Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:08

OzodDayjest: Таниқли биолог ўзбек олимлари нега Нобель мукофоти ололмаслигини айтди


Тошкентдаги илмий тадқиқот институтининг ташландиққа ўхшаган биноси.
Тошкентдаги илмий тадқиқот институтининг ташландиққа ўхшаган биноси.

Тоғли Қорабоғ масаласида Ўзбекистоннинг расмий позициясига ойдинлик киритилди. Тележурналист Ирода Носирова қора рўйхатга тушгани ҳақида гапирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Сиёсатшунос: “Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ масаласида тўлиқ Озарбайжон томонда”

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бугунги куннинг энг муҳим воқеаси – Озарбайжон ва Арманистон зиддияти бўйича расмий Тошкентнинг позицияси қандай эканига аниқлик киритди (www.sof.uz, 30 сентябрь).

“Ўзбекистоннинг Кавказ минтақасидаги геосиёсий қарашларига хос бир неча нуқтани эслатиб ўтмоқчиман: 1) Ўзбекистоннинг барча МДҲ давлатларида элчихоналари, фавқулодда ва мухтор элчилари бор. Фақат битта давлат – Арманистон ҳудудида элчихона мавжуд эмас. Ўзбекистоннинг Арманистон билан алоқаларини таъминловчи масъул дипломатик муассаса Россия ҳудудидаги элчихона ҳисобланади; 2) Ўзбекистон давлат раҳбарлари – Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллиги даврида ташриф буюрмаган ягона МДҲ давлати Арманистондир”, - деб ёзади сиёсатшунос.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2016 йилда ҳокимият алмашгач, расмий Тошкент Кавказ ҳудудида ўз геосиёсий оҳангини қайта кўриб чиқишга мойил бўлди. Лекин бугунги кунгача Ўзбекистон Арманистон билан алоқаларини юқори даражага кўтаргани йўқ.

“Кавказ ҳудудида Ўзбекистоннинг ижобий алоқалари ва геосиёсий приоритетини қуйидагича тасвирлаш мумкин: Озарбайжон, Грузия ва Арманистон. Қорабоғ атрофидаги бугунги можаролар фонида, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидаги асосий урғу “ҳудудий яхлитлик” бўлди. Бу билан Ўзбекистон оҳиста, лекин тўлиқ Озарбайжон томонида туради” , - деб хулоса қилади К.Раббимов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 27 сентябрдан буён Тоғли Қорабоғ ҳудудида Озарбойжон ҳамда Арманистон ўртасида шиддатли қуролли тўқнашув давом этмоқда.

Таниқли биолог: “Ҳилвираётган, нураётган, шувалаётган бинода ишлаяпмиз!”

Таниқли ёзувчи ва биолог олим Бахтиёр Абдуғафур Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти биноси ўта ачинарли аҳволда экани ҳақида ёзди (www.human.uz, 28 сентябрь).

“Неча йилки ҳилвираётган, нураётган, шувалаётган бинода ишлаймиз. Олимлар ҳаммасига кўниккан, гапирган ёки ёзган билан фойда бўлмаслигини биламиз. Энг қизиғи, икки йил аввал “O’zbekiston 24” каналида институтнинг аҳволи ҳақида танқидий кўрсатув берилганди. Энди вазият ўзгарса керак деган хаёлларга ҳам боргандик. Не ажабки, танқидлар ҳавога учди-кетди”, - деб ёзади биолог олим.

Қайд этилишича, бино таъмири бир неча йилдан бери пайсалга солиб келиняпти.

“Гап давлат ёки президентда эмас. Президент Ш.М.Мирзиёев иқтидорга келган кундан бошлаб илм-фан ва олимларга эътибор ижобий томонга ўзгарди”, - деб ёзади Б.Абдуғафур.

“Шу биноларда ишлаб ўзбек олими Нобель олиши тугул, замонавий илм билан беллаша олишига кўзингиз етадими? Бўм-бўш лабораторияларда халқнинг корига ярайдиган, иқтисодга хизмат қиладиган илмий ишлар (ишланмалар, ихтирою кашфиётлар) бўлишига ишонасизми? Covid-19’га ўхшаган балою таҳдидларга бунақа шароитларда қандай чора ишлаб чиқилади? Яна бу институтда биологиянинг асосий йўналишлари – генетика, ўсимликлар селекцияси, биохимия ва физиологияси, шунингдек, патоген ва фойдали микроорганизмлар билан лойиҳалар бажарилади. Парадокс эмасми?” - дея мутасаддиларни саволга тутади тадқиқотчи.

Таниқли телебошловчи: “Бировнинг нафсини қондиришни рад этганим сабаб “запрет”га тушганман”

Журналист, актриса ва хонанда Ирода Носирова нима сабабдан телевидениеда қарийб 20 йил кўринмагани сабабини очиқлади (www.daryo.uz, 25 сентябрь).

“Ҳамма соҳа бўйича “запрет”га тушганман. Биринчи “запрет” 21 ёшимда телевидениеда ишлаб юрганимда бўлган. Сиёсий хато қилмаганман, ўша вақтда жамоанинг энг кичкинаси, энг ёш журналисти эдим... Менга ишдан ташқари таклифлар бўлган. Кимгадир йўқ деганингиздан кейин кимга ҳам ёқасиз. Телевидениега таниш-билиш орқали ёки кимдир орқали келмаганман. Нима учун ўша ишим давом этиши учун мен бировнинг нафсини қондиришим керак?” - дея тақиқ сабабига ойдинлик киритган И.Носирова.

Ушбу ҳодисадан кейин у 18 йил давомида давлат телеканалларига яқинлаштирилмаган.

“Шу таклифлардан сўнг ўз хоҳишим билан ишдан кетишга мажбур бўлганман ва бундан афсусланмайман. Балким бошқа йўлни танлаганимда мансаб пиллапояларидан юқори чиқиб, шунча вақт ишсиз юрмаган бўлар эдим”, - деган бошловчи аёл.

Ирода Носирова “Давр” информацион дастурида фаолият юритган. 18 йиллик норасмий тақиқдан сўнг 2020 йилдан Zo‘r TV каналида қайта иш бошлади.

XS
SM
MD
LG