Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:01

OzodDayjest: Давлат ташкилотлари қимматбаҳо автомобилларни харид қилиш бўйича пойгага киришди


Дабдаба ва ҳашамга берилган мулозимларни давлат хизматидан четлатиш таклиф қилинди.
Дабдаба ва ҳашамга берилган мулозимларни давлат хизматидан четлатиш таклиф қилинди.

Ҳокимликларнинг 2000 тагача ноқонуний қарорлари бекор қилинаяпти. Сенат Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳамон ҳимоясиз қолаётганидан норози. Давлат ташкилотлари қимматбаҳо автомобиллар хариди бўйича пойгага киришди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Адлия вазири: “Ҳокимликларнинг 2000 тагача қарори бекор бўляпти. Юристлар қаерга қараяпти?”

Адлия вазири Русланбек Давлетов фуқаролар билан ўтказилган онлайн мулоқотда кўплаб муҳим масалалар қаторида ноқонуний чиқарилган қарорлар ҳақида гапирди (www.kun.uz, 25 ноябрь).

“Охирги 2,5 йил ичида адлия тизимидаги идоралар томонидан ноқонуний бўлаётган жараёнлар устидан 39 175 та тақдимнома киритилган. Бунинг натижасида 20 мингдан ортиқ мансабдор шахсларга нисбатан чора кўрилган. Бу ерда жуда катта жараён бўляпти; керак бўлса, қонун ҳам бузиляпти. 10 250 та ҳолатда ноқонуний чиқарилган қарорлар бекор бўляпти. Бу – 10 минг нафар одамга, 10 мингта оиланинг ҳаётига таъсир қиладиган ҳужжат дегани”, - дея вазиятни изоҳлаган Р. Давлетов.

Айни чоқда, вазир давлат органлари қабул қилаётган қарорлар қонун доирасида бўлиши лозимлигига урғу берган.

“Нима учун ўша ташкилотларда ишлаётган юристлар қонун устуворлигини таъминламаяпти? Ҳокимликларнинг 2000 тагача қарорлари бекор бўляпти. Юрист қаерга қараяпти? Нега объектив ишламаяпти?” - дея мутасаддиларни саволга тутган адлия вазири.

Сенатор: “Ҳалигача мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи тизим йўқ”

Олий Мажлис Сенатида мигрантлар бўйича парламент сўровига ҳукуматнинг жавоби кўриб чиқилди (“Маҳалла” газетаси, 26 ноябрь).

Юқори палатанинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимовнинг айтишича, сўровга мазмунан ва асосий ҳажмда жавоблар берилган бўлса-да, бир қатор муаммо ва камчиликлар етарли ёритилмаган.

Хусусан, меҳнат миграциясига оид ҳукуматлараро битимларнинг Россия ҳудудида амал қилишини таъминлаш бўйича қилинган ишлар аниқ баён этилмаган. Ҳалигача Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тизим йўқ.

Шунингдек, фуқароларни Россияда ишлаш учун ташкилий асосда юбориш даражаси ниҳоятда паст; бу эса уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Патент, тиббий кўрик, рус тили имтиҳони ва бошқа масалалар ҳалигача ечилмаган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Россия томони билан имзолаётган турли келишувлари амалда фуқаролар муаммоларини ҳал этмаяпти.

Қайд этилишича, Сенатда мазкур масалаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича қарор қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Россияда бир неча миллион ўзбекистонлик меҳнат қилиб келади. Кузатувчиларга кўра, ҳуқуқлари поймол этилаётган меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам механизмини яратиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Давлат ташкилотлари қимматбаҳо автомобиллар хариди бўйича пойгага киришди

Кейинги пайтларда ҳокимликлар ва давлат ташкилотлари янги русумдаги автомобилларни сотиб олиш мусобақасига киришиб кетди, солиқ тўловчиларнинг бу борадаги ҳақли саволларига эса асосли жавоб берилмаяпти, деб ёзади Ўзбекистон халқ демократик партияси марказий кенгаши масъул ходими Аброр Қурбонов (www.uza.uz, 24 ноябрь).

“Давлат хизматчилари томонидан амалга оширилаётган харажатларнинг барчаси – бюджет маблағлари. Бу каби мақсадсиз харажатлар йиғилиб-йиғилиб, ижтимоий тангликка олиб келиш эҳтимоли юқори. Оддий оила бошлиғи топган пулини шахсий орзу-ҳавасларига сарфлаши мумкин, бу унинг ҳуқуқи. Лекин давлат хизматчиси шахсий истаклари учун бюджет пулини сарфлашга ҳам ҳуқуқий жиҳатдан, ҳам маънавий жиҳатдан ҳаққи йўқ”, - деб ёзади ХДП масъул ходими.

Қайд этилишича, сўнгги 2 йилда бюджет маблағлари талон-торож қилиниши оқибатида етказилган зарар 2 трлн сўмдан ошган.

Маблағни ҳавога совуриш ўрнига таълим, ижтимоий соҳа ҳамда коммунал хизматларни такомиллаштиришга сарфлаш тавсия этилган.

А.Қурбоновга кўра, дабдаба ва ҳашамга берилган мулозимларни давлат хизматидан четлатиш, бунинг учун керакли меъёрларни белгилаш зарур.

XS
SM
MD
LG