Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:26

OzodDayjest: Тошкентдаги тўйда тўппончадан ким “ўқ узгани” маълум бўлди


Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тўй маросимида меҳмонлардан бири осмонга қарата тўппончадан ўқ узаётгани акс этган видео тарқалди.
Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тўй маросимида меҳмонлардан бири осмонга қарата тўппончадан ўқ узаётгани акс этган видео тарқалди.

Лола Каримова-Тиллаева ўзига янги тахаллус танлади. Жалолиддин Мангуберди ролига нега турк актёри танланганига ойдинлик киритилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Матбуот: Лола Исломовнага “Каримова” фамилияси ортиқчалик қиляптими?

Ўзбекистон биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўзига тахаллус танлади (www.xabar.uz, 4 октябрь).

Энди у инглиз тилида ёзадиган мақола ва тадқиқотларини “Lola Till” имзоси билан чоп этади. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги cаҳифаси орқали маълум қилди.

Ислом Каримов вафотидан сўнг Лола Каримова-Тиллаева эри ва уч нафар фарзанди билан АҚШдан қўним топиб, ўша ерда тинч ва фаровон яшамоқда.

Каримова-Тиллаева оиласи океан ортида бир нечта қимматбаҳо кўчмас мулкка эгалик қилади.

“Кичик Каримова 2017 йилдан бери Ўзбекистонга келгани йўқ. У ҳатто отасининг вафотига йил тўлиши билан ўтказилган турли тадбирларда ҳам кўриниш бермаганди. Унинг опаси Гулнора Каримова эса содир этган қатор жиноятлари учун қамоқ жазосини ўтамоқда” деб ёзади Хabar.uz нашри.

“Лола Исломовнага “Каримова” фамилияси ортиқчалик қиляптими?” дея савол қўяди интернет нашр.

Тошкент: тўйда тўппончадан ким “ўқ узгани” маълум бўлди

Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тўй маросимида меҳмонлардан бири осмонга қарата тўппончадан ўқ узаётгани акс этган видео тарқалди (“Сentralasia.media”, 5 октябрь).

Тошкент шаҳри ИИББ мазкур ҳолат бўйича маълумот берди. Ўқ узган шахс – Тошкент вилоятида яшовчи, 25 ёшли Улуғбек Солиҳов экани маълум бўлган.

Унинг сўзларига кўра, у қариндоши бўлмиш куёвга тўй куни куёвжўралик қилган.

19 сентябрь куни куёв ва унинг дўстлари Чилонзор туманига, келиннинг уйига борганда, Улуғбек кейинчалик қизиқарли ролик тайёрлаш учун бозордан сотиб олинган ўйинчоқ пластмасса тўппончани осмонга кўтарган.

Шу лаҳзалар видеооператорлар томонидан тасвирга туширилган. 4 октябрь куни кечқурун Улуғбекнинг ўзи видеони монтаж қилиб, ўқ узиш товушларини қўшган ва видеони Instagram’даги саҳифасига жойлаган. Кейинчалик у мазкур видеони интернетда тарқатган. “Мерган”га бирор чора кўрилган-кўрилмагани очиқланмаган.

Жамоатчилик: Наҳотки, ўзимизда Жалолиддин Мангуберди сиймосини гавдалантиришга қодир актёр бўлмаса?

Ўзбекистон ва Туркия киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинаётган “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериалида бош қаҳрамон ролига нима учун турк актёри танланганига ойдинлик киритилди (“Маҳалла” газетаси, 8 октябрь).

“Ўзбек актёрлари орасида истеъдодлилари бор, лекин ҳали кино соҳамиз бунга тайёр эмас. Ўзбек киноси баъзи саҳна кўринишларига ишлов беришда ҳам етарли тажрибага эга эмас. Фильмда ким бош ролни ижро этишига эмас, нима учун бу асар керак бўлиб қолди, деган саволга жавоб бериш зарур” деган сериал бош маслаҳатчиси Бобохон Муҳаммад Шариф.

Сериал ҳақида анонс берилгач, жамоатчилик орасида “Наҳотки, ўзимизда миллий қаҳрамонимизни гавдалантиришга қодир актёрлар бўлмаса?” деган эътирозлар билдирилган эди.

Аввалроқ “Жалолиддин Мангуберди образи жуда нозик ва биз уни увол қилиб қўймаслигимиз керак” деган эди Ўзбекистон маданият вазири, сериал ташкилотчиларидан бири Озодбек Назарбеков.

Сериал Туркиянинг тарихий фильмлар ишлаш борасида катта тажрибага эга “Bozdag‘film” кинокомпанияси томонидан суратга олинмоқда. Кинокартинага “Orient Finans Bank” банки ҳомийлик қилмоқда.

Фильмда Жалолиддин Мангуберди ролини турк актёри Эмре Кивилжим гавдалантирмоқда.

Хабарларга кўра, “Мендирман Жалолиддин” сериалининг биринчи фасли 13 қисмдан иборат.

Кенг жамоатчилик учун премьера 2021 йилнинг январь ойидан бошланади.

XS
SM
MD
LG