Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:26

OzodDayjest: Россиянинг “помидор сиёсати”га жавобан Каримов доктринасини тиклаш таклиф қилинди


Россия 26 ноябрдан Фарғона вилоятида етиштириладиган помидор ва қалампирга тақиқ қўйди.
Россия 26 ноябрдан Фарғона вилоятида етиштириладиган помидор ва қалампирга тақиқ қўйди.

Фарғона вилоятида етиштирилган помидорни Россияга олиб кириш тақиқланиши ортидан иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров Москванинг “помидор сиёсати”га жавоб ўлароқ Ислом Каримов доктринасини тиклашни таклиф қилди. Бош прокурор ўринбосари сенаторга эътироз билдирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Россиянинг “помидор сиёсати”га жавобан Каримов доктринасини тиклаш керакми?

Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати 26 ноябрдан Фарғона вилоятида етиштириладиган помидор ва қалампирга тақиқ қўйди. Мазкур чеклов сабзавотларда тобамовирус аниқлангани билан изоҳланган.

Ўзбекистонлик блогерлар ушбу ҳолатга танқидий муносабат билдирди. Хусусан, иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров Москванинг “помидор сиёсати”га жавоб ўлароқ Ислом Каримов доктринасини тиклаш вақти етгандир дея савол қўйди.

“Бундай тақиқларга, масалан, Ислом Каримов пайтида биронта Кремль шпионини қўлга тушириш билан дарҳол жавоб бериларди. Анча вақтгача бундай ҳаракатлардан ўзини тийишарди. Чунки билишардики, биз улар бизга етказганидан ортиқроқ даражада зарар етказа оламиз. Умуман, Россиянинг империяча сиёсатига қарши ягона таъсирчан чора улардан кўра кўпроқ зарар етказиш мумкинлигини доимий равишда ва намойишкорона кўрсата олиш ҳисобланади”, - деб ёзади О. Бакиров.

Platforma.uz Телеграм канали эса Москвадан берилаётган бу каби сигналларни шундай изоҳлайди: “Ўзбекистоннинг Россия регионалистик геосиёсати маҳсули бўлмиш ЕОИИ бўсағасида тайсаллаб туриши, табиийки, Россия бош сиёсатчисининг асабини толиқтирмоқда”.

Светлана Ортиқова: “Прокурорлар “лайлак ҳайдаб” юргани йўқ!”

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова сенатор Абдураҳим Эркаевнинг мулоҳазаларига эътироз билдирди (www.xabar.uz, 22 ноябрь).

Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида сенатор А. Эркаев маданий мерос объектларига дахл қилган шахсларни жавобгарликка тортиш масаласида гапирар экан, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Чироқчи туманларидаги ёдгорликларга тахминан 22 миллиард сўмлик зарар етказилгани, моддий-маданий мерос объектларида ноқонуний уй-жойлар қурилганини танқид қилган эди.

Сенатор маданий объектларнинг муҳофазаси ўз ҳолига ташлаб қўйилганини айтиб, “Прокуратура органларининг хаёлига бу масала келадими?” дея савол қўйганди.

Бош прокурор ўринбосари С.Ортиқова бу саволга “прокурорлар лайлак ҳайдаб юргани йўқ” деган мазмун ва оҳангда жавоб берган.

С. Ортиқовага кўра, маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга доир қонунчилик ижроси устидан прокурорлик назорати ўрнатилган.

Масалан, шу йилнинг ўзида 45 та ноқонуний ҳуқуқий-норматив ҳужжатга протест келтирилган. Қонун бузилиши ҳолатларига олиб келган сабаб ва шароитларни йўқотишга қаратилган 106 та тақдимнома киритилган, 31 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, бош прокурор ўринбосари бу борада Маданият вазирлиги ҳузуридаги департамент ҳам самарали ишлаши лозимлигини эслатган.

Актриса Суғдиёна Азимова авария оқибатида кўрган зарарини ундира олмаётганидан ёзғирди

Актриса Суғдиёна Азимова Instagram саҳифасида автоҳалокат натижасида Lada Хray автомобили яроқсиз аҳволга келиб қолгани, суд қарори билан айбланувчи деб топилган фуқаро эса зарарни тўлаб бермаётгани ҳақида ёзди (www.daryo.uz, 25 ноябрь).

“Автоҳалокат содир бўлганига ҳам бир йил бўлди. Аммо ҳалигача айбланувчи Тошкент шаҳри Миробод тумани маъмурий суди қарори билан 70 млн сўм чиқарилган зарарни тўламаган. Инфляция ҳисобига мен ҳар куни ютқазяпман. Жиззах вилояти Бахмал тумани МИБ ходимлари Президент халқ қабулхонасига қўнғироқ қилмагунимча қарор борганини ҳам билишмади ва ниҳоят июнда уларнинг овозини эшитишга муяссар бўлдим. Минг афсуски, ҳар қўнғироқ қилганимда эрта, индин, деган гапни такрор эшитаман” , - деган С.Азимова.

Қайд этилишича, айбланувчи воқеа жойидан жуфтакни ростлаган. Маҳкама жараёнида судьянинг нимага воқеа жойидан қочиб кетдингиз деган саволига “мен каттароқ жойга ишга кирмоқчи эдим, шунга “ЧП” бўлишини хоҳламадим деб жавоб берган.

“Ҳозирда айбланувчи Тошкентда ишлаяпти. Майли, Ўзбекистон Республикаси қонун ва қарорларидан ҳам қўрқмайдиган бу “қора ботир” зўр экан, тарбия қилган отаси ва сут берган онаси аёл кишининг ҳаққидан қўрқмасмикан?! Минг афсус, онамнинг ёлғиз қиз фарзандиман, эркак киши бўлганимда, бошқача гаплашар эдим!”- деган актриса.

XS
SM
MD
LG