Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:02

OzodDayjest: Қашқадарё ўрмонида чиққан ёнғинда ноёб ҳайвонот оламига катта зарар етди


Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳудудида жойлашган ўрмон хўжалигида 5 гектар майдон ёниб кетди.
Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳудудида жойлашган ўрмон хўжалигида 5 гектар майдон ёниб кетди.

Таниқли актрисанинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 6 йилга кесилди. Қашқадарё ўрмонида чиққан ёнғинда ноёб ҳайвонот оламига катта зарар етди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Ўзбекистонда дастурчилар қанча маош олиши очиқланди

IT Park Ўзбекистонда дастурчилар қанча маош олиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилди (www.sof.uz, 3 ноябрь). Қайд этилишича, мамлакатда тажрибали дастурчилар ойига ўртача 1000-1500 доллар олади.

“Шахсий кузатувларимдан келиб чиқсам, мазкур саноатда бир неча йилдан бери фаолият юритиб келаётганлар 400 доллардан 800 долларгача, тавсия қилинадиган тажрибага эга бўлганлар эса 1200-2000 долларгача маош олади”,- дейди MODME техник директори ва асосчиси Руслан Йўлдошев.

Глобал бозорда бу миқдор бир неча баравар юқорини ташкил этади. Маҳаллий бозорда Frontend, Backend, PHP дастурчисининг иш ҳақи ўртача 8-10 миллион сўмдан 20-30 миллион сўмгача, 1С дастурчида 3 миллион сўмдан, Fullstack дастурчида 10-15 миллион сўмдан 20-30 миллион сўмгача бўлиши мумкин. Миқдор фарқ қилади, барчаси тажриба, иш ҳажми ва компанияга боғлиқ.

Дастурчи етарли тажрибага эга бўлмаса, иш ҳақи жуда кам бўлиши мумкин. Аммо тажриба ва билимлар ошиши билан иш ҳақи ҳам тезликда ўса бошлайди. Таъкидланишича, дастурчиларнинг маоши кейинги ўн йил ичида меҳнат бозорида ўртача иш ҳақидан ошиб боради.

Таниқли актрисанинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига қандай жазо тайинлангани маълум бўлди

Таниқли актриса Гавҳар Шарипова 2019 йил 19 ноябрга ўтар кечаси вафот этган эди. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб, марҳуманинг ўлимига сабабчи бўлган шахсга қандай жазо тайинлангани маълум бўлди (www.daryo.uz, 3 ноябрь).

Мазкур жиноят иши 2020 йил 12 июнь куни жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судида кўрилган.

Қайд этилишича, 30 яшар судланувчи Ф.Ш. 18 ноябрь куни соат 02:20 ларда Isuzu русумли юк автомашинасида Ғузор туманидаги “Карвонсарой” чойхонаси рўпарасида тўхтайди ва автоуловга Г.Шариповани йўловчи сифатида миндириб олади. Ф.Ш. йўлда Г.Шариповага тегажоғлик қилади.

Актриса машина эшигини очиб, ўзини ташлаб юборишини айтиб огоҳлантиради. Аммо Ф.Ш. аёл автомашинадан ўзини ташлаб юборишига кўзи етса-да, уловни тўхтатмайди. Оқибатда Гавҳар Шарипова юк машинасидан тушиб кетади ва воқеа жойида вафот этади.

Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айблаган Ф.Ш.га 2 йилу 6 ойга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан ҳамда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қашқадарё ўрмонида чиққан ёнғинда ноёб ҳайвонот оламига катта зарар етди

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳудудида жойлашган ўрмон хўжалигида ёнғин келиб чиқди (www.qalampir.uz, 5 ноябрь).

5 гектар майдонни қамраб олган ёнғин оқибатида ўрмон хўжалиги ҳудудидаги ноёб дарахтлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига катта талафот етган. Хусусан, тахминан 600 га яқин Зарафшон арчаси ёниб кетган. Айни пайтда зарар миқдори аниқланмоқда. Қайд этилишича, ёнғин оқибатида аҳоли орасида жабрланганлар йўқ.

Жорий йил 30 октябрь куни Китоб давлат ўрмон хўжалигида ҳам йирик ёнғин юзага келган. Ёнғин натижасида жами 11,98 гектар ер майдони зарар кўрган.

Шунингдек, жорий йилнинг 12 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Қизириқ” ўрмон хўжалигида 50 гектар майдонда, 26 июлда Самарқанд вилоятидаги “Зарафшон” табиат миллий боғида 2 минг квадрат метр майдонда, 17 июнь куни “Сурхон” давлат қўриқхонасида 35 гектар майдонда ёнғинлар кузатилгани ҳақида хабар берилган эди.

“Сурхон” қўриқхонасидаги ёнғинни ўчиришга ҳарбий вертолётлар ҳам жалб этилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG