Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:58

OzodDayjest: Журналистга ҳамла қилган ҳоким ўринбосари яширинча лавозимига қайтарилди


Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов.

Масъул мансабдор Ўзбекистон икки йилда тўлиқ лотин ёзувига ўтишини эълон қилди. Монопол мавқедаги “Ўзавто” ширкати гладиаторга ўхшатилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

25 йиллик дардисарлик: Автозавод аҳоли елкасига ўтириб, унинг мадорини қуритаётганини бешикдаги бола ҳам билади

Олий Мажлис депутатларининг эътирозлари ва суд даъволарига қарамай, автомобиль соҳасида монополия сақланиб қолмоқда.

“Бу жараёнлардан ҳукумат хабардорми, йўқми? Агар хабардор бўлса, сабабини тушунтириши керак. Мабодо шу заводдан тушаётган солиқ мамлакат иқтисодиёти учун сув билан ҳаводек зарур бўлса, кунимиз шунга қараб қолган бўлса, иқтисод ё молия вазиримиз тушунтириши керак… Биз эса аксинча қиляпмиз. Тушунтириш, муомала, муроса деган гап йўқ. Худди кўча қонунлари ишлаётгандай: хоҳласанг шу, хоҳламасанг, катта кўча”,- дея 25 йил дардисарликни баён этади Телеграмдаги Platforma.uz канали.

Мақолада “Ўзавто” содиқ гладиаторга менгзалган.

“Рингда мудом “ЎзАвто” ва халқ: икки таланган мардум бир-бирини талайди. Содиқ гладиатордай “ЎзАвто” хўжасини айтмайди, “оч баччағардан қоч баччағар” дегандай ҳаётдаги энг улуғ орзуси машина миниш бўлган одамлар чақадай унга ёпишади... Ҳурматли коррупционерларимиз сал уялишлари керак, олдин мумкин эди, ҳамма жой ёпиқ эди. Ҳозир буни беркитишнинг иложи қолмади. Бу завод одамларнинг елкасига ўтириб мадорини қуритаётганини ҳатто бешикдаги болалар ҳам билади”,- деб таъкидлайди Телеграм канал.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри маъмурий судининг жорий йил 30 октябридаги қарорига мувофиқ, UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасига қарши даъвосида ҳақли деб топилди.

Қўмита енгил автомобиллар нархи ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирилган дея хулоса берган ва ширкатдан нархнинг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни истеъмолчиларга қайтаришни талаб қилган эди.

Масъул мансабдор: “Лотин ёзувига ўтиш қўрқинчли иш эмас”

“Икки хил ёзувда юрган биздек давлат бирор ерда бўлмаса керак. Хоҳлаган жойингиз, хоҳлаган вазирлик ва ташкилотингизга боринг – ҳамма истаганини қиляпти. Бирор бир мантиққа тўғри келмайди. Ҳар бир давлатнинг бир тўхтамга келган ёзуви бўлиши керак”, - дейди Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов (www.kun.uz, 3 ноябрь).

Масъул мансабдор 1993 йилда лотин ёзувига ўтиш бўйича қонун қабул қилингани, аммо ҳалигача бу масала ҳал бўлмаганини қайд этар экан, “Биз ўз тарихий хатомизни тўғрилашимиз керак” деб таъкидлаган.

И.Азимовга кўра, лотин ёзувига ўтиш қўрқинчли иш эмас, унга ўтиш керак, вассалом.

“Биз жуда кўп вақт йўқотиб қўйдик. Узоғи билан 2 йил ичида лотин ёзувига ўтишимиз керак. Ҳозир бу жараёнга қайси соҳа қандай ўтиши кераклиги борасида тартиб ишлаб чиқиляпти. Бу жараёнга кўп ташкилотлар тайёр бўлган. Масалан, Халқ таълими вазирлиги тўлиқ лотин ёзувига ўтган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам шу ёзувда ишлаяпти. Ҳозир бизда жамиятнинг бошқа томонлари, масалан, матбуотни ва илмий адабиётларни тўлиқ лотин ёзувига ўтказиш иши қоляпти”, - деган марказ директори.

Журналистларга тажовузи ортидан тилга тушган ҳоким ўринбосари яна лавозимга қайтди

Kun.uz журналистларига тажовуз қилгани ва таҳририят мулкига шикаст етказгани ортидан ишдан олинган Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов яна ўз лавозимига қайтгани маълум бўлди (www.xabar.uz, 2 ноябрь).

А.Ваҳобовнинг мансаб курсисини қайта эгаллаши билан футбол бўйича миллий терма жамоа бош мураббийлиги ва умуман тизимдан четлатилган, аммо орадан кўп ўтмай номдор жамоалардан бирининг бошқарувини қўлга олган С. Бабаяннинг қайтиши муқояса этилган.

“Абдурасул Ваҳобов – Бабаяндай машҳур эмас. Аммо Kun.uz журналистларига тажовузи ортидан яхшигина тилга тушганди. Шундан кейинги шов-шувлар, айниқса, унинг ОАВ орқали журналистни далил-исботсиз, бироқ очиқ-ошкора оғир жиноятда айблаши ва, пировардида, барибир сувдан қуруқ чиқиши шуҳратига шуҳрат қўшганиям бор гап. Айни жараёнда А.Ваҳобов ишдан четлатилди (унинг хатти-ҳаракатларидан гўёки жиноят аломатларини “тополмаган” Тошкент шаҳар прокуратураси мутасаддиларидан бири “А.Ваҳобов ишдан кетишининг ўзи катта жазо” мазмунида гапириб, вазиятни хаспўшлашга урингани эсингиздадир). Бугун маълум бўлдики, бу вақтинча кўрилган чора экан”, - деб ёзади Xabar.uz.

Таҳририят А. Ваҳобовни ўз ўрнига олиб келиш пинҳона амалга оширилгани ҳамда жамоатчилик ушбу ҳодисадан 2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишини тўхтатиш халқаро куни хабардор бўлганига эътибор қаратган.

XS
SM
MD
LG