида Берлин вакили.

Бернард Духнинг журналистларга билдиришича¸ “Ўзбекистон” Форумлар саройи учун қарз 60 миллион евро, яъни умумий қарзнинг деярли ярмини ташкил этади. Қарзнинг 15 миллион евролик қисми президент қароргоҳларидан бири¸ яна каттагина қисми "Зеромакс" қуришни бошлаган "Бунëдкор" стадиони ҳамда "Зеромакс" учун келтирилган нефт маҳсулотлари эвазига шаклланган.

Йил бошида Тошкент шаҳар Хўжалик ишлари бўйича суд томонидан банкротга чиқарилган "Зеромакс" активлари ҳукуматга қарашли “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинги ихтиëрига ўтказилгани боис¸ Берлин ҳукумати немис ширкатига қарзини тўлаш учун ҳам ҳукумат маъсулдир¸ деган позицияда.

Ўзбекистон-Германия иқтисодий форуми чоғида кўтарилган қарз муаммоси ҳақидаги баёнотга жавобан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов “Икки мамлакат ҳукуматларнинг икки хўжалик субъектлари ўртасидаги баҳсларга аралашиши ярашмайдиган иш”, дея луқма ташлаган ҳамда баҳсли масалаларни ҳал қилиш учун муайян норматив база ва ҳакамлик суди мавжудлигини эслатган.

2009 йили "Зеромакс" ширкати бошқарувчиси Миродил Жалолов етакчилигида қурилган “Ўзбекистон” Форумлар саройининг металл конструкциялари монтажи ва ички пардозлаш ишларини бажариш учун Германия ширкатларидан бири билан шартнома тузилган. Қиммати ярим миллиард доллардан ошгани тахмин қилинадиган мазкур сарой қурилишида махсус учқичлар билан олиб келиб¸ қимматбаҳо меҳмонхоналарда ўринлашган немис ишчилари қатнашган. Афтидан¸ "Зеромакс" ширкати билан мўмайгина келишув тузган немис ширкати ҳозирга келиб чув тушиб қолган ва эндиликда Берлин ҳукумати босими орқали фақат номигина қолган "Зеромакс"дан ваъда қилинган маблағларни ундиришга уринмоқда.

Озодлик Тошкент ва Берлин ўртасида анчадан бери қуюқлашиб бораëтган яқин ҳамкорликка соя ташлаëтган мазкур қарз муаммоси ҳақидаги кенгроқ тафсилотларни ўрганиш мақсадида Германия иқтисод ва технология федерал вазирлиги матбуот хизматига сим қоқди.

Бу борада баëнот бериш учун вақт лозимлигини таъкидлаган Берлин идораси¸ саволларимизга электрон почта воситасида жавоб қайтариши мумкинлигини билдирди. Саволлар берилди¸ аммо ҳозирча Берлиндан жавоб йўқ.
XS
SM
MD
LG