Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:59

Жиззахда бюджет ходимлари ва тадбиркорлар пахта теримига мажбурланмоқда


Озодликка мамлакатнинг турли ҳудудларидан мажбурий меҳнатга оид шикоятлар келиши тўхтамаяпти. (Иллюстратив сурат)
Озодликка мамлакатнинг турли ҳудудларидан мажбурий меҳнатга оид шикоятлар келиши тўхтамаяпти. (Иллюстратив сурат)

Президент Мирзиёев БМТ минбаридан мамлакатда мажбурий меҳнат тугатилганини эълон қилганидан бир кун ўтиб, Жиззах вилоятидаги ташкилотларнинг 1030 нафар ходими пахта теримига чиқарилди.

24 сентябрь куни Озодликка боғланган жиззахлик ишчиларнинг иддаосига кўра, улар Арнасой туманидаги пахта даласига мажбуран жўнатилган.

Жиззахлик тадбиркорлар эса, пахтага одам ёллаш учун 2 миллион сўмдан талаб қилинаётганидан шикоят қилишди.

Ишчи-ходимлар пахтага мажбурланмоқда

23 сентябрь куни Жиззахдаги ташкилотлар ишчиларини пахтага ётоғи билан жўнатиш бошланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Жиззахдаги ташкилотлардан бирининг ходимига кўра, улардан пахта теримига бориш талаб қилинмоқда.

“Мажбурлаш бўляпти. Ҳар бир ташкилот ходим сонига қараб, теримчи ёллаши белгиланган. Ходим ўзи чиқади ёки ўрнига ҳашарчи чиқариши айтилди”, деди хавфсизлик сабаб исми очиқланмаслигини сўраган жиззахлик.

У Жиззах вилоят ҳокимлиги котибиятининг пахтага теримчи чиқариш борасида Телеграм орқали ташкилотлар бошлиқларига жўнатган хабарининг скриншотини Озодликка жўнатди. Бироқ манба илтимосига кўра, ушбу скриншот эълон қилинмаяпти.

Унда жумладан, шундай дейилган:

“Hozir birinchi masala pahta masalasi. Viloyat hokimi qattiq topshiriq berdi ertaga hammani odami Arnasoy tumaniga borgan bulish kk. Bilaman oson ish emas, lekin bajarish kerak” (орфография сақланди - таҳр.)

Озодлик қўлга киритган ҳужжатда Арнасой туманига теримчи жўнатиши лозим бўлган 5 та ташкилотнинг рўйхати бор.

Ҳужжатга кўра, 5та ташкилот жами 66 нафар теримчи жўнатиши лозим:

Жиззах вилоят хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси - 21 теримчи;

Жиззах вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси - 20 теримчи;

Жиззах вилояти давлат мулкини ижарага бериш маркази - 10 теримчи;

Жиззах монополияга қарши курашиш бошқармаси - 10 теримчи;

Жиззах капитал бозорини ривожлантириш бошқармаси - 5 теримчи;

24 сентябрь куни Озодлик рўйхатдаги ташкилотлар билан телефон орқали боғланганида, уларнинг барчаси Арнасойга теримчи жўнатганини тасдиқлади.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармасининг Озодлик боғланган мулозимига кўра, теримга чиқишга бириктирилган одамлар бор.

"Навбати билан чиқишади. Кеча бир қисми Арнасойга кетди. Бугун кечгача талаб қилинган 21 нафар теримчининг ҳаммаси Арнасойда бўлади”, - деди мулозим.

Арнасойга жўнатилган 5та ташкилотнинг отряд раҳбари - Жиззах вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиқ ўринбосари Суннат Мирзақобилов Озодлик боғланган пайти касалхонага келгани ва теримчилар билан боғлиқ маълумотлар ёдида эмаслигини айтиш билан чекланди.

Озодликда Мирзақобиловнинг ташкилотлар бошлиқлари билан Телеграм ёзишмаси скриншоти бор.

“Ertaga 24 sentaybr kuni viloyat hokimi Arnasoyda shtab qiladi soat 22.00da. Masala bitta terim. Bugun hamma uz terimchilarini Arnasoyga joylashtirish kerak va ertaga terim buyicha shahsan rahbar hisobot beradi” (орфография сақланди - таҳр.) дейилади Мирзақобиловнинг 23 сентябрь куни ташкилотлар бошлиқларига жўнатган хабарида.

Озодлик 24 сентябрда Арнасойдаги пахта штаби билан боғланди. Штаб ходимига кўра, вилоятнинг турли ташкилотларидан Арнасойга жами 3000 теримчи келиши режаланган.

“Ҳозирча 1030 нафари келди. Қолганлари ҳам келиб қолиши керак. Улар фермерларнинг уйларига, дала шийпонларига жойлаштирилмоқда”, - деди исми очиқланишини истамаган мулозим.

Тадбиркорларга 2 миллион сўмлик "пахта солиғи"

Айни пайтда жиззахлик тадбиркорлар пахтага одам ёллаш учун 2 миллион сўмдан талаб қилинаётганидан норози бўлиб, Озодликка шикоят қилишди.

"22 сентябрь куни туш пайти Жиззах шаҳридаги Қўшчинор (Чуқур) бозорида солиқ ва ҳокимият ҳодимлари иштирокида пахта бўйича йиғилиш қилди. Ҳар бир тадбиркорга “Пахтага ўзинг чиқ ёки одам бошига 2 миллион сўмдан бер”, дейишди. Биз дўконда 2 киши ишлаймиз, энди 4 миллион сўм беришга мажбурмиз”, - деди аноним қолиш истагини билдирган жиззахлик тадбиркор.

Озодлик бозор маъмурияти билан боғланиш имконига эга бўлмади.

Ҳокимлик: Жиззахда мажбурий меҳнат йўқ!

Жиззах вилоят ҳокимлигининг Озодлик 24 сентябрь куни боғланган мулозими вилоятда ҳеч ким пахта теримига мажбурланмаётганини таъкидлади.

“Ҳамма ўз хоҳиши билан чиқяпти. Ҳеч кимни мажбурлаб далага ҳайдамаяпмиз. Жиззахда умуман мажбурий меҳнат йўқ. Бу ҳақда ҳокимлик сайтимизда батафсил маълумот берилган. Сизга бошқа нарса айта олмайман. Ўша мақолани ўқинг”, - деди мулозим.

Ҳокимлик сайтида 24 сентябрь куни “Жиззахда пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди” сарлавҳали мақола эълон қилинган.

Мақолада айтилишича, “Жиззах вилоятида жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан назоратни таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи фаолият бошлаган”.

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни бу йилги пахта мавсумида таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимлари, ўқувчилар ҳамда талабаларни пахта теримига жалб қилинмаслиги эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан ҳокимликлар бунга масъул қилиб тайинланди.

Айни пайтда Озодликка пахта мавсуми бошланганидан буён мамлакатнинг турли вилоятларидан мажбурий меҳнатга оид шикоятлар келиши тўхтамаяпти.

Жумладан, 15 сентябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва банк ходимлари ҳам пахта теримига мажбуран юборилгани хабар қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни БМТ Бош ассамлеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат тўлиқ барҳам берилганини таъкидлади.

Жорий йилдаги пахта терими билан боғлиқ манзарани Озодликнинг PaxtaGram саҳифаси орқали кузатишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG