Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:00

OzodDayjest: Косонсойлик "Ромео ва Жульетта" бир-бирининг жонига қасд қилди. "Ромео" тирик, "Жульетта" ўлди


Блогер сенаторга эътироз билдирди. Наманганлик севишганларнинг фожиали тақдири Ромео ва Жульеттани ёдга солди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Наманган: яқинлари турмуш қуришига қаршилик қилган йигит ва қиз бир-бирининг жонига қасд қилди

Наманган вилояти Косонсой туманида яшовчи йигит ва қиз ўзаро келишган ҳолда бир-бирининг жонига қасд қилди (www.xabar.uz, 16 сентябрь).

Маълум бўлишича, 21 ёшли И.М. (йигит) ва 20 ёшли К.М. (қиз) беш йил давомида бир-бирини яхши кўриб юрган. Аммо К.М.нинг отаси ёшларнинг турмуш қуришига розилик бермаган ва қизини бошқа йигитга унаштириб қўйган.

Ошиқ йигит 14 сентябрь куни қизнинг отаси олдига бориб, такрор унинг қўлини сўраган, аммо яна рад жавобини эшитган.

Ошиқ ва маъшуқа бундан норози бўлиб, ҳаёт билан видолашишга қарор қилган.

Дастлаб К.М. яхши кўрган йигити И.М.нинг қорин қисмига ошпичоқ билан бир маротаба уриб, сўнгра пичоқни И.М. га берган ва чавақлашни сўраган. И.М. пичоқ билан К.М.нинг қорин қисмига бир маротаба урган ва оқибатда қиз вафот этган. Йигит эса шифохонага ётқизилган.

Қайд этилишича, йигит ва қиз Косонсой тумани марказида жойлашган деҳқон бозоридан ошпичоқни 4000 сўмга сотиб олган ва “Намуна ширин” фермер хўжалиги дала майдонига бориб, шундай номақбул ишга қўл уришган.

Мазкур ҳолат бўйича прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маҳаллий матбуот ушбу фожиа “Ромео ва Жульетта” асари сюжетини ёдга солишига эътибор қаратган.

Сенатор маданият вазирлигига эътироз билдирди, сенаторга эса блогер...

Сўнгги кунларда “Браво” жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров ва хонанда Воҳиджон Исоқов карантин қоидаларига зид равишда тўй ўтказгани учун жаримага тортилди (www.qalampir.uz, 17 сентябрь).

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев маданият вазирлигига санъаткорлар масаласида сенатор сўрови юборилганини маълум қилди.

“Табриклаш учун келган ўндан ортиқ санъаткорларимиз ҳамда юзга яқин меҳмонларнинг ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш нима эканлиги ёдларидан ҳам чиқиб кетганлигини тарқалган видео ва фотолардан яққол кўриниб турибди. Аҳмад Темуров, Воҳиджон Исоқов ўрнатилган тартибда жаримага тортилганидан хабаримиз бор, бироқ бундай хатти-ҳаракатлар “тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин” деган нотўғри хулосалар шаклланишига сабаб бўлиши ёмон” , -дейилади собиқ маданият вазири, амалдаги қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаев номидан тарқатилган баёнотда.

Ушбу ҳолатга муносабат билдирган блогер Отабек Бакиров қонун-қоида барчага бирдек татбиқ этилиши лозимлигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, бутун бошли вилоят ҳокими ва сенатор Шуҳрат Абдураҳмонов карантин пайти қизининг туғилган кунини дабдаба билан нишонлангани учун сенаторлар томонидан заррача эътироз билдирилмаган бир пайтда жарима тўлаган шоу бизнес вакилига қаттиқроқ жазо талаб қилиш носамимий кўринмоқда.

“Қоида бузган шоу-бизнес вакиллари борасида маданият вазирлигига сўров юборибсиз – яхши, лекин қоида бузган вилоят ҳокими борасида нега масалан, ҳукуматга сенаторлик сўрови жўнатишни муваффақиятли тарзда эсдан чиқардингиз?” - дея сенаторни саволга тутади блогер.

Коронавирусга қарши спиртли ичимлик ичган маст ҳайдовчи жавобгарликка тортилди

Самарқанд шаҳри ЙҲХБ ходимлари томонидан 13 сентябрь куни ўтказилган навбатдаги рейд тадбирларида ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ва маст ҳолда автомобиль бошқарган бир қанча ҳайдовчилар аниқланди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизматига таяниб бир қатор нашрлар хабар берди.

Рейд давомида спиртли ичимлик ичганликда гумон қилинган ҳайдовчилар тиббий кўрикдан ўтказилганда ҳақиқатан улар маст экани аниқланган. Нима учун спиртли ичимлик ичдингиз, деган саволга ҳайдовчилардан бири хато қилганини айтиб, узр сўраган.

“Кўп ичганим йўқ. 50 грамм ароқ ичдим коронавирусга қарши. Мен ёмон иш қилганим йўқ” , - деган бошқа бир ҳайдовчи.

Маст ҳолда экани аниқланган ҳайдовчиларга қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланган.

Расмий рақамларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йил январь ойидан август ойигача 3596 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Шундан 2,4 фоиз ЙТҲ маст ҳолда автотранспортни бошқариш туфайли содир бўлган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG