Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:15

Ҳужжат: Ҳукумат қарори томорқа ерларини ҳам кластерларга ихтиëрий-мажбурий бириктириш тизимини жорий қилади


Президент томорқа ерларини назоратга олишни буюргани ортидан¸ ҳокимлик¸ прокуратура¸ ИИВ ва солиқ ходимлари уйма-уй юриб¸ аҳолининг ўз томорқасига нима экаëтганини назорат қилишга жадал киришди.
Президент томорқа ерларини назоратга олишни буюргани ортидан¸ ҳокимлик¸ прокуратура¸ ИИВ ва солиқ ходимлари уйма-уй юриб¸ аҳолининг ўз томорқасига нима экаëтганини назорат қилишга жадал киришди.

Озодликка Тошкент ҳукумати мулозими томонидан юборилган қарор “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш¸ экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

216-сонли бу қарорга 2020 йил 14 апрель куни Бош вазир Абдулла Арипов имзо чеккан.

Адлия вазирлигининг Telegram канали шундай қарор қабул қилингани ҳақида ўша куни хабар берган¸ lex.uz сайти эса қарор матнини бир муддат эълон ҳам қилган эди. Аммо кўп ўтмай¸ қарорнинг тўлиқ матни жамоатчилик учун очиқ манбадан олиб ташланди.

Олти саҳифалик қарор президент Шавкат Мирзиëев 8 апрель кунги видеоселекторда берган топшириқларни амалга оширишни қонунийлаштиришга қаратилган.

Қарор мазмунидан¸ унинг коронавирус пандемияси ортидан бошланиши кутилаëтган озиқ-овқат тақчиллиги ва эҳтимолий очликнинг олдини олиш¸ ҳамда пандемия давридаги кескин чекловлар ортидан кескин кучайган камбағалликни жиловлаш эҳтиëжи турткисида туғилгани тушунилади.

Қарорнинг умум мазмунидан хабар топган оддий деҳқон ва фермерлар Озодлик билан суҳбатда¸ уни яна бир мантиқсиз маъмуриятчилик намунаси¸ аҳоли томорқаларини ҳам де факто ҳокимлар ва уларга алоқадор МЧЖ ва кластерлар тасарруфига ўтказиш уриниши сифатида баҳолади.

Бош вазир қарорида нима дейилган?

Бош вазирнинг олти бетлик қарорига кўра¸ маҳаллий ҳокимликлар ҳар бир маҳаллага ўз ҳудудида жойлашган аҳоли томорқа ерларига айнан нимани экиш ва ундан қанча маҳсулот олишни белгилаб беради. Ҳужжатда иддао қилинган мақсад - деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларидан йилига камида икки марта¸ икки баравар кўп ҳосил олишни таъминлаш.

Бош вазир қарорининг биринчи саҳифаси.
Бош вазир қарорининг биринчи саҳифаси.

Бу жараëнда¸ қарорга кўра¸ номи оддий аҳолига яхши таниш бўлмаган “Томорқа хизмати” МЧЖлари “аҳолига моддий техник ресурслар¸ биринчи навбатда¸ уруғлик¸ ëқилғи мойлаш маҳсулотлари ва минерал ўғитлар етказиб беради.

Қарорнинг иккинчи бети.
Қарорнинг иккинчи бети.

Ҳокимликлар¸ сув таъминоти оғир аҳоли пунктларида суғориш қудуқлари қазиб беради.

Фермерлар кенгаши¸ Маҳалла вазирлиги¸ ИИВ ва Солиқ қўмитаси ходимларидан тузилган ишчи гуруҳлар аҳоли томорқаларига экин экишни ташкиллаштиради.

Қарорнинг кластерларга берилган ваколатлар аҳқидаги учинчи саҳифаси.
Қарорнинг кластерларга берилган ваколатлар аҳқидаги учинчи саҳифаси.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари ҳокимликлар қарори билан мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларга “ихтиëрий асосда” бириктирилади.

Кластерлар аҳоли билан унинг томорқасига нима экиш¸ қандай парваришлаш¸ маҳсулотни саралаш¸ қайта ишлаш¸ сақлаш ва экспорт қилиш бўйича шартнома тузади.

Арипов қарорининг тўртинчи саҳифаси
Арипов қарорининг тўртинчи саҳифаси

Томорқа ерларига экиладиган уруғлик¸ кўчат¸ минерал ўғит ва бошқа моддий техник ресурларни ҳам кластерлар етказиб беради (қарорнинг тепароғида айни иш “Томорқа хизмати” МЧЖларига берилган -таҳр.).

Кластерлар томорқа ерларига агроном-мутахассисларни жалб қилади¸ томорқа эгалари малакасини ошириб боради.

Қарорнинг бешинчи бетида қонунчиликка қандай янгилик киритиш айтилган.
Қарорнинг бешинчи бетида қонунчиликка қандай янгилик киритиш айтилган.

Кластер берган уруғни у айтган вақтда¸ у берган ресурс билан¸ у айтган шаклда етиштирган деҳқон ва томорқа эгаси¸ ҳосил мавсумида шартномада кўрсатилган ҳажмдаги маҳсулотни келишилган сифатда кластерга топширади.

Бу жараëнда кластерларга хориж молия тизимлари¸ қолаверса давлат жамғармалари ҳисобидан миллиардлаб сўм маблағ ва қатор имтиëзлар берилади¸ “Томорқа хизмати” МЧЖсининг ўзига 100 миллиард сўм тегади.

Бош вазир қарорида тегишли давлат идораларига ўз ерига ҳокимлик ва кластер белгилаган экинни айтилган вақтда экмаган деҳқон ва томорқа эгаларини жазолашга ҳуқуқий асос берувчи қонун лойиҳасини тайëрлаш учун бир ҳафталик муҳлат берган.

Бу лойиҳа¸ ерига қарамаган деҳқон ва томорқа эгасини маъмурий жавобгарликка тортиш¸ профилактика инспекторлари ва маҳалла раисларига ерига қарамаганларга маъмурий жарима солиш ваколатини бериш ва маҳалла раисига ер участкасидан фойдаланмаганларга оширилган ставкадаги ер солиғи қўллаш ҳақида солиқ инспекциясига тақдимнома киритиш ваколатини беришни кўзда тутиши лозимлиги айтилган.

Қарор ижроси устидан назорат¸ унинг муаллифи деб кўрилаëтган Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноевга топширилган.

Қарор жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган 216-сонли қарор матни тўлиғича жамоатчиликка тақдим этилмаган бўлсада¸ унинг Адлия вазирлиги очиқлаган асоий жиҳатлари ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Бу мунозарада қатнашган депутат ва сиëсий партия вакиллари¸ уни иқтисодни маъмурий буйруқбозлик билан бошқариш сиëсатининг навбатдаги маҳсули сифатида баҳолади.

Томорқадан фойдаланиш аввало, манфаатдорлик, томорқа маданияти ва амалиётини ошириш ҳамда бозор механизмлари асосида шаклланади. Томорқачиликни маъмурий жазо ва қўрқитиш йўли билан зинҳор ривожлантириб бўлмайди”¸ деб ëзди ўз Телеграм каналида Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили Нуриддин Муродов.

Йиллардан бери томорқасига экин экиб келаëтганини таъкидлаган таниқли депутат Расул Кушербоев эса аҳолини ўз томорқасига экин экмасликка мажбурлайдиган сабабларни таҳлил қилади.

Аҳолини томорқасидан унумли фойдаланишга рағбатлантирадиган шароит ва бозор механизмлари йўқ бўлган бир вазиятда¸ унга маъмурий босим ўтказиш ва одамларни ерини ташлаб қўйганлик учун жазолаш¸ депутат фикрича¸ адолатдан эмас.

Деҳқонларнинг ўзи нима дейди?

Озодлик Ўктам Барноев шиддат билан ижросига киришган Бош вазирнинг 216-сонли қарори ҳақида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшовчи деҳқон ва томорқа эгалари билан суҳбатлашди.

Қашқадарëлик 63 яшар деҳқон Абдураҳмон Жўраев¸ бу қарорни “халқ устидан кулиш” деб баҳолайди.

- Сув бўлса¸ одамлар ўзи ўтирган ерга бир нарса экадида¸ сув бўлмаса нима эксин. Булар ҳозир ўзини ишлагандек¸ халқни эса¸ бошида калтак ушламаса¸ ишламайдиган ялқовдек қилиб кўрсатмоқчи бўляпти. Буларга қолса¸ халқ билимсиз¸ чаласавод¸ ишëқмас¸ текинтомоқ¸ фақат булар ишлайди. Сув доим бўлиб турса¸ халқ ҳеч қачон бир қарич ерини ҳам бекор қўймайди. Лекин май ойидан сув ëпилади. Шу билан пахтани йиғиб олгунча аҳолига сув берилмайди. Аҳоли томорқасига осилиш биринчи марта бўлаëтгани йўқ. Мустақилликдан бери ҳар йили шу аҳвол. Ҳокимият билан прокуратура ўзини группасини тузволган¸ ўқитувчи бечорани мажбурлаб уйма-уй югуртиради яна. Бугун иккитаси қўлида қоғоз-қалам билан келди. Неварам тенги болалар¸ менга нимани қачон экиб¸ қачон суғоришни ўргатадими? Тепадагилар сохта ҳужжат қилиб¸ биз фалон жойга фалон нарса эктирдик¸ биз бўлмасак¸ шу экинлар экилмасди¸ деб ҳисоб бериши керакда! Ўзи қишлоқ аҳолисига иш йўқ¸ Россияга кетганиям¸ коронавирусдан кейин қайтиб келди. Ишонгани бир қарич ери¸ шунгаям эга чиқаяпти булар.

Самарқандлик деҳқон Зафар Хандамов эса¸ Бош вазир қарори билан аҳолининг ўз ерига нима экиш эрки ҳам бутунлай тортиб олинаëтганини таъкидлайди.

- Одамлар томорқа ерига эҳтиëжидан келиб чиқиб экин экади. Масалан¸ битта-иккита қорамолингиз бўлса¸ томорқага ем-хашак учун макка ë беда экишингиз керак. Бўлмаса молингиз оч қолади. Фақат бу йил эмас¸ ўтган йилларда ҳам маҳалла раиси¸ ҳокимиятлар келиб¸ бунингни бузиб¸ одам ейдиган нарса эк¸ деб туриб олган вақтлар бўлган. Масалан¸ одамларнинг униб чиққан нарсаларини буздириб¸ мажбурлаб помидор эктиришти. Уруғи чатоқ чиқиб¸ ҳосил бўлмади. Бу йил бунақа мажбурлашни кучайтирадиган бўлса¸ ҳамма ҳам агроном эмас¸ эктирилган нарсаси ë чиқмай¸ ë ҳосил бермай¸ ҳам аҳоли¸ ҳам моллар оч қоладику!

Фарғоналик Баҳодир Элибоев ҳукумат қарори мамлакатдаги камбағаллар сонини қисқартирдик¸ деган сохта ҳисоботни тайëрлашга асос бўлишини тахмин қилади.

- Камбағалликка қарши кураш ташаббуси илгари суриляпти. Буларнинг мақсади¸ мани назаримда¸ мана шу ҳовлидан олинадиган даромадни йиллик қанча бўлишини ҳисоблаб туриб¸ жон бошига¸ яъни оила аъзолари сонига бўлиб¸ бир ойда шунча даромад олди бу оила¸ демак бу оила камбағал эмас экан¸ деган бир хулосага келиш бўлса керак. Чунки қарорнинг ўзи мантиқсизда! Ўзбек халқи ўз ерига дарахт экиб¸ сабзавот экиб¸ ëки гул экиб¸ уддасидан чиқса¸ уни сотиб келган халқ. Бунинг учун қарор чиқариб¸ унинг ижросига шунча пул сарфлашнинг кераги йўқ.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда¸ давлат жамғармасидан миллиардлаб сўмлик грант ва турли имтиëзлар берилаëтган “Томорқа хизмати” МЧЖсининг ҳокимият эгаларининг ўзига қарашли экани ҳақида ҳам фикрлар билдирилмоқда.

Озодлик улкан имтиëзлар билан янги ташкил этилган бу тармоқнинг асл эгаларига оид аниқ маълумотга ҳозирча эга эмас.

Айни шунингдек¸ пахтачилик ва буғдойчилик соҳасида аксар фермерларни хонавайрон қилгани айтилган кластер тизимининг энди аҳоли томорқаларига бириктирилиши ҳам¸ Ўзбекистон қишлоқ хўжалик тизимини ичдан билганлар таъкидича¸ “яхшилик аломати эмас”.

“Фермерларга пахта пулини икки йилдан буён тўлай олмаган кластер аҳолининг томорқасидан олган маҳсулотига пулини тўлайдими?”¸ дейди кластер туфайли касодга учраган оққўрғонлик фермерлардан бири.

- Икки йилдан бери топширган пахтангизнинг пулини бермай қочиб юрганларни нима дейсиз? Мен кластерларни мошенник дейман. Буларга мутлақ ишонмайман. Энди бечора деҳқон ëки томорқачини кластер чангалига топшириш¸ бориб турган ноинсофлик бўлади. Фермернинг қанча машаққат билан етиштирган пахтасига пул бермаган¸ содда халққа пул берармиди?

ЎзА агентлиги 2019 йил май ойида келтирган расмий рақамларга кўра¸ Ўзбекистонда 4 млн 579 минг 100 аҳоли хонадони мавжуд бўлиб, улар ихтиёрида 434,8 минг гектар томорқа ер майдони мавжуд. 2018 йилда бу кўрсаткич 445 минг гектарни ташкил этган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG